Жаҳон | 13:37 / 16.07.2023
28896
17 дақиқада ўқилади

Автомобиллардан дазмолгача: СССРда хориждан ўзлаштириб, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар

Ўзининг космик тадқиқотлари ва ядро қуроллари билан мақтанган советлар турли техникалар, автомобиллар ва электрон буюмлар ишлаб чиқариши билан мақтана олмасди. Ҳатто СССР энг тараққий этган 1970-80 йилларда ҳам жуда кўп буюмлар хорижликлардан ўзлаштириб ишлаб чиқарилган. Совет конструкторлари хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар ва бошқа буюмларни ўзлаштириб, ўз ихтиролари сифатида кўрсатишган.

Фотоколлаж: Kun.uz

Бугун СССР ҳақида гап кетганда ўша замонларни кўрган инсонлар доим «гугуртнинг бир тийин бўлгани» ҳақида гапиради. Аммо гап одамлар ҳаётини енгил қилиши мумкин бўлган турли технологиялар ёки буюмлар ҳақида гап кетганда улар ҳеч нарса дея олмай қолади.

Чунки дунёнинг иккинчи қутби бўлишга даъво қилган ва буни маълум маънода уддалаган ўша давлатда ядро қуроллари ва космосни татбиқ этиш дастуридан бошқа мақтанадиган ҳеч нарса йўқ эди.

Ўтган асрнинг 80-йиллар бошларида СССРга ташриф буюрган ғарблик олимлардан бири «Агар космик тадқиқотларни инобатга олмаса СССР ривожланаётган давлатлар рўйхатининг ўрталарида бўлар эди» деганида ҳақ эди.

Ўша пайтда ядро қуролларининг синови ва космик тадқиқотлар учун миллиардлаб рубл (доллар) маблағ сарфланган. Аммо аҳоли турмуш даражасини кўтариш, саноатда янги технологиялар яратиш, замонавий буюмлар ишлаб чиқариш учун ҳеч иш қилинмаган.

Узоққа бормайлик, СССР энг куч-қудратга эга бўлган 1965-1970 йилларда бу мамлакат ихтирочилари тузукроқ автомобил ярата олмай, ВАЗ заводини италияликларга қурдиради.

Завод қурилгандан сўнг 30 йил давомида СССР конструкторлари ВАЗ-2121 «Нива», ВАЗ-2108 ва ВАЗ-2109 автомобилларини яратади холос. Қолган барча моделлар италияликларники эди ва улар XXI асрда ҳам ишлаб чиқарилди.

Қолаверса, бу давлат халқаро патент идоралари билан алоқа қилмаган ва уларнинг турли эътирозларини эътиборсиз қолдириб, бошқаларнинг маҳсулотини ўзлаштириб бошқа ном остида ишлаб чиқараверган.

Шу ўринда «Шундай катта ва қудратли давлатга бошқалар ишлаб чиқарган нарсаларни ўзлаштириш нега керак бўлган? Наҳотки космик кемани ясай олган давлат оддий машинани ясай олмаса?!» деган савол туғилиши табиий.

Албатта, космик кема ясай олган давлат учун янги турдаги машина, электрон ҳисоблагич ёки оддий дазмолни ясаш осон эди. Аммо советлар тузукроқ ихтирочиларни, олимларни ҳарбий ва космик саноатга жалб қилган, бошқа техникаларни ясаб чиқариш нўноқ ихтирочиларга қолган эди. Улар учун янги нарса ихтиро қилишдан кўра хориж маҳсулотининг кўринишини озгина ўзгартириб янги ихтиро сифатида тақдим этиш осон бўлган.

Қуйида, СССР томонидан ўзлаштирилган турли хорижий маҳсулотларга назар ташлаймиз. Улар орасида автомобиллардан тортиб оддий дазмолларгача бор.

 Ford Model A, 1927 йил ва ГАЗ-А, 1932 йил

01. Ford Model A, 1927 йил ва ГАЗ-А, 1932 йил.

Келинг, мисолларни машиналардан бошлайлик. Ford Model A 1927 йилдан 1931 йилгача Ford Motor Company томонидан ишлаб чиқарилган. Бу машина асосан Генри Форд ёқтирган қора рангда ишлаб чиқарилган. Ушбу моделга ўша давр учун яхши кўрсаткич саналадиган 40 от кучига эга, ҳажми 3,28 литр бўлган тўрт цилиндрли двигатель ўрнатилган.

ГАЗ-А автомобили СССРда 1932 йилда ишлаб чиқарила бошланган. Ушбу мақоладаги бошқа мисоллардан фарқли ўлароқ, ГАЗ-А нинг техник ҳужжатлари расмий равишда Ford компаниясидан сотиб олинган ва машина совет иттифоқида лицензия асосида ишлаб чиқарилган.

Бу техника СССР расмий равишда хорижликлардан ишлаб чиқариш лицензиясини сотиб олган кам сонли ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Opel Kadett, 1937 йил ва Москвич-400, 1946 йил.

2. Opel Kadett, 1937 йил ва Москвич-400, 1946 йил.

Москвич-400 (ўнгдаги расмда) Москва автомобил заводида (ЗМА) 1946 йилдан йиғила бошланган. Бу заводдаги ускуна ва мосламалар Германиянинг Рюссельхайм шаҳридаги Opel AG заводидан товон сифатида кўчириб олиб келинган эди.

СССРда автомобил дизайни бироз ўзгартирилади ва седан варианти ишлаб чиқарилади. Қизиғи шундаки, аксарият совет фуқаролари «Москвич»-400 нинг Германияда ишлаб чиқарилган Opel Kadett эканини яқин йилларгача билишмаган.

Opel Olympia Rekord (ўнгда), 1947 йил ва Москвич-402, 1956 йил (чапда).

3. Opel Olympia Rekord (ўнгда), 1947 йил ва Москвич-402, 1956 йил (чапда).

Уруш тугагандан сўнг, АҚШ ёрдамида тез ўнгланиб олган Ғарбий Германияда автомобил саноати қайта тикланади. Жумладан, 1947 йилда Opel AG ҳам Рюссельхайм шаҳридаги заводни қайта жиҳозлаб ишга туширади. 1953 йилда завод янги модель – Opel Olympia Rekord автомобилини ишлаб чиқара бошлайди.

Қисқа муддатда автозавод ушбу турдаги машиналардан 58 000 дона ишлаб чиқариб сотишга эришади. Кўп ўтмай советлар Opel Olympia Rekord моделини ўғирлаб ўзлаштиришади ва уни «Москвич»-402 номи билан ишлаб чиқара бошлашади.

СССРда автомобил ён қанотлари шаклини бироз ўзгартириб, купе ўрнига тўрт эшикли седан ясашган. Ҳатто орқа қанотдаги хром қопламаси ҳам озгина ўзгартирилади. Ўша пайтда немислар уруш ғолиби бўлган давлатга ҳеч қандай эътироз билдира олмаган.

Ford Mainline, 1952 йил ва Волга ГАЗ-21, 1956 йил.

4. Ford Mainline, 1952 йил ва Волга ГАЗ-21, 1956 йил.

Ford Mainline 1952 йилдан 1956 йилгача Ford motors компаниясида тўрт эшикли седан ҳамда купе кўринишида ишлаб чиқарилган. Ушбу автомобил АҚШдаги ўрта синф учун мўлжалланган эди.

1956 йилдан 1970 йилгача СССРда ишлаб чиқарилган ГАЗ-21 ёки халқ тилида айттганда «Волга-21» америкаликларнинг Ford Mainline'га икки томчи сувдай ўхшаш.

Советлар америкаликларнинг автомобилини ўғирлаб ўзлаштирар экан, унинг ташқи кўринишида унча ўзгариш қилишмайди. Айниқса унинг олд қисми – панжара ва бампери Ford Mainline'даги каби деярли 1 дюймли қилиб ясалган.

Ҳатто ГАЗ-21 нинг олд капотидаги «учаётган кийик» ҳам Ford Mainline'нинг декоратив элементидан ўзлаштирилган.

Packard Patrician, 1956 йил ва Чайка, 1959 йил.

5. Packard Patrician, 1956 йил ва Чайка, 1959 йил.

СССРда хориждан нафақат кичик ва ўрта тоифали автомобилларнинг, балки юқори синфга тааллуқли бўлган машина дизайни ҳам ўзлаштирилган.

Чапдаги фотосуратда - 1956 йилда «ғайрикосмик» услубда ишлаб чиқарилган Packard Patrician. Бундай услуб ўша йилларда урфда эди. Автомобилнинг орқа қанотлари ракета қисмларига ўхшайди.

Ўнгдаги фотосуратда – СССРда КПСС бош котиблари ва партияларнинг юқори лавозимли амалдорлари фойдаланган «Чайка» машинаси тасвирланган.

Чайка дизайни Packard Patrician'га жуда ўхшашлигидан ташқари, ҳатто машинага ёзилган шрифтни ҳам бир хилда ёзишган. Агар суратларни яқинлаштириб кўрсангиз бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Fiat-125, 1967 йил ва ВАЗ 2103, 1972 йил.

6. Fiat-125, 1967 йил ва ВАЗ 2103, 1972 йил.

Fiat-125 автомобили илк бор Италиянинг Fiat компанияси томонидан 1967 йилда ишлаб чиқарилган. 1960-йилларнинг иккинчи ярмида бундай машиналар 50-йиллардаги машиналарга қараганда ғайриоддий ва жуда замонавий кўринишга эга бўлган.

Ўша пайтда СССР раҳбарияти томонидан замонавий автомобил ишлаб чиқарувчи автозавод қуришда ҳамкор сифатида Fiat компаниясининг танланиши ҳам айнан шу замонавий моделлар учун эди.

Ушбу автомобил Италиянинг ўзида бир нечта кўринишда ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари у Польшада ҳам лицензия асосида Polski Fiat 125 номи остида йиғилган.

ВАЗ-2103 «Жигули», Fiat билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган Fiat-125'нинг ўзи. Fiat-125 Италияда қандай чиқарилган бўлса, ВАЗ-2103 «Жигули» Самара вилоятида италян коммунисти Палмиро Толятти номи қўйилган шаҳардаги заводдан шу кўринишда чиқарилган.

Chrysler Simca 1307, 1975 йил ва Москвич-2141, 1986 йил.

7. Chrysler Simca 1307, 1975 йил ва Москвич-2141, 1986 йил.

Chrysler Simca 1307 1975 йилдан 1986 йилгача АҚШга тегишли Chrysler компаниясинг Европадаги Chrysler Europe бўлими таркибига кирувчи Франциянинг Simca автозаводларида ишлаб чиқарилган.

1986 йилда ушбу автомобил ишлаб чиқаришдан олиб ташланган. Айнан ўша йилда СССРда Москвич-2141 хетчбекини ишлаб чиқариш бошланади. Бу машина Chrysler Simca 1307 машинасига жуда ўхшаш эди.

Ўшанда СССР Chrysler компаниясидан ҳеч қандай лицензия олмаган. Москвич-2141 Россияда 2002 йилга қадар ишлаб чиқарилган.

Leica 2, 1932 йил ва ФЭД, 1934 йил.

8. Leica 2, 1932 йил ва ФЭД, 1934 йил.

Чапдаги фотосуратда – 1932 йилда Германияда ишлаб чиқарилган Leica 2 фотоаппарати. Ўнгдаги фотосуратда – 1934 йилда СССРда ишлаб чиқарилган ФEД фотоаппарати.

Фотосуратларга эътибор берилса СССРда немислар фотоаппарати ҳеч бир ўзгаришларсиз ишлаб чиқарилганини кўриш мумкин. Ҳатто, фотоаппаратнинг тепасидаги ўйиқ ёзувларгача бир хил.

Grundig TK820, 1955 йил ва Мелодия МГ-56, 1956 йил.

9. Grundig TK820, 1955 йил ва Мелодия МГ-56, 1956 йил.

Чапдаги фотосуратда – немислар томонидан 1955 йилда ишлаб чиқарилган Grundig TK820 магнитофони. Ўнгдаги фотосуратда – 1956 йилда Новосибирск машинасозлик заводида ишлаб чиқарилган Мелодия МГ-56 магнитофони.

СССРда немисларнинг магнитoфони ҳеч бир жойи ўзгартирилмасдан ва рухсат ҳамда лицензия олмасдан ишлаб чиқарилган.

Sharp Compet CS-30A, 1967 йил ва Электроника ДД, 1968 йил.

10. Sharp Compet CS-30A, 1967 йил ва Электроника ДД, 1968 йил.

Иккинчи жаҳон урушида енгилиб, вайрон бўлган Япония Ғарб давлатлари ёрдамида тезда ўзини ўнглаб олади ва кўз кўриб, қулоқ эшитмаган электроника буюмлари ишлаб чиқара бошлайди.

Шу сабабли 1960-йилларга келиб дунёда «япон мўъжизаси» ибораси пайдо бўлади. Ўшанда японлар электроника соҳасида бошқалардан икки қадам олдинга ўтиб кетган эди. Айниқса электрон ҳисоблаш машиналари ишлаб чиқаришда уларнинг олдига тушадиган топилмасди.

Чапдаги фотосуратда – Япониянинг Sharp компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Sharp Compet CS-30A электрон ҳисоблаш машинаси (ЭҲМ).

Ўнгдаги фотосуратда – 1968 йилда СССРда ишлаб чиқарилган Электроника ДД электрон ҳисоблаш машинаси.

Иккита қурилма кўринишидан ва калитларнинг жойлашуви ҳамда сони бўйича ҳам бир-бирига жуда ўхшаш. Советлар бу ЭҲМни японлардан рухсат олмасдан ишлаб чиқаришган.

Clem, 1954 йил ва УЭ-4, 1967 йил.

11. Clem, 1954 йил ва УЭ-4, 1967 йил.

Чапдаги фотосуратда Clem дазмоли. У Буюк Британиянинг A. B. Metal Products Ltd компанияси томонидан 1954 йилда ишлаб чиқарилган. Ўнгдаги фотосуратда – СССРда ишлаб чиқарилган УЭ-4 дазмоли.

Ўзлаштириш бундан ортиқ бўлмаса керак?! Қизиғи, ҳар доим хориж маҳсулотини янги ишлаб чиқарилганидан ўзлаштирадиган советлар бу дазмол масаласида ундай йўл тутмаган. У хорижда ишлаб чиқарила бошлангандан 13 йил ўтиб ўзлаштирилган. Албатта, рухсатсиз ва лицензиясиз.

Sharp EL-805, 1973 йил ва Электроника БЗ-04, 1974 йил

12. Sharp EL-805, 1973 йил ва Электроника БЗ-04, 1974 йил

Юқоридаги фотосуратларда СССРдаги ўзлаштиришнинг яна бир намунаси кўрсатилган. Чапдаги фотосуратда – Япониянинг Sharp компанияси томонидан 1973 йилда ишлаб чиқарилган Sharp EL-805 электрон ҳисоблагичи.

Ўнгдаги фотосуратда – СССРда 1974 йилда ишлаб чиқарилган Электроника БЗ-04 электрон ҳисоблагичи. Ўхшашлик тасодиф эмас. Советлар япон электрон ҳисоблагичини рухсатсиз ва лицензиясиз кўчиришган.

Casio FX-700P, 1983 йил ва Электроника МК-85, 1986 йил.

13. Casio FX-700P, 1983 йил ва Электроника МК-85, 1986 йил.

Чапдаги фотосуратда – Япониянинг Casio компанияси томонидан 1983 йилда ишлаб чиқарилган Casio FX-700P электрон ҳисоблагичи. Ўнгдаги фотосуратда – СССРда 1986 йилда ишлаб чиқарилган Электроника МК-85 электрон ҳисоблагичи.

Айрим кичик ўзгаришларни айтмаса ҳар икки электрон ҳисоблагич айнан бир хил. Ким кимдан кўчиргани эса шундоқ ҳам маълум.

Nintendo, EGG, 1981 йил ва «Ну, погоди!», 1984 йил

14. Nintendo, EGG, 1981 йил ва «Ну, погоди!» 1984 йил.

СССРда хориждан нафақат автомобилар, уй-рўзғор буюмлари ва электрон ҳисоблагичлар балки электрон ўйинлар ҳам кўчирилган.

Чапдаги фотосуратда – японлар томонидан ишлаб чиқарилган Nintendo, EGG болалар электрон ўйинчоғи. Ўнгдаги фотосуратда – СССРда ишлаб чиқарилган «Ну, погоди!» болалар электрон ўйинчоғи.

Агар ҳар иккала ўйинчоқдаги ёзувлар олиб ташланса улар бир хил бўлиб қолади. Японлар ўйинчоғида бўрининг бош қаҳрамон қилиниши, СССРдаги ишлаб чиқарувчиларга қўл келади. Совет «ихтирочи»лари ўйинни ўзлаштириб, унга қуён образини қўшади ва шу тариқа «Ну, погоди!» электрон ўйинчоғи пайдо бўлади.

StG44, 1944 йил ва «Калашников» 1949 йил.

15. StG44, 1944 йил ва «Калашников» 1949 йил.

Бугун «Калашников» дейилса бу қуролни дунёнинг барча бурчакларида билишади. Совет конструктори Михаил Калашников томонидан ихтиро қилинганига 70 йилдан ошган ушбу автомат ҳанузгача ишлаб чиқарилади. Ушбу қурол бир пайтлар дунёдаги энг мукаммал автомат ўқ отиш қуроли деб топилган.

1990-йиллардан сўнг Калашников бу қуролни ўзи ихтиро қилмагани, балки 1945 йилдан кейин мажбурий тарзда СССРга олиб келиб ишлатилган немис конструктори Ҳуго Шмайссернинг ихтироси эканлиги ҳақида гап-сўзлар чиқади. Ўша гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқинлиги бироз баҳсли масала.

Аммо Шмайссер ва Калашников томонидан ихтиро қилинган қуролларга қараб ҳам кўп нарсани англаса бўлади. Ҳар иккала қурол бир-бирига жуда ўхшаш ва буни тасодиф деб бўлмайди.

Юқоридаги фотосуратда – Шмайссер 1944 йилда ихтиро қилган StG44, пастдаги суратда – Калашников 1947 йилда ихтиро қилган «Калашников» автомати.

Ҳуго Шмайссер СССРда 1952 йилгача мажбуран ишлатилади. 1952 йилда Германиянинг шарқий қисми социалистик йўлдан кетиши узил-кесил аниқ бўлганидан кейин уни ватанига жўнатиб юборишади.

Шунингдек, СССРда иккинчи жаҳон уруши пайтида АҚШдан Ленд-лиз дастури асосида ёрдам тариқасида юборилган иккита машина ўзлаштирилади.

Жумладан, Willys MB йўлтанламаси УАЗ, Studebaker US6 юк машинаси ГАЗ-51 номи билан ишлаб чиқарилади.

Америкаликлар ишлаб чиқарган ва уруш пайтида  СССРга ёрдам тариқасида берилган Willys MB йўлтанламаси.
Урушдан сўнг советлар ишлаб чиқарган ГАЗ-67 машинаси

Шунингдек, 1960-йиллар охири, 1970-йиллар бошида Франция ва Британия авиасозлари томонидан ишлаб чиқарилган «Конкорд» самолёти Ту-144 кўринишида ўзлаштирилган.

Бунда советлар «Конкорд»нинг ички ва ташқи кўринишини ўзлаштиришади, бироқ унга ўрнатилган реактив двигателни ўхшата олишмайди. Шу сабабли Ту-144 самолётлари бор-йўғи 2-3 йил давомида бир нечта парвозни амалга оширади ва кейин фойдаланишдан чиқарилади. «Конкорд» самолётлари эса 2012 йилгача парвоз қилади.

Франция ва Британия авиасозлари ҳамкорликда ишлаб чиқарган «Конкорд» самолёти
Фото: kolyan.net
СССРда ишлаб чиқарилган Ту-144 самолёти
Фото: bun.com.ua

Бундан ташқари, 1980-йилларнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқарилган ягона нусхадаги кўп марта фойдаланишга мўлжалланган «Буран» космик кемаси ҳам америкаликларнинг кўп марта фойдаланса бўладиган «Колумбия» шатлига жуда ўхшаш эди.

Америкаликларнинг «Колумбия» космик кемаси
Фото: alamy.com
СССРда ясалган «Буран» космик кемаси. У америкаликларнинг «Колумбия» космик кемасига бир томчи сувдай ўхшаш.

Америкаликлар «Колумбия» шатлининг синов парвозини 1981 йилда муваффақиятли амалга оширишади ва космосга учишда ундан фойдалана бошлашади. Советлар эса «Буран»нинг синов парвозини 1988 йилда ўтказишади. Бироқ космик кема қўнаётганда унда техник носозликлар кузатилади ва «Буран» бошқа парвоз қилмайди.

Советлар иккинчи парвозда космик кема ҳалокатга учраса америкалик рақиблари олдида шарманда бўлишдан қўрқишади. Узоқ вақт Бойқўнғир космодромида қолган ва яроқсиз ҳолга келган «Буран» кейинчалик Россияга олиб чиқиб кетилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид