Интервю: Миллат зиёлилари уйқудами?
Kun.uz'да навбатдаги интервью ўзбек зиёлилари, улар ва ҳукумат ўртасидаги муносабат, шунингдек, бу доира кишиларининг давом этаётган сукути, воқеа-ҳодисаларга бефарқдек кўринаётгани ҳақида бўлди.
Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ, этнопсихолог Зиёда Расулова ва файласуф Хуршид Йўлдошев шу масаладаги ўз қарашлари билан ўртоқлашди.
— Зиёли одамлар ўзи ким? Уларни бирлаштирувчи умумий мезонлар қандай?
Зиёда Расулова:
— Бу масала юз йил илгари жадидчилар томонидан ҳам кўтарилган. Мустафо Чўқай зиёли одам ҳақида фикр юритаркан, шундай дейди: «Биз ҳар қандай ўқиган одамни зиёли деб аташимиз мумкинми? Йўқ, бу савол осондек бўлса-да, жавоби қийин. Зеро, зиёлилик таҳсил олганлик билан ўлчанмайди. Зиёли инсонларни эса ғоя бирлаштиради...»
Даврдан келиб чиқиб зиёли қатламнинг тушунчалари, ғоялари ҳар хил бўлган. Зиёлиларни бирлаштирувчи нарса — ғоя мавжудлиги. Биз олий маълумотли одамларни салоҳиятли дейишимиз мумкин, лекин фақат маълумотига қараб зиёли деёлмаймиз. Зиёли қатлам диплом билан ўлчанмайди. Зиёлилар жамиятнинг, халқнинг локомотиви.
Зиёли инсонни салоҳиятли инсондан ажратувчи нарса — ички эркинлик. Эркинликни йўқотиш зиёли учун ўлим билан баробар. У қолипларга солинса, чекланса, азобланади. Нотўғри тизимлар бўлса, халқ қийналса, биринчи бўлиб исён қиладиганлар зиёлилар бўлади. Қурол кўтариб чиқмайди улар, ёзувчи бўлса ёзади, нотиқ бўлса, гапиради, яъни ўз имконияти доирасида исён қилади.
Хуршид Йўлдошев:
— Зиёли одам. Бунга аниқ бир таъриф беролмайман. Лекин зиёли инсонга таъриф келтираётганда баҳо субъектик ҳам бўлмаслиги керак. Биринчидан, интеллектуал шахс бўлиши, ижтимоий ғояга эга бўлиши ва ижтимоий фаол бўлиши керак. Бошқа ҳамма хислатлар бўлса-ю, ижтимоий фаол бўлмаса, у одамни зиёли деб бўлмайди.
Яна бир жиҳат бор. Дейлик, бир зиёли дейилаётган одам миллатчи бўлса, империалист бўлса, уни ростдан зиёли деб бўладими? Масалан, баъзи немис файласуфлари миллатчи бўлган. 60-йилларда Америкада коммунистларга жуда ёмон кўз билан қарашган. Шунинг учун ҳам бу томондан қандайдир мезонлар қўйиш мушкул бўлиб қолади.
Ҳамид Содиқ:
— Бу мавзу анча катта. Сиёсатшунос сифатида олимларни тизимлаштирилган, мураккаб информацияли кишилар деб биламан. Яъни улар давлат томонидан ёғдирилган информацияни тўғридан тўғри қабул қилмайди, синтезлаб ўзи истаганини олади. Зиёли инсон ўзини ўзи форматлайди, идора қилади. Аммо ҳали бу мезон зиёли дейиш учун тўлиқ етарли эмас. Зиёли одам ўзи олган информациялари билан ўз тафаккурида янги информациялар яратади. Фикр кимёгари бўлади. Ўз-ўзидан бундай одамлар атрофидагиларни ҳам информациялайди. Шунинг учун институционаллашган инсон сифатида давлатга ёқмайди зиёлилар. Олимнинг фикри янги бўлгани учун зиддиятли бўлиб кўринади давлатга. Ҳақиқий олимларнинг ҳаммаси зиддиятли.
Зиёли одам жамиятга янги фикр беради, ўзини информациялашларига йўл қўймайди. Мана шу жиҳатдан олиб қаралса, зиёли одам картинаси тўлиқроқ бўлади.
— Нормал жамият, нормал давлат бошқарувида зиёлининг ўрни қандай бўлиши керак? Бу борада бугун дунёдаги демократик давлатларда вазият қанда-ю, Ўзбекистон бошқарувида қандай?
Шунингдек, давлат ва жамият бошқарувида зиёли қатлам тавсиялари, фикрларига таянмасликнинг оқибати қандай бўлиши мумкин?
Ҳамид Содиқ:
— Зиёлилар давлатни ҳам, жамиятни ҳам зўриқтиради. Чунки улар янги ғоя беради. Янги ғоя эса комфорт ҳудуддан чиқаради. Демократик давлатларда зиёлиларга нисбатан муносабат яхши. Яъни бундай давлатларда алтернатив нуқта қидирилади ва буни олимлар беради. Бир жойдан иккинчи жойга силжиш учун алтернатив нуқта зарур. Олимлар ҳали жамият бормаган нуқталарга боради ва жамиятни шу жойга чақиради. Коммунистча қарашда зиёлиларга ўрин йўқ эди. Тарихан бизнинг тафаккурга ҳам сингиб қолган.
Сиёсий тизимда циркуляция бўлмас экан, олимларга қарши курашилади. Дейлик, Шимолий Корея, баъзи Африка давлатлари ва атрофимиздаги авторитар давлатларда шундай. Янги фикр ўзи билан янги инсонларни олиб келади, янги инсонлар эса омма кўз ўнгида сиёсийлашади. Бу эса табиий равишда циркуляцияни олиб келади. Шунинг учун доим олимлар билан курашилган авторитар давлатларда.
Зиёда Расулова:
— Ҳайекнинг «Қулликка йўл» асарида ҳокимият тепасига зиёли бўлмаган одамлар қандай келиб қолишига сабаблар келтирилган: зиёлилар бирлашиши қийин бўлган қатлам ва ҳар бирининг ўз ҳақиқатлари бор. Зиёли қатлам ўзидан маърифатсизроқ одамларга бўйсунишни истамайди. Ҳар битта буйруқни шубҳа ичига олади ва бундай одамлар сиёсий ўйинларга чидаб туролмайди.
Хуршид Йўлдошев:
— Ғарбда зиёлилар ҳар хил фаол ижтимоий-сиёсий ҳаракатларнинг аъзоси ҳисобланади. Ҳаракат фаоллари намойишлар қилади ва уларнинг интеллектуал аъзолари ҳам бор, бу — зиёлилар. Улар доим чиқишлар қилади, интервьюлар беради. Буларнинг бари сўз эркинлиги таъминланганидан. Бирор соҳа бўйича эксперт муаммони айтадиган бўлса, зиёлилар бутун жамият олдига кун тартиби сифатида қўёлади ўша муаммони.
Биздаги бошқарувда зиёлилар фикри унчалик муҳим эмас, менимча. Бу ҳам фуқаролик жамияти билан параллел ривожланадиган нарса. Одатда зиёли ўз фикрини айтади ва бошқа фаоллар уни қўллайди — Ғарбда шундай. Зиёлининг бир ўзи қолмайди ва ёлғиз ҳеч нарса қилолмайди ҳам.
Зиёлиларнинг давлат бошқарувида ўрни йўқлиги бир фикрлиликка, муаммоларни кўролмасликка олиб келади. Жамият ва давлат ўртасида узилиш бўлади. Бу иккисини боғловчи зиёлилар ҳисобланади.
Зиёда Рамулова:
— Таълим оқсар экан, зиёли қатлам у ёқда турсин, салоҳиятли қатлам, кадрлар ҳам йўқ бўлиб қолади. Имкон топган яхши кадрлар чет элга чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Қолганлари эса ўз доирасига сиқилишни бошлайди, биров эшитмайди ҳам уларни.
· Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Асрор Алмуродов.
Мавзуга оид
20:37 / 05.12.2024
Макрон Франция ҳукуматини истеъфога чиқарди
11:17 / 20.11.2024
Шавкат Мирзиёев ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берди
10:38 / 20.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Халқимиз ҳал қилувчи масалалар бўйича янги ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда
14:24 / 10.06.2024