Ўзбекистон | 11:12 / 21.09.2023
9657
6 дақиқада ўқилади

“Цензура ва мафкура тиқиштиравериш оқибати” — ижодкорлар ўзбек киносидаги савиясизлик ва уни қандай қутқариш мумкинлиги ҳақида 

Охирги вақтларда ўзбек кинолари мавзуси турли катта-кичик давраларда энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири. Айниқса, сўнгги вақтларда ишланаётган ўзбек сериалларининг савияси, унинг асосан, маиший муаммолар атрофида ўралашиб қолгани ва баъзи ҳолларда фахш тарғиботига хизмат қилаётгани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Бир муддат аввал Kun.uz мухбири ушбу ҳолат уни қанчалик безовта қилаётганини сўраб Маданият вазири Озодбек Назарбековга микрофон тутган эди. Вазир ўз ўрнида шу каби муҳокамалардан келиб чиқиб, энди сериаллар учун ҳам бадиий кенгашларни қайтариш кераклигини айтганди.

Хўш, чуқурроқ таҳлил қилинса, бадиий кенгашлар филм ва сериаллар савиясини оширишда қанчалик самара беради? Ўзи кинодаги бу савиясизлик нимадан, қачондан бошланди ва уни бу “ботқоқ”дан қандай чиқариш мумкин?

Kun.uz мухбири мавзу борасидаги ўрганишини давом эттириб, киношунос – Шоҳида Эшонбобоева, санъатшунос-журналист Иқбол Қўшшаева ва режиссёр Сарвар Каримовни интервю столи атрофида тўплади.

— Катта бир мавзуга киряпмиз ва шунинг учун келинг, аввало бир масалага ойдинлик киритиб, аниқлаштириб олсак. Инсоният тарихида кино пайдо бўларкан, унинг ўрни қандай эди-ю, бугун дунё жамиятлари, томошабинлар олдидаги ўрни, миссияси қандай?

Кино, сериалларга шунчаки вақт ўтказиш воситаси деб қараш керакми ё унинг инсонлар учун бошқа хизматлари ҳам борми? Яъни кино бизга нега керак ўзи?

Шоҳида Эшонбобоева:

— 1895 йилда ака-ука Люьмерлар томонидан дунёга тақдим этилган, асли пойдеворини Эдисон қўйган. Асосан маблағ олиб келувчи тасвирий восита деб қаралган, лекин йиллар ўтиб кино санъат сифатида катта таъсир доирасини кенгайтирди. 40 йилларгача кино санъатми ё саноат, деган тортишувлар бўлган бўлса, 40 йиллардан кейин унинг санъат экани эътироф этилди.

Аммо собиқ иттифоқда ва унинг таркибидаги республикаларда кино соҳасида социалистик реализм деган йўналиш пайдо бўлган. Кинога давлатнинг аралашуви ўша даврдан шаклланиб қолган. Давлат пул ҳам ажратади ва назорат қилиш, мафкурасини тарғиб қилишга ҳаққи ҳам бўлади. Санъат даражасидаги кинолар ўтган асрда кўрилмаганига сабаб мафкура устунлтги бўлган бўлса, айни пайтда эса маълум бир чекловлар, режиссёрларга тўсиқлар борлиги сабаб бўляпти.

— Филм ва сериалларнинг қиммати, кучини мавзу, фалсафа, мазмун ва тасвирга олиш маҳоратида, деб олсак, бугун дунё киноларида мазмун, фалсафа ва балки тасвирга олиш қаёққа қараб боряпти?

Баъзи олимлар дунё киносида мавзу танқислиги жараёни кечяпти, дейишади. Дунё кино ижодкорлари бугун ана шу мавзусизлик муаммоси билан қандай курашмоқда? Яъни дунёда кинонинг аҳволини тасаввур қилиб олиш учун беряпман бу саволни.

Сарвар Каримов:

— Ғоялар кризиси бўляпти, деган фикр бор, бу асосан Ҳолливуд киноларига нисбатан ишлатилади. Бир неча юз миллион долларлик катта премералар олдинги киноларнинг давоми бўляпти, янги кинолар кам. Marvel, DC кабилар ҳам комиксларга, асарларга асосланиб чиқаряпти. Лекин бу ғоялар кризисини бутун дунёга нисбатан ишлатолмаймиз. Масалан, Европа киносида бундай муаммо йўқ. Корея, Япония, Эрон кинолари ҳам жуда ўсган ҳозир.

Ўзи кинодаги ўзгаришлар давлатдаги, жамиятдаги ўзгаришлар акси бўлади. Бутун дунёни Корея киноси эгаллаяпти, чунки Корея маҳсулотлари шундай ёйилди. Кимдир кинога пул ишлаш воситаси сифатида қарайди, кимдир санъат асари сифатида — бу муаммо ҳали ҳам бор. Ҳозирги пайтда кино учун жуда қулай пайт, чунки томошабинга етиб бориш осон. Интернет орқали хоҳлаган даврнинг, хоҳлаган жанрдаги кинони топиш мумкин.

Иқбол Қўшшаева:

 — Жараён кетяпти ҳамма жойда. Ўзининг ижтимоий ҳолати, тизимдан келиб чиқиб кинолар ишланяпти. «Опенҳеимер», «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» каби кинолар дунё ҳамжамияти саволларига нисбатан олинди. Ижодкорда зийраклик бўлса, дунёдаги муаммоларни кўра олади, бир неча йил олдинни ҳам. Дейлик, «Опенҳеимер» ҳам атом бомбаси можаролари фонида олинди. Ҳиндистонда Британия мустамлакасига оид кинолар ишланяпти. Хитойда эса Қадимги Хитой давлатчилиги билан боғлиқ фильмлар олиняпти. Туркияда тарихий фильмлар кучайиб кетди. Қозоғистон Тўмарис, Амир Темурга мурожаат қилди, Бобур ҳақида ҳам кино олишади, деган гаплар бор, бу билан Марказий Осиёда лидерлигини кўрсатмоқчи. Барчасининг тагида мафкура ётади. Дунё киносида ғоя танқис эмас, жараён давом этяпти.

Шоҳида Эшонбобоева:

— Ўтган асрнинг 90-йилларидан ҳозирга қадар бутун дунё киносида янги қаҳрамонлар яраляпти. Лекин асосий формула фолклор бўлиб қоляпти. Томошабинга лидер қаҳрамон керак барибир. Киноижодкорлар дунё фолклоридан қаҳрамон топяпти ва замонавий қаҳрамон яратиляпти. Туркия, Корея, Япония, Эрон каби давлатлардаги киноижодкорлар мана шу нарсани тўғри англаб, кино фолклорини яратишяпти. Ва бу нарса келажакка ҳам хизмат қилишини исботлашди.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов,
Монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид