«Бу ишда бошқа кучлар ҳам бор» – Сув хўжалиги вазири Қўштепа канали лойиҳаси ҳақида
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Kun.uz’га берган интервюсида Қўштепа канали бўйича Афғонистон томони билан олиб борилаётган музокаралар ҳақида ҳам гапирди.
— Қўштепа канали — биз учун кутилаётган энг катта хавфлардан бири. Бу масала президент Мирзиёев томонидан БМТ минбарида ҳам гапирилди, хавотирлар айтилди, келишув керак, дейилди. Мана шу келишув жараёни бугун қай босқич ёки нуқтада?
— Ҳа, дунёдаги энг катта минбар бўлмиш БМТда президентимиз атрофимизда яна бир катта сув истеъмолчиси пайдо бўлди, биз бу томон билан мулоқот қилишимиз, сув тақсимоти жараёнида у ҳам қатнашиши керак, деди ва бошқа масалаларни ҳам алоҳида таъкидлаб, халқаро ҳамжамият эътиборини қаратди.
Қўшниларимиз Панж дарёсидан сув олади. Бу дарё Афғонистон ва Тожикистон чегараси. Дарё ирмоқлари қуйилиб шаклланади ва унинг тахминан 35 фоизи Афғонистон ҳудудидан олинади, шунинг учун ҳам Афғонистон сувга даъвогар бўляпти. Ҳозирда шу бўйича мулоқотлар бўляпти. Ўтган ойда вазир биринчи ўринбосари Азимжон Назаров, Сув хўжалиги вазирлиги ахборот-таҳлил ресурс маркази бошлиғи Зокир Эшпўлатов Афғонистондаги элчимиз билан биргаликда Афғонистон томони билан мулоқотда бўлди. Аммо мулоқотда Афғонистон томонидан энергетика ва сув хўжалиги вазири қатнашмаган. Улар баъзи маълумотларни олса, кейин учрашишга тайёр эканини билдиришган. Президентимиз томонидан бу масалага эътибор берилгач, Афғонистон томони яна алоқага чиқди ва биз сув масалалари бўйича ҳеч қандай халқаро мажбурият олмаганмиз, конвенцияларни ратификация қилмаганмиз, деди. Лекин барибир халқаро талаблар бўлади, тарихан фойдаланиб келганмиз биз. Тожикистон ҳам бор бу масалада, фақат Ўзбекистон эмас. Сурхондарё ҳудудидан ўтгандан сўнг Амударё суви Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида тақсимланади. Санитар эҳтиёжлар учун Оролбўйига ҳам сув берилади.
Ҳозирда Қўштепа каналининг 100 кмдан кўпроқ қисми қазиб бўлинди, қуриб бўлингани йўқ. Масалан, канал ва дарёларда тахминан ҳар 10 кмда кўприк бўлиши керак, сув олувчи иншоотлар ҳам қурилади. Кўприклари 100 млн, сув олувчи иншоотларга эса 200 млн доллар атрофида маблағ керак бўлади. Баъзи жойларга сув насос орқали чиқарилади. Ҳисоб-китобларимизга кўра, тахминан 600 млн доллар маблағ керак. Афғонистоннинг ўзининг қурби етмайди бу маблағга. Қурилаётган жойларга ҳар давлатлардан компаниялар борган, масалан, Хитойдан. Хитойликлар нефтни қайта ишловчи корхона очган, уларга ҳам сув керак. Қайсидир давлат геологик ишлар олиб боряпти минераллар ўзлаштириш бўйича, уларга ҳам сув керак.
— Бу лойиҳаларда бизнинг иштирокимиз ҳам борми?
— Бош вазир ўринбосари Жамшид Абдуҳакимович бошчилигида инвестиция вазирлиги мутахассислари билан ўрганиш олиб борилган. Ҳозир мулоқот олиб бориляпти. Октябр ойининг иккинчи ярмида яна бир шундай ташриф мўлжалланяпти. Қобул ва бошқа жойларда Ўзбекистон компанияларининг кўргазмаси бўлади. Шартнома қилинади, маҳсулотлар сотиб олинади.
Афғонистонга ўзим борганимда ҳам уларнинг ўзбек халқига президентимизга алоҳида ҳурматини кўрдим. Бизга шунга яраша муомала қилишди. Биз билан мулоқотга тайёр эканликларини билдиришди.
Уларнинг қишлоқ хўжалиги вазири айтдики, каналнинг қурилган қисмида сув олиш имконияти бўлса ҳам, юқори ҳукумат бунга рухсат бермаяпти. Чунки келишувлар бўлиши, қўшни давлатлар билан келишув бўлиши керак дейишяпти. Ўзи олдиндан ҳам Афғонистон Панж дарёсидан 2,5 млрд кубга яқин сув оляпти. Агар Қўштепа каналидан ҳам 2 млрд куб сув олинса, бизга унчалик таъсир қилмайди. Мулоқотлар яхши бўлмаса, 4 млрд куб сув олишади. Сув яхши бўлган йиллари 10 млрд кубгача сув олиш имкони бор, яъни сув кўп бўлганда 15-20 млрд куб сув оқиб ўтади дарёнинг шу қисмидан. Сув кам йилларда Афғонистон сув олмаса ҳам, сувсиз қолиб кетган пайтларимиз бўлган. Дейлик, 2001, 2008, 2011, 2018 йиллар шундай сув танқислиги бўлди. Цикл бўляпти 3, 7 йиллик.
— Биз ҳозир Афғонистон томонидан нима сўряпмиз-у, улар нима сўряпти? Келишув деталларини очиқлай оласизми?
— Ҳали бунақа деталли мулоқот бўлгани йўқ. Лекин 6 хил лойиҳа вариантини ўрганиб чиқдик. Қаерда қандай сув олиши, қаерларда насос қўйиши, сув омборли варианти, лойқалар тўлиб қолиш масалалари ҳам инобатга олинган. Саволлар, вариантлар жуда кўп. Сув танқис бўлган йилларда 4 млрд куб сув олишса, бизга оғир бўлиб қолади. Ўзи 2 млрд куб олишса ҳам, сезиларли таъсир бўлади.
Фикримча, бу жойда бошқа кучлар ҳам бор. Номларни айтмайлик, лекин катта иқтисодий қудратга эга бўлган давлатлар бу масалага аралашиб, маблағ беришини айтяпти. Бизнинг томон йўқ, ундан қилманглар, деса, қанақадир шартлар қўйишлари мумкин. Бундай давлатлар канал лойиҳасида ҳам, қурилишида ҳам қатнашяпти. Сиёсий келишмовчилик бўлмаслиги учун номларини келтирмаймиз. Умуман, Афғонистон ёлғиз эмас бу масалада.
Ҳали бошқа сиёсий масалалар бор. Канал ҳимояси, озиқ-овқат масаласи. Фақат канал эмас, сиёсий лойиҳа деса ҳам бўлади буни.
— Мулоқотда асосий тўсиқлар нималар бўляпти?
— Тожикистон ва Қирғизистон муносабатлари ёмонлигини кўпчилик сувга тақаган эди, аммо у ерда чегара масалалари ҳам бор эди, транспорт масалалари ҳам. Кўп йиғилиб қолган эди. Президентимиз ташаббуси билан бундай масалалар ҳал бўлди. Сув масаласида ҳам шундай йўл олиб боряпмиз. Афғонистон билан ҳам фақат канал доирасида масала ҳал қилинмайди, комплекс масалалар бор бу ерда. Сув масаласи бошқа ечилмаган масалаларга уланиб кетади. Ҳали ҳал қилиш керак бўлган нарсалар кўп. Лекин бизни ҳурмат қилиб, мулоқотга хоҳиш билдиришяпти, ўзбек халқига ҳурматлари катта.
· Сув хўжалиги вазири билан бўлган интервюни тўлиқ ҳолда тез орада томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
17:13
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
17:52 / 07.12.2024