Ўзбекистон | 17:06 / 28.09.2023
12322
3 дақиқада ўқилади

Сергели бўйича ҳукумат комиссиясига қандай вазифалар юкланди?

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссиясига уч кун муддатда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш сабабларини ўрганиш, талафотларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди.

Фото: Kun.uz

Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида бош вазир Абдулла Арипов 28 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳукумат комиссиясини тузиш тўғрисида фармойиш имзолади. Бу ҳақда ҳукумат портали хабар берди.

Унинг таркибига фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шавкат Раҳмонов, соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири Беҳзод Мусаев, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлиги назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Бахтиёр Ғуломов, Сергели ҳокими ва бошқалар (жами 16 киши) киритилди.

Комиссия зиммасига уч кун муддатда фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш топширилди.

Шунингдек, комиссия ҳар бир уй-жойни, жумладан, аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисмлари, дераза ва ромлари ҳамда таъмирталаб аҳволга келиб қолган бошқа бино ва иншоотларга етказилган зарарларни бартараф этиш бўйича моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Комиссия аъзолари ҳодисанинг техник ва бошқа сабабларини, фавқулодда ҳолатни тавсифловчи ашёвий далилларни, ёнғин содир бўлган объектда ишлатилаётган техника қурилмалари саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини текширади.

Шу билан бирга, зарар кўрган ҳар бир уй-жойни хатловдан ўтказиб, хусусий мулкдорлар хонадонларига, кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисмлари ҳамда таъмирталаб аҳволга келиб қолган бошқа бино ва иншоотлар ҳолатини, ўрганиш натижаларига кўра бажариладиган иш турларини аниқлаган ҳолда ҳар бир уй-жой (объектлар) бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилаш ҳолатини кўриб чиқади.

Омборхонада саноат ва ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилганлиги юзасидан ўтказилган ўрганишлар (текширишлар) ва уларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чораларни ўрганиб чиқади.

Ачилбай Раматов бошчилигидаги комиссия ёнғин содир бўлган объектда фавқулодда ҳолатга олиб келиши мумкин бўлган бошқа омилларни аниқлайди ва текшириш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади.

Мавзуга оид