Ўзбекистон | 20:23 / 09.10.2023
6938
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 9 октябр куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис билан учрашди. 

Фото: senat.uz

Учрашувда Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди, алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ институтлари, хусусан ЮНИСЕФ билан муносабатлари фаоллашгани, мамлакатимизда қатор йирик қўшма тадбир ва лойиҳалар амалга оширилаётгани, болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун яратилаётган шарт-шароитлар самарасини таъминлашда тузилманинг ўрни алоҳида экани қайд этилди. 

Мулоқот давомида перинатал саломатлик, болалар ўсиши ҳамда ривожланиши ҳолатини ўрганишга оид 2024–2025 йилларда Озиқланиш бўйича иккинчи миллий тадқиқотни ўтказиш, болаларда ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, шунингдек, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш борасида амалий ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди. 

Таълим, инклюзив таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларининг ҳуқуқий-институционал асосларини такомиллаштириш борасида ҳам фикр алмашилди. 

Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ваколатхонаси ҳамкорлигида мултииндикатор кластер кузатувларини (MICS) ўтказиш қамровини янада кенгайтириш ҳамда ушбу тадқиқотга мутасадди давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини янада кенг жалб қилиш юзасидан саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишилди. Шунингдек, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини ижро этиш бўйича миллий ҳаракатлар режасини яқин фурсатда қабул қилиш заруратига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг ЮНИCЕФ билан конструктив ҳамда самарали ҳамкорлигини амалий лойиҳалар билан мустаҳкамлашга келишиб олинди. 

Мавзуга оид