“Мустақил номзодларга ўрин йўқлиги ўзгаришлар бўлмаслиги қўрқувини уйғотяпти” – депутат ўзгараётган сайлов тизими ҳақида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевга кўра, Ўзбекистонда сайлов тизими ўзгараркан, унда мустақил номзодлар иштирокига ҳам, албатта, рухсат берилиши керак.
“Бусиз тизим ўзгариши маъносини йўқотиши мумкин”, – дейди депутат.
— Аралаш сайлов тизимига ўтилаётгани Ўзбекистондаги сунъий тузилган, ғоясиз, электоратсиз, ҳокимият учун курашмайдиган партиялар билан ёпиқликка қараб кўпроқ сингиш хавфини пайдо қиладигандек.
Дониёр Ғаниев, Қонунчилик палатаси депутати
— Чиндан ҳам ғоявий курашлар йўқ, бу ўринли гап. Аммо пропорционал сайлов тизими ёпиқликка олиб келиши ҳақидаги фикрингизга қўшилмайман. Биз ярим мажоритар, ярим пропорционал тизимга ўтяпмиз, тўлиқ эмас. Ҳали ҳам 75 та ўринга депутатларни халқ сайлаши мумкин, қолган 75 таси пропорционал тизимга ўтяпти. Бунда иккала тизимдан ҳам фойдаланиш, камчиликларини бартараф этиш мумкин бўлади.
Мажоритар тизим доим ҳам ўзини оқламайди. Масалан, Буюк Британияда мажоритар тизим ва у ерда фақат иккита партия ҳукмронлиги бор. Мажоритарнинг ёмон томони ҳам шу, янги партиялар кириб келиши жуда қийин бўлади. Британиядаги «Яшиллар» партияси сўнгги вақтларда 15-20 фоиз овоз оляпти, лекин ошиб борса, парламентда 2 кишилик фракцияси бўлади. Бу дегани парламент одамларнинг хоҳиш-иродасини тўлиқ акс эттирмаяпти, АҚШдаям шунақа, фақат иккита катта партия. Пропорционал сайлов янги партиялар учун шароит яратиб беради.
Ҳозир шу ишни қилишимиз керак. Эртага қайсидир партиянинг ғояси бутунлай эгаллаб олса, қаршилик катта бўлади. Ҳозир партиялар 5 та, лекин кўпаяди ҳали, одамларнинг сиёсий онги ошиб боряпти.
Агар пропорционал тизимга ўтилса, партиялар ғоявий ва билдириладиган ташаббус томондан ажралади. Мажбур бўлади шунга. Партия ғояларини тарғиб қилишга эҳтиёж йўқ эди мажоритар тизимда. Энди партиялар олган овозлар тахлил қилинади, тарозига қўйилади. Ҳозирги партияларнинг даражасида бунчалик ўзгариш бўлиши қийиндек кўринади, лекин бир қонун қабул қилаётганда эртани ўйлаш керак.
Фарҳод Толипов, сиёсий таҳлилчи
— Бу масалага тизимли ёндашувни таклиф этган бўлардим. Бирор бир тизим идеал эмас, тўғри. Қўшимча масалалар ҳам бор бу ерда. Яъни халқнинг сиёсий онги, маданияти, мавжуд тузумнинг характери, партиялар шаклланиш қонунлари, нима учун шаклланолмаётгани, тарихий муҳит каби бир қанча жиҳатлар.
Шу билан бирга, менда парламентга нисбатан ҳам бир қанча саволлар, қарашлар бор. Дейлик, Сенат ўзи бизга керакми, Сенатсиз ҳам ишласа бўладими? Бир сайлов тизимига ўтишдан олдин мана шундай саволларга жавоб топиш, бир қанча сиёсий ислоҳотлар ўтказиш керак. Мажоритар тизимда ҳам мустақил номзодлар учун йўл очилиши керак. Мавжуд мажоритар тизимда ҳам партия вакиллари сайланса, қўшимчадаги пропорционалда ҳам фақат партия вакиллари тайинланса, қанақадир нохос ҳолат бўлади. Чалкашлик бор. Чунки ечилиши керак бўлган масалалар бор ҳали. Ёки параллел равишда мен айтган масалаларни ҳам кун тартибига қўйиш керакдир.
Камолиддин Раббимов, сиёсий таҳлилчи
— Бу ерда асосий масала олий ҳокимиятнинг парламентаризм ҳақидаги тафаккури ва лойиҳаси. Бугунги ҳокимият иерархиясида парламентга ажратилган сиёсий мақом анча чекланган. 150 та депутат 36 млнлик Ўзбекистоннинг хоҳиш-иродасини намоён қилоладими, деган масала бор. Бизда парламент борасида биринчи маъмурият даврида шаклланган эҳтиёткорона тафаккур мавжуд, яъни парламент ва сиёсий партиялар имконияти чекланган бўлиши керак, деган конценсус ҳозир ҳам ўзгаргани йўқ.
Парламентнинг кучайиши ижро ҳокимиятига ёки президентга сиёсий инқироз шакллантириши шарт эмас. Биринчи маъмурият даврида шундай тафаккур бор эди. Биз парламентнинг кучайишидан қўрқмаслигимиз керак. Сиёсий маданиятимиз, мулоқотимиз юқори бўлса, биз келиша оламиз, 10 та мухолиф партия бўлмайдими. Биз постсовет ҳудудидаги иккинчи катта миллатмиз. Бутун ижтимоий-сиёсий тафаккур марказида парламент бўлиши, президент ва парламент ўртасида инқироз минимал бўлиши ва айни пайтда парламент эркин бўлиши керак.
— Сайлов тизимини ўзгартириш бўйича парламентда 10 октябр куни ўтган мажлисни кузатдим ва у ерда айтилдики, бу тизим учун МДҲ давлатлари тажрибаси ўрганилибди. Хўп, МДҲда масалан, қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам сайловнинг аралаш шакли амал қилади. Аммо бу икки мамлакатда депутатлик учун мустақил номзодларнинг ҳам сайловда иштирок этишига рухсат берилади. Лекин бизда бу масалада рухсатни кўрмаяпман. Сизнингча, бунинг қўрқувдан бошқа сабаби ҳам борми?
Дониёр Ғаниев:
— Қонун лойиҳаси ўртага ташланганда мен ҳам Қозоғистон ва Қирғизистондаги тажриба ҳисобга олинган деб ўйлагандим. Аммо кейинроқ мустақил номзодларга рухсат йўқлиги маълум бўлди. Фарҳод ака айтганидек, бунда аралаш сайлов тизимига ўтиш ўз маъносини бир қадар, яъни барибир ўша 5 та партия курашяпти. Бу менда келгусида ҳам катта ўзгаришлар бўлмаслиги қўрқувини уйғотяпти. Лекин шу нарса бўлмаса ҳам, бу лойиҳани қўллайман. Чунки кейинчалик шу мустақил номзодларга йўл очилиши мумкин деб умид қиламан.
Бир мандатли округларда мустақил номзодларга рухсат беришни таклиф этяпман. Чунки партиялар рақобатни ҳис қилсин, инклюзивликни таъминлаш керак. Шундоқ ҳам партиялар бюджетдан молиялаштирилишини ҳисобга олса, мустақил номзод кўп бўлмайди, бир нечта бўлиши мумкин. Ишонаманки, шу нарсага борамиз, бошқа йўл йўқ. Парламентни ислоҳ қилишни хоҳласак, шуни қилишимиз керак. Қолаверса, олий минбарларда конструктив мухолифат яратилиши кераклиги ҳақида гап кетяпти. Конструктив мухолифат партиялар кириб келишини таъминлайдиган тизим эса — пропорционал сайлов тизими. Мажоритар тизимда мавжуд партиялар ҳукмронлигида индивидуал номзодлар билан кириб келиш ниҳоятда қийин масала.
- Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
17:50 / 19.12.2024
Абхазия парламенти олдида отишма юз берди. Бир депутат ҳалок бўлди
18:15 / 10.12.2024
«Инсон ҳуқуқлари қудратли давлатнинг асосий белгисидир» — тарихий декларацияга 76 йил тўлди
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
12:00 / 25.10.2024