Сентоб — 2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи деб топилди
Навоий вилоятида жойлашган ушбу сўлим гўшанинг энг яхши туризм қишлоғи деб эътироф этилиши президентимизнинг соҳага бўлган юксак эътибори самарасидир, деди Азиз Абдуҳакимов
Самарқандда UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида «Best Tourism Villages 2023 Awards» (2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи) номинацияси бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоятининг Сентоб қишлоғи ғолиб бўлди.
«Ўзбекистон президентининг туризм сектори, энг аввало, аҳоли турмуш фаровонлигига бўлган эътибори ва ташаббуслари натижасида бугун юртимиз қишлоқларини бутун дунё тан олмоқда. Навоий вилоятидаги Сентоб қишлоғининг «Энг яхши туризм қишлоғи» номинациясидаги ғолиблиги, шубҳасиз, мана шу ислоҳотлар самарасидир», — деди UNWTO Бош ассамблеясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати Ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.
UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили эса туризм қишлоқларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
«Энг яхши туризм қишлоқлари» номинацияси қишлоқлардаги ҳаётни янада яхшилаш борасидаги ишларимизнинг дебочаси холос. Биз туризмни қишлоқ ҳаёти тараққиётининг драйверига айлантиришни мақсад қилганмиз»,— деди маросимда нутқ сўзлаган UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили
Маълумот учун, Сентобга 2023 йилнинг 17 март куни расман туризм қишлоғи мақоми берилган. Қишлоқда мунтазам равишда Англия, Франция, Австрия, Германия, Италия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими кузатилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, энг яхши туризм қишлоғи бўлиш учун номзодлар рўйхатига Ўзбекистоннинг жами 5 та манзили — Самарқанд вилоятидаги Конигил, Навоий вилоятидаги Сентоб, Сурхондарё вилоятидаги Сангардак, Жиззах вилоятидаги Ухум ва Фарғона вилоятидаги Аввал туризм қишлоқлари киритилганди.
UNWTO аъзо мамлакатлар қишлоқлари ўтган йиллардагидек тўққизта асосий йўналиш бўйича баҳоланди: «Маданий ва табиий ресурслар», «Маданий ресурсларни тарғиб қилиш ва сақлаш», «Иқтисодий барқарорлик», «Ижтимоий барқарорлик», «Экологик барқарорлик», «Туризмни ривожлантириш ва қиймат занжири интеграцияси", «Туризмни бошқариш ва устуворлик», «Инфратузилма ва коммуникациялар», «Соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик».
«Best Tourism Villages 2023 Awards» номинацияси UNWTO томонидан 2021 йилда таъсис этилган. Асосий мақсад нафақат ривожланган ҳудудларга, балки ўз қадриятларини сақлаган ва анъаналарини тарғиб қилаётган қишлоқларга ҳам сайёҳлар эътиборини жалб қилишдир. Маросим бу йил учинчи бор ўтказилди.
Мавзуга оид
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
09:49 / 13.12.2024
Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилмоқда
09:24 / 12.12.2024