Спорт | 20:48 / 22.10.2023
26402
13 дақиқада ўқилади

«Сэр». Бобби Чарлтоннинг икки ҳаёти

У авиаҳалокатдан омон қолган ва жаҳон чемпионига айланганди.

Фото: Getty Images

Кеча инглиз футбол афсонаси Сэр Бобби Чарлтон 86 ёшида вафот этди. Футбол олами «сэр» деганда бошқа одамни тушунишга ўрганиб қолган бўлса-да, аслида мамлакат футболи учун Алекс Фергюсондан кам бўлмаган даражада хизмат қилган бошқа Сэр ҳам бор. Бобби Чарлтон «Манчестер Юнайтед»нинг Мюнхен осмонидаги ҳалокатида ҳам, ўн йил ўтиб, жамоа Чемпионлар Кубоги финалида қайта уйғонганида ҳам, Англия миллий жамоасининг тарихдаги ягона катта ғалабасида ҳам нафақат иштирок этган, бош яратувчиларидан бири ҳам бўлган. Келинг Бобби Чарлтон хотираси учун унинг ўхшаши йўқ фаолиятига батафсилроқ назар ташлаймиз.

Жаҳон футболи Энциклопедиясида Бобби Чарлтон ҳақида қуйидаги сўзлар ёзилган:

«У – энг машҳур инглиз футболчиси. Унинг исми инглиз футболидаги энг буюк воқеалар билан чамбарчас боғлиқ. Чарлтон номи спортдаги ҳалоллик, майдонда ўзини тутиш ва жентельменликнинг синонимига айланган»

Халқаро футбол статистикаси асоссацияси уни футбол тарихидаги энг яхши ўйинчилар ўнлиги рўйхатига киритганди.

Футболчилик қобилияти унга тоғаларидан ўтганди. Онасининг учта акаси «Лидс» футболчилари бўлишган, яна бир қариндоши эса афсонавий Жекки Милбурн эди.

- Баъзида Милбурн бизни «Ньюкасл» ўйинларига олиб борарди, - ҳикоя қилади Боббининг акаси Жеки (у ҳам футболчи бўлган), - у бизни қўлида етаклаб туннелдан олиб чиқарди ва мураббийлар ўриндиғига кузатиб қўярди. Ўзимизни гўёки катта одамдан хис қилардик Бобби иккаламиз.

Унинг футболга кириб келиши қийин бўлмади. Ньюкасл яқинидаги Эшингтон шаҳарчасида туғилган Боббининг таланти ўсмирлик даврларидаёқ кўпчилик эътиборини қозониб улгурганди. 16 ёшли Бобби биратўла йигирма клуб селекционерларининг назарига тушганди. Дастлаб у иккиланди, аммо «МЮ»нинг ашаддий ишқибози бўлган жисмоний тарбия ўқитувчисининг таъсири остида «манкунианлик»ларнинг қизил либосини кийишга қарор қилди.

Фаолиятининг бошланиши ажойиб даврга тўғри келди. Буюк тренер Мэтт Басби ёш футболчилардан ажойиб таркиб тузди ва бу жамоа Англия чемпионатига ўзгача об-ҳаво олиб кирганди. Боббининг дебюти 1956 йилга тўғри келади ва ҳар икки оёқда кучли зарба бера оладиган, ажойиб техника соҳиби бўлган чап қанот ҳужумчисига жамоа таркибида муносиб жой топилди.

Басби ажойиб жамоа тузганди. У селекционерлар билан биргаликда Британиянинг турли бурчакларига борар ва ўз жамоаси учун жавоҳирларни изларди. «Басби болалари» (уларга шундай ном беришганди, айнан шунга тақлидан кейинчалик «МЮ»нинг 90-йиллардаги буюк таркиби «Ферги болалари» деб аталганди) Англияда кетма-кет ғалабалар қозона бошлашди. Қатъий ва ҳеч нарсадан тап топмайдиган, мағлубият нима билмайдиган ёш футболчилар йўлларида учраган кубокни қўлга киритиб кетаверадиган жамоага айланиб боришаётганди. Икки йил кетма-кет мамлакат чемпионлиги қўлга киритилди, кубок финалида ўйнашди. 

Клубнинг навбатдаги мақсади албатта Европа Чемпионлари кубоги эди. Аммо... Ҳар қандай вазифани уддалашда ҳеч қандай тўсқинликни тан олмайдиган йигитлар учун тақдирнинг улкан синови тайёрлаб қўйилганди.

1958 йилнинг 6 феврали. «Басби болалари» Белграддан хурсандчилик билан қайтишаётганди. «Црвена Звезда»га қарши учрашувда улар 0:3 ҳисобини 3:3 га айлантира олдилар ва турнирнинг яримфиналига йўлланмани қўлга киритгандилар. Бобби Чарлтон иккита тўп киритиб ғалабага ўз ҳиссасини қўшганди. Мюнхенда ёқилғи қуйиш учун қўнган самолёт ҳавога кўтарилишда қийинчиликка дуч келди. Қорли бўрон бошланганди ва учувчининг учинчи уриниши фожеа билан якунланди. Клубнинг саккиз ўйинчиси ҳалокат жойида вафот этди. Жамоа ва Англия футболида энг умидли ўйинчи сифатида эътироф этилган, 17 ёшида миллий жамоа либосини кийган Данкан Эдвардс орадан икки хафта ўтиб шифохонада ҳаёт билан видолашди. Бобби эса тирик қолди. Ўриндиғи билан биргаликда самолётдан эллик метр узоқликка учиб кетган қаҳрамонимизнинг бирор жойи ҳатто тирналмаганди.

У энди бошқа инсонга айланганди. 21 ёшли футболчининг елкасида катта юк бор эди энди. Фожеа натижасида ўлим топган шерикларининг хотираси учун ўйнаши лозим эди. Энди у оддий қанот ҳужумчиси эмас, жамоа етакчисига айланди. Эдвардснинг ҳам ўрнини босиши керак эди буёғига. У руҳан кучли футболчи ва инсонга айланди. У жамоа сардор этиб тайинланди ва тирик қолган футболчилар Европа Чемпионлар кубогини қўлга киритишни, ғалабани марҳум дўстлари хотирасига бағишлашни ният қилдилар ва биргаликда қасам ичдилар.   

Албатта дастлабки йиллар қийин бўлди. Сезиларли кучсизланган жамоа «Милан»га имкониятни бой берди, ўша мавсумда кубок финали ва чемпионат бой берилди. Аммо жамоа ўзининг йўлини танлаб бўлганди ва уларни ҳеч нарса тўхтата олмасди.

1968 йилги футбол мавсуми Бобби ва «МЮ» учун омадли келди. Клуб Европа Чемпионлар лигаси финалида «Бенфика»га қарши ўйнади. Ўйин 4:1 ҳисобида инглизларнинг ғалабаси билан якунланди, Чарлтон Эйсебиони мағлуб этди.

Ўйин тугагач, майдон марказида уч киши бир-бирларининг қўлларини ушлаб, кўзларини юмиб туришарди. Уларнинг кўзларидан ёш оқарди. «МЮ»нинг ўйинларини узоқ вақт кузатиб келган ҳар қандай мухлис бу ҳолатдан таъсирланмай қолмасди. Бу уч киши – Мэтт Басби, Билл Фоулкс ва Бобби Чарлтон эдилар.

Топдингиз, бу уч киши Мюнхен фожеасидан тирик қолгандилар ва буюк эҳтимол уларни кўз олдиларига келтираётгандилар. Ўзаро ичилган қасамни бажарганликларидан шод эдилар. Бу кубокда ўша тўққиз футболчининг улуши борлигини ўйлаётгандилар. Бу соврин аслида ҳеч нарса эмаслигини, айни пайтда эса ҳамма нарса эканлигини хис қилиб тургандилар. «Уэмбли»ни тўлдириб ўтирган 98 000 футбол мухлиси ҳам ўрнидан турди ва бир-бирини қўлидан тутди. Бу ҳолат хотира ва миннатдорчиликнинг бир пайтдаги кўриниши эди.

- Қасам амалга оширилди, - деганди кейинчалик Бобби, - биз фожиавий ўлим топган дўстларимизга берган сўзимизнинг устидан чиқа олдик. Бу ҳаётимдаги энг муҳим ғалаба бўлиб қолади.   

Бу сўзлар икки йил олдин жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан футболчининг тилларидан янграётганди. Бобби миллий жамоа таркибида ҳам ўзининг энг яхши ўйинларини ўтказди. Бошқача қилиб айтганда, Англия миллий жамоаси энг ёрқин даврларини Бобби Чарлтон даврида ўтказганди.

Англия майдонларида ўтган ЖЧ-1966ни инглизлар Уругвай миллий жамоаси билан нурсиз дуранг билан бошлашди. Кейин эса Франция ва Мексика миллий жамоалари бир хил – 2:0 ҳисобида доғда қолдирилди. Чоракфиналдаги Аргентинага қарши ўйин жудаям қўпол ўтди ва ягона гол эвазига майдон эгалари яримфинал иштирокчисига айландилар.

Португалияга қарши кечган яримфиналда Бобби Чарлтон ҳақиқий маънода ўз фаолиятидаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Майдон марказидаги ўйинлари билан бутун ўйинни назорат қилган Бобби Эйсебиодан ўз устунлигини намойиш этди. Португалиялик афсона бир марта пеналтидан тўп киритди, Бобби Чарлтон эса жамоасининг ҳар иккала голининг муаллифига айланди. Унинг голлари узоқ масофадан берилган зарбалар асосида амалга ошганди.

Финал учрашуви немисларга қарши кечди. «Вест Ҳэм» ҳужумчиси Херстнинг бенефисига айланиб кетди. У финал ўйинларида ҳозирча ягона бўлиб турган хет-трик муаллифига айланди ва Англия 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.  

Мундиал тугагач, Бобби Чарлтон миллат қаҳрамонига айланди. У ҳақида нималар ёзилмади дейсиз.

«Чарлтоннинг юксак савияси Англияни чемпионга айлантирди», «Англия миллий жамоасининг мияси ва қалби», «Оркестр-одам», «Шарқий Европа иродасини ва Рим киборлигини ўзида жалб қилган мукаммал футболчи», «Компютер футболчи», «Ҳар бир вазиятнинг сеҳргари», «Универсал, техник ва ҳужумкор футбол тимсоли», «Энг ҳалол профессионал» дея, бонг урганди Европа матбуоти. 

Ўша мавсум Бобби Чарлтон «Олтин тўп» соҳибига айланди.

- Биласизми, менга бу совринни олиш унчалик ноқулайлик туғдирмади, - дейди Бобби Чарлтон, - Эйсебио ва Беккенбауэр хафа бўлишмасин-у, бу мавсум совринга мен ҳақлироқ бўлдим. Биз мундиалда ғалаба қозондик, «МЮ» Европада ўзини кўрсатди. Мен яхши формада эдим ва шерикларим борасида ҳам омадлироқ чиқдим. Яна кўпгина факторлар мени бу сафда кўпроқ сезилишимга туртки берди.   

Унинг замонаси учун нақадар қадрли футболчи бўлганлигини қўйидаги воқеа ҳам кўрсатиб беради:

Испаниянинг «Барселона» клуби Бобби Чарлтон учун 2.5 миллион фунт тўлашга рози бўлди ва 500 минг фунт футболчининг шахсан ўзига ваъда қилинди. Аммо Бобби Испанияга келишни хоҳламади. Солиштириш учун айтиш мумкинки, ўша пайт учун рекорд трансфер суммаси 250 минг фунт бўлиб, «Мантова» дана «Рома»га ўтган Анжело Сорманига тегишли эди. «Барселона» 1982 йилга келибгина бир футболчига бундан кўп пул тўлашга рози бўлди. Каталонияликларнинг 3 миллион фунтдан кечишга мажбур қилган футболчи Диего Марадона бўлди. Тасаввур қиляпсизми, Бобби ўз замоанасидан 16 йил олдинга ўтиб кетганди.   

1968 йилги Европа чемпионатида совриндор ўринни эгаллаган Англиянинг ЖЧ-70 даги муваффақиятсизлиги Бобби учун ниҳоят оғир ботди. ГФРга қарши кечаётган чоракфинал учрашувида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонилаётганди. Мураббий яримфинал ўйинига асраш мақсадида Боббини алмаштиради. Ўйин эса немисларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланади. Ўша чемпионатдан сўнг Бобби миллий жамоа билан хайрлашди. 1973 йилда эса «МЮ»ни тарк этиб, оддийгина «Престон Норд Энд» клубига ўйновчи мураббий бўлиб фаолиятини давом эттирди.

Бобби Чарлтон ҳозирги пайтгача Англия футболининг рамзи ҳисобланиб келинади. 1994 йилда эса қиролича Елизавета футболчига рицарлик мақомини берди.

- Мен оддий ишчи оиласиданман, - деганди ўшанда сэр Бобби, - шунинг учун бирор нарсага эришиш учун кўп меҳнат ва қурбонликлар қилишим кераклигини яхши тушунардим. Мен Бобби Чарлтон бўлишим учун жуда кўп меҳнат қилдим. Менинг наслим юлдузлик касалига чалинишимдан асраб турди, қолгани эса Тангрининг иродасига боғлиқ амалга ошди.  

Бобби Чарлтоннинг бу қадар хурмат қозонишига фақат футболчилик маҳорати сабаб бўлмаганди. У майдонда соф ва ҳалол ўйнарди, ниҳоятда кенг қалб эгаси эди. Бутун фаолияти давомида у фақатгина бир марта оғзаки огоҳлантириш олганди, ўша воқеада ҳам у жамоадоши Деннис Лоунинг тарафини олганди. Майдон ташқарисида ҳам у камтар ва меҳрибон инсон сифатида ҳаёт кечирди.

 У «Манчестер Юнайтед»ни тарк этгач, жамоа бош мураббийи Томми Дохерти:

- Уни футболчи сифатида ўрнини тўлдириш жуда қийин бўлади, инсон сифатида эса янада қийинроқ, - деб ўз қайғусини яшира олмаганди.

Буни охиригача англаб етиш учун ўша 1958 йилга қайтишимизга тўғри келади. У ўлим билан юзма-юз келганди. Шерикларидан фарқли равишда тақдир унга яна бир имконият берганди, у иккинчи ҳаётини бошлаганди. Ўлим билан рўбару келган инсонлар ҳаётдаги шон-шараф, бойлик аслида арзимас мато эканлигини жуда тўғри англай оладилар. Балки Боббининг ютуғи ҳам шу бўлгандир.

Роберт «Бобби» Чарлтон

11 октябр 1937 йилда туғилган.

Давлат: Англия.

Амплуа: ҳужумчи, ярим ҳимоячи.

Ўйнаган клублари: «Манчестер Юнайтед» (Англия) - 1953-1973 йиллар; «Престон Норд Энд» (Англия) - 1973-1975 йиллар.

Терма жамоа сафида: 106 ўйин, 49 гол.

Қўлга киритган ютуқлари:

Жаҳон Чемпиони (1) – 1966 й

Европа Чемпионатида учинчи ўрин (1) – 1968 й.

Европа Чемпионлар кубоги (1) – 1968 й

Англия чемпиони (4) – 1956, 1957, 1965, 1967 йиллар

Англия кубоги соҳиби (1) – 1963 й

Европанинг энг яхши футболчиси (1) – 1966 й

Англиянинг энг яхши футболчиси (1) – 1968 й.

ЮНЕСКО «Фэйр Плэй» совриндори (1) – 1973 й

Британия империяснинг махсус ордени ва ФИФА нинг олтин ордени соҳиби.

Мавзуга оид