Иқтисодиёт | 17:02 / 23.10.2023
21555
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ташқи савдоси: Хитойга боғлиқлик ортиб бормоқда, газ импорти кўпайган, экспорт қилиш эса қисқарган

2023 йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси қарийб 45 млрд долларни ташкил қилди. Бунда Хитойнинг улуши – 21,1 фоизгача ошган. Хусусан, ушбу мамлакатга экспорт 14,3 фоизга ёки 1,85 млрд долларгача қисқарган бўлса, импорт ҳажми 58,5 фоизга ёки 7,6 млрд долларгача кўпайган. Умумий савдо дефицити ҳам ўсишда давом этмоқда.

Фото: ТАСС

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январ-сентябр ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 44,8 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 17,74 млрд долларни, импорт ҳажми эса 27,01 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 23,5 фоизга, импорт ҳажми 21,1 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 9,27 млрд долларга етган. Ўтган йилнинг мос даврида ташқи савдо дефицити 7,9 млрд доллар бўлган.

Ташқи савдода Хитойга боғлиқлик ортган

Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқаларида Хитойга боғлиқлиги ортиб бормоқда. Хусусан, йил бошидан бери Хитойнинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 9,45 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 21,1 фоизини ташкил қилган. Таққослаш учун, 2022 йилнинг мос даврида Хитой билан савдо ҳажми 6,78 млрд доллар ( умумий ТСАнинг 18,8 фоизи), 2021 йилда эса 5,4 млрд доллар (умумий ТСАнинг 19,1 фоизи) бўлган.

2023 йилнинг январ – сенябр ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган топ-10 давлат:

  • Хитой – 9,45 млрд доллар;
  • Россия – 7,03 млрд доллар;
  • Қозоғистон – 3,23 млр доллар;
  • Туркия – 2,35 млрд доллар;
  • Корея – 1,7 млрд доллар;
  • Туркманистон – 830 млн доллар;
  • Германия – 784 млн доллар;
  • Қирғизистон – 753 млн доллар;
  • Франция – 658 млн доллар;
  • Афғонистон – 615 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Ўтган давр мобайнида Хитойга амалга оширилган экспорт ҳажми 14,3 фоизга, Туркияга маҳсулот сотиш эса 20 фоизга қисқарган. Ўз навбатида Россияга экспорт ҳажми 5 фоизга, Қозоғистонга 5,4 фоизга, Афғонистонга 17,6 фоизга ошган.

Шунингдек, Хитойдан импорт ҳажми 58,5 фоизга, Россиядан 6 фоизга, Туркиядан 5,8 фоизга кўпайган. Қозоғистон (4,5 фоиз) ва Кореядан (6,8 фоиз) импорт ҳажми эса камайган.

Олтин экспорти

Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида 5,6 млрд доллар қийматидаги олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 31,8 фоизини ташкил этади. 

Ўз навбатида олтин экспорти 2022 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 89,8 фоизга кўпайган. Шундай бўлса-да, паст нархлар туфайли сентябрда олтин сотиш юз бермаган.

Маълумот учун, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотилган.

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 488 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 83,4 фоизга кўп. Ўз навбатида мазкур даврда газ экспорти 47,2 фоизга ёки 412 млн долларгача қисқарган.

Аввалроқ, жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида Ўзбекистондан Хитойга умумий қиймати 370,5 млн долларлик табиий газ экспорт қилингани хабар берилганди. Бу 2022 йилги кўрсаткичдан 40 фоизга кам.

Шунингдек, 9 ой давомида 139 миллион долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,9 фоизга кам.

Январ-сентябр ойларида 87,3 млн долларлик электр токи сотиб олинган (камайиш – 2,3 фоиз) ва 49,4 млн доллар қийматидаги электр энергияси (камайиш – 27,8 фоиз) экспорт қилинган.

Нефт ва нефт маҳсулотларининг экспорти 2 баробарга ошиб, 218 млн долларни, импорти эса 35,6 фоизга кўпайиб, 1,18 млрд долларни ташкил қилган.

Мавзуга оид