Жаҳон | 22:05 / 27.12.2024
5045
2 дақиқада ўқилади

Хитойда машинасида 35 кишининг умрига зомин бўлган ҳайдовчи ўлимга ҳукм қилинди

Хитойда ажрашганидан кейинги мулкий можаро натижасидан норози бўлиб, стадион атрофидаги одамлар устига катта тезликда машина ҳайдаган шахсга ҳукм ўқилди. 35 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига ўлим жазоси белгиланди.

Фото: AP

Хитой жанубидаги стадион яқинида одамлар устига машинада бостириб бориб, ўнлаб инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган шахс ўлим жазосига ҳукм этилди, деб хабар беради BBC.

Суд баёнотига кўра, Фан Вэйцю «жамоят хавфсизлигига таҳдид уйғотганликда» айбланган. 11 ноябр куни Хитойнинг Чжухай шаҳрида автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлган эди.

Қайд этилишича, 62 ёшли эркак ажрашганидан кейинги мулкий можаро натижаларидан норози ҳолатда югуриш йўлакчасидаги одамлар устига машинасини катта тезликда ҳайдашга қарор қилган.

Хитой ОАВнинг маълум қилишича, ўзига пичоқ орқали етказилган жароҳатлардан кейин кома ҳолатида бўлгани айтилган Фан қурбонларнинг оилалари ва жамоатчилик вакиллари олдида айбига иқрор бўлган.

20 декабр куни Германиянинг Магдебург шаҳрида келиб чиқиши Саудия Арабистонидан бўлган Толиб ал-Абдулмуҳсин исмли шахс рождество ярмаркасига келган одамлар устига BMW X3 машинасини ҳайдаган эди. Ҳодиса оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган, 205 киши тан жароҳати олган.

Мавзуга оид