Жаҳон | 20:00 / 27.12.2024
6130
2 дақиқада ўқилади

Хитой дунёдаги энг катта десант кемасини сувга туширди

Хитойда янги авлод универсал десант кемаси фойдаланишга топширилди. Қирувчи самолётлар, вертолёт ҳамда оғир дронларни учиришга қодир кемага «Сичуан» номи берилди.

Фото: mp.weixin.qq.com

Хитой Халқ озодлик армияси янги авлод универсал десант кемаси (УДК) сувга туширилганини эълон қилди. 076 типидаги кема дунёдаги УДК кемалари орасида энг каттаси ҳисобланади.

Қайд этилишича, кемани сувга тушириш маросими Шанхайда бўлиб ўтган. Маросимда ўқиб эшиттирилган қарорга мувофиқ кемага «Сичуан» номи ва «51» борт рақами берилган.

«Сичуан» — 075 типидаги биринчи кема. У 2023 йилнинг октябридан бери қурилаётган эди. Тўлиқ юкланганда кеманинг сув сиғими 40 минг тоннадан ошади. Кема иккита оролсимон устки тузилишига эга бўлиб, парвоз палубаси кеманинг бутун узунлиги бўйлаб чўзилган.

Маълумотларга кўра, кема турли ҳаво кемаларининг учиш ва қўнишини таъминлаш мақсадида инновацион электромагнит катапулта ва аэрофинишер технологияларидан фойдаланади. Бу эса унга қирувчи самолётлар, вертолётлар, шунингдек, оғир учувчисиз учиш аппаратларининг ҳам қўнишига имконият яратади.

Америкалик ҳарбий таҳлилчи Карл Шустерга кўра кеманинг ўлчами — «кучли баёнотдир». «Ушбу кўрсаткич Хитой Ҳарбий денгиз кучлари денгиз экспедициялари ва десант операцияларига эътибор қаратаётгани, уларни ўтказиш имкониятларини ошираётганини кўрсатади. АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг эса кўлами ва имконияти ҳозирги вақтда сезиларли қисқарган», — дейди Шустер.

Аввалроқ хитойлик мутахассислар дунёдаги энг катта сувости Цзинан-Хуанган туннели қурилишини якунлагани тўғрисида хабар берилганди. Узунлиги 3290 метрли туннел Хуанхэ дарёси остидан, 30 метрли чуқурликда ўтган.

Мавзуга оид