Жаҳон | 14:53 / 28.10.2023
31922
10 дақиқада ўқилади

СССР ҳавога совурган пуллар – советларнинг йирик лойиҳаси нега барбод бўлганди?

Каспий денгизининг Дарбанд шаҳри яқинида жойлашган соҳилида баҳайбат ғайриоддий ҳарбий самолёт бор. Ҳозир ундан томоша объекти сифатида фойдаланишмоқда. Бир қараганда ярим кема, ярим самолётни эслатувчи бу эски транспорт советлардан қолган ёдгорлик бўлиб, ўз вақтида уни тайёрлаш учун анча вақт ва жуда катта маблағ сарфланган эди.

2020 йилда Доғистоннинг Дарбанд шаҳри яқинида Каспий денгизи соҳилида жойлашган «Ватанпарвар» боғида «Лун» деб номланувчи ноодатий эски ҳарбий транспорт пайдо бўлади.

Ярим кема, ярим самолёт кўринишидаги баҳайбат бу транспорт ўшандан буён кўпчилик томошабинларнинг эътиборини тортиб келмоқда. Ҳозирда маълум миқдорда пул тўлаб унинг ичига кириб томоша қилиш мумкин.

Маълум бўлишича, экраноплан деб аталувчи бу транспорт лойиҳаси бир пайтлар америкаликлар билан рақобатда ортда қолмаслик учун ишлаб чиқарилган. Бироқ лойиҳа муваффақиятсиз чиққан ва ҳарбий транспорт тузук-қуруқ хизмат қилмасдан яроқсиз ҳолга келган.

Сўнг у узоқ йиллар давомида Каспий денгизи бўйида жойлашган заводда туради. Шунда кимнингдир хаёлига уни томоша объектига айлантириб пул ишлаш мумкинлиги келади ва транспорт Дарбанддаги боғга олиб келинади.

Ўшандан буён авваллари бундай техникани кўрмаган одамлар узоқ жойлардан келиб пул тўлаб, бу ғалати кема-самолётни томоша қилиб кетишмоқда.

Фото: alamy.com

Америкаликлар билан рақобат ва беҳудага сарфланган пуллар

Америкаликлар билан рақобат туфайли ишлаб чиқарилган ва ўзини оқламаган биргина «Лун» экраноплани эмасди. Бунгача ҳам жуда катта маблағ сарфланган лойиҳалар муваффақиятсизликка учраган эди.

Жумладан, 1960-йиллар бошида Ғарб давлатлари товушдан тез учувчи йўловчи самолёти устида иш бошлашганда советлар ҳам шундай қилишади.

Кейинроқ АҚШ кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема яратиш лойиҳаси устида ишлаётганда советлар ҳам «Буран» космик кемасини яратиш учун ҳаракатга тушади.

Советлар АҚШдан ортда қолмаслик учун ҳаракат қилишаркан, жуда катта маблағлар сарфлаб юборилаётган турли лойиҳалар тезда барбод бўларди.

Масалан, европаликларнинг товушдан тез учувчи «Конкорд» самолётига муқобил тарзда тайёрланган 20 та Ту-144 самолётидан биттаси бор-йўғи икки йил парвоз қилади.

СССРда 20 та тайёрланган ва фойдаланилмасдан яроқсиз ҳолга келган товушдан тез учувчи Ту-144 самолёти
Фото: airliners.net

Оқибатда бу самолётларнинг барчаси яроқсизга чиқади ва авиация билим юртлари ҳамда музейларга топшириб юборилади. Шу тариқа Ту-144 учун сарфланган миллиардлаб доллар пуллар ҳавога учади.

Американинг кўп марта фойдаланса бўладиган космик кемаларидан кўчириб тайёрланган «Буран»нинг тақдири ҳам шундай кечади. Космик кема бир марта учади ва унда носозлик кузатилади. Шундан сўнг «Буран» бошқа учмайди ва ҳозир занглаган ҳолда қаердадир ётибди.

Ўзбекчада «Қирғий» (қуш) маъносини берувчи «Лун» экраноплани ҳам советлар жуда катта маблағ сарфлаб ясаган ва фойдаланмасдан барбод бўлган лойиҳалардан бири эди.

СССРда сувда сузувчи, ҳавода учувчи бу махсус ҳарбий самолёт лойиҳасига жуда жиддий қарашган ва ундан ўнта тайёрлаш режа қилинганди. Бироқ унинг ягона нусхаси илк парвозидан кўп ўтмай у яроқсизга айланади. Иккинчи ва учинчиси чала қолиб кетади.

Америка дастлабки экранопланларни 1960-йилларда ишга туширган. Советлар ҳам улардан ортда қолмаслик учун кичикроқ экранопланларни ясаганди. Бироқ йирик экранопланни яратишда нўноқлик қилишади ва жуда катта пул беҳудага сарфлаб юборилади.

Фото: alamy.com

Лойиҳанинг бошланиши

Сувда ҳам ҳаракатлана оладиган улкан самолёт лойиҳаси илк бор 1970-йиллар бошида лойиҳалаштирилади. Бироқ уни амалга ошириш кечикиб кетади.

1980 йиллар бошида «Лун» экраноплани Горкий (Ҳозирги Нижний Новгород) шаҳридаги кемалар ишлаб чиқарувчи корхонада тайёрлана бошланади. 1986 йил 16 июл куни уни сувга туширишади. Лекин ҳали унда анча ишлар қилиниши керак эди.

Советлар ҳарбий мақсадларда хизмат қилиши керак бўлган бу техникадан Каспий денгизида фойдаланишни режалаштиришганди. Уни қўшимча жиҳозлаш учун Доғистондаги Каспийск шаҳригача шатакка олиб тортиб келишади.

1987 йил мартда «Лун» дастлабки синовдан ўтказилади. Бироқ шундан кейин ҳам уни фойдаланишга топшириш масаласи икки йилга чўзилади.

1989 йилда сўнгги синов ўтказилади. 1990 йилда «Лун» фойдаланиш учун Каспий денгизидаги 236-кемалар дивизиясига топширилади. Унга «Каспий йиртқичи» деб ном беришади.

Экранопланни Дарбанд яқинидаги Ватанпарвар боғига олиб келиш жараёни
Фото: md-gazeta.ru

Бироқ орадан бир йил ўтар-ўтмас, 1991 йилда экранопландан фойдаланиш тўхтатилади. Сабаби, ундаги жиҳозлар мукаммал эмасди ва тез-тез носозликлар кузатилади.

Ўшанда советлар «Лун» каби экранопланлардан ўнтача ясаб чиқишни режа қилишган эди. Биринчиси илк синовдан ўтказилаётганда, иккинчиси қарийб тайёр бўлган, учинчисини ясаш бошланганди.

Бироқ 1990-йиллар охирида СССРда юз берган молиявий инқироз сабабли экранопланларни ишлаб чиқариш лойиҳаси тўхтаб қолади. Ҳатто қарийб тайёр бўлган иккинчисини фойдаланишга топширишнинг иложи бўлмайди.

Қолаверса, биринчисида носозликлар кузатилиши ҳам кейингилари устида олиб борилаётган ишларнинг тўхтатилишига сабаб бўлади. Шу тариқа советлар томонидан жуда катта пул ажратилган лойиҳалардан яна бири ҳали тузук-қуруқ фойдаланмасдан бекор қилинади.

1991 йилда СССР тарқаб кетгандан сўнг «Лун»  Россия ҳарбий-денгиз кучлари ихтиёрида қолади. Бироқ у «чарчаб» бўлганди. Кўп ўтмай «Лун»ни таъмирлаш учун Каспийскдаги заводга олиб боришади ва экраноплан узоқ йиллар ўша ерда қолиб кетади.

Фото: aleksblog.com

2001 йилда Россия ҳарбий-денгиз флоти «Лун» лойиҳаси батамом тўхтатилганини маълум қилади. Шундан сўнг Каспийскдаги заводда унинг ичидаги махфий қурилмалар ечиб олинади.

Узоқ вақт заводда турган «Лун»ни 2020 йилда Каспий денгизи бўйида жойлашган Дарбанд шаҳри яқинига тортиб олиб боришади. Сўнг уни экскаваторлар ёрдамида соҳилга тортиб чиқариб, «Ватанпарвар» боғига жойлаштиришади. Ҳозир у шу ерда томоша объекти сифатида турибди.

«Лун»нинг техник тавсифномаси

«Лун» улкан самолёт кўринишида ясалган бўлиб, у оддий самолётлардан анча фарқ қиларди. Экраноплан сувдан учиб қўнгани учун унда шиналар йўқ эди.

«Лун»нинг ости кемани эслатар, қанотлари остига иккита узун қайиқсимон мослама (гидрочанғи) ўрнатилганди.

Бошқарув мосламалари «Лун»нинг орқа қисмига ўрнатилганди. Оддий самолётлардан фарқли равишда унда саккизта двигател бўлган ва улар қанотга эмас, кабинага яқинроқ жойга ўрнатилган эди.

Экранопланга бир нечта узоқ масофага учувчи ракета жойлаштирса бўларди. Бундан ташқари унда зенит артиллерияси ва бошқа ракеталар жойлаштирилганди.

Фото: hicomm.bg

Самолёт корпуси 4 дан 12 миллиметргача бўлган металл билан қопланганди. «Лун» сувдан учиб қўнгани учун корпусининг остки қисми махсус бўёқ билан рангланади.

Экранопланнинг ёқилғи сиғимлари унинг қанотлари остига жойлаштирилганди. Самолётнинг дум қисмида мувозанатни сақловчи яна иккита қанот бўлиб, уларнинг юзаси 227 метр квадратни ташкил этарди.

Ярим кема, ярим самолёт бўлган бу ғаройиб техниканинг узунлиги 73, баландлиги 19, қанотларнинг ўлчами эса 550 метр квадратни, узунлиги 44 метрни ташкил этган.

Экраноплан 1-2 марта парвоз қилгандан сўнг унда носозликлар кузатилади
Фото: gazeta.ru-board.com

Таққослаш учун замонавий А-320 самолётларининг узунлиги 37, баландлиги 11, қанотларнинг ўлчами 122 метр квадратни, узунлиги 34 метрни ташкил этади.

Самолётнинг бўш ҳолдаги оғирлиги 243 тонна, қурол-яроқ ва бошқа юклар билан оғирлиги 380 тоннага етади.

«Лун»  парвоз қилганда соатига 500 км тезликда ҳаракатлана олган ва максимал 2 минг километр масофага парвоз қила олган. 1000 метрдан 5000 метргача баландликда парвоз қилган. Унда 10 нафар экипаж ходими хизмат қилган.

«Лун» нега тез сафдан чиқди?

Аксарият мутахассислар сувда сузувчи ва ҳавода учувчи икки хил техниканинг жамланиши хато иш бўлишини таъкидлайди. Уларга кўра бундай транспортлар алоҳида ишлаб чиқарилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки икки хил техника бирлаштирилса жуда ноқулай транспорт пайдо бўлади ва «Лун» билан ҳам шундай бўлган. Қолаверса, унинг ўлчами катта вазни оғир бўлиб кетган.

Ярим кема, ярим самолёт бўлган бу транспорт жуда баҳайбат қилиб ясалган
Фото: club-voshod.com

Бу эса унинг тез ва юқори баландликда учишига тўсқинлик қилган. Қолаверса нисбатан секин ва паст баландликда ҳаракатланувчи бундай транспортлар душман томонидан осонгина уриб туширилади.

Маълумот учун, АҚШнинг Ф-16 қирувчи самолётлари соатига 2 120 км (бу товуш тезлигидан анча юқори кўрсаткич ҳисобланади) тезликда 12 200 метр баландликка уча олади.

Бундан ташқари, экранопланлар асосан мамлакатнинг соҳилбўйи ҳудудларини ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқарилади. «Лун» хизматга юборилган Каспий денгизи Эрон билан бўлган озроқ чегарани айтмаганда СССРнинг ички денгизи эди ва бу ерда соҳилбўйини қўриқлашга ҳожат бўлмаган.

Фото: Shutterstock

Уни Қора ёки Болтиқ денгизига юборишга эса улгуришмайди. «Лун»  мукаммал эмаслиги, уни узоқ масофага учириб ёки шатакка олиб тортиб бориб бўлмаслиги аён бўлиб қолади.

Шу тариқа, советлар жуда катта лойиҳа қилишга зўр бериб тайёрлаган нўноқ ва фойдаланиш ноқулай бўлган транспорт тез ишдан чиқади. Оқибатда жуда катта маблағ ҳавога совурилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид