СССРда яширилган фожиалар – Чувашистондаги мактабда 106 нафар бола нега тириклай ёниб кетганди?
1961 йил Чувашистондаги мактаблардан бирида Октябр революциясининг 44 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилади. Тадбир бошлангач бироз ўтиб, мактабда ёнғин содир бўлади. Оқибатда 106 нафар ўқувчи тириклай ёниб кетади. Советлар фожиани оммадан яшириш учун болаларнинг жасадларини булдозер билан кўмиб юборишади. Ҳодиса СССР парчалангандан сўнг ошкор бўлади.
СССР парчаланиб кетгандан сўнг маълум бўлдики, бу давлатда жуда кўп ҳалокатлар, фожиалар юз берган ва уларнинг аксарияти оммадан яширилган.
Бундан 62 йил муқаддам Чувашистон АССРдаги мактаблардан бирида содир бўлган аянчли фожиа ҳақида ҳам одамлар 1990 йилда, СССР парчаланиб кетиши арафасида хабар топади.
Унгача бу ҳодиса ҳақида гувоҳлар ва фарзанди ҳалок бўлган ота-оналардан бошқа ҳеч ким ҳеч нарса билмаган.
Байрам тадбири
1961 йил 5 ноябр куни РСФСР таркибига кирувчи Кавказдаги Чувашистон АССРдаги Элбарусово қишлоғидаги мактабда Октябр революциясининг 44 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилиши белгиланганди (маълумот учун, совет даврида 7 ноябр бутуниттифоқ байрам куни бўлган. Шу кун арафасида мамлакатнинг барча ҳудудларида байрам тадбирлари ташкил этилган).
Болалар эрталабдан мактабга кела бошлайди, кўп ўтмай барча йиғилади. Элбарусово қишлоғида минг нафар аҳоли бўлиб, мактабда 200 нафардан ошиқроқ ўқувчи таълим олган.
Мактаб биноси XX аср бошларида ёғочдан қурилган бўлиб, унинг активлар зали йўқ эди. Иккита синфнинг орасидаги ёғоч деворни йиғиб қўйса бўларди ва турли тадбирлар асосан шу ерда ўтказиларди.
Фожиа содир бўлган куни 100 дан ошиқ ўқувчи сиғадиган ўша синфларга 200 дан ошиқ бола ва ўқитувчилар киритилади.
Кўп ўтмай байрам тадбири бошланади. Ўқувчилар «совет халқига бахт ва саодат олиб келган» революция мадҳ этилган шеърлар ўқийди. Қўшиқлар куйлашади. Улар ўша пайтда бироздан кейин ўзларини қандай фожиа кутаётганини билмасди.
Фожиа
Байрам тадбири давом этар экан, қўшни синфда ёнғин чиқади ва мактабнинг ёғоч биноси ёна бошлайди. Девор, шифт, оёқости, ҳамма ёқ ёғоч бўлгани учун олов тезда кучайиб, қўл кучи билан ўчириб бўлмайдиган даражага чиқади.
Сўнг тор йўлак ёниб, олов болалар тадбир ўтказаётган жойга етиб келади. Ўшанда ёнғин чиқишига мактабда фойдаланилган бензин билан ишловчи генератор сабаб бўлганди.
Қишлоққа электр тармоқлари етиб келмагани учун мактаб бензинли генератор билан ёритиларди. Генератор алоҳида ёғоч будкада турарди.
Сал аввал директорнинг хонасини таъмирлаган физика фани ўқитувчиси генераторни мактаб биносига олиб кирган ва у байрам тадбири бўлаётган жойга туташ хонада қолиб кетганди.
Ўша куни физика ўқитувчиси бошчилигидаги юқори синф ўқувчилари тадбир пайтида чироқни ёқиб қўйиш учун генераторни таъмирлашган. Улар байрам охирида ўқувчиларга филм намойиш этиб бермоқчи бўлишган.
Таъмирлаш пайтида генератор олдида турган идишдаги бензин тўкилиб кетган. Физика ўқитувчиси генеторни ёқиб чиқиб кетганидан сўнг ундан чиққан учқун бензиннинг ўт олишига сабаб бўлган.
Яна бир талқинга кўра, физика ўқитувчиси ва юқори синф ўқувчилари исиниш учун генератор турган синфнинг печини ёқишган. Ундан отилиб чиққан чўғ бензин идишига тушган.
Идиш портлаб, ундаги бензин атрофга сочилиб, ёна бошлаганда физика ўқитувчиси ва болалар ҳеч кимни огоҳлантирмасдан қочиб кетишган.
Олов тадбир ўтказилаётган жойга етиб келганда кеч бўлганди, олов иккита эшикни ҳам тўсиб қўйганди. Шу пайтда тадбир бўлаётган жойга аччиқ тутун ва олов кира бошлайди.
Ўқувчилар ваҳимага тушади ва кимлардир ўзини эшикка уради, бошқалар деразаларга ёпишади. Тутун туфайли ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Ўқитувчилар деразаларнинг ойнасини синдириб, болаларни ташқарига чиқара бошлайди. Бироқ ҳаммани чиқаришга улгуришмайди.
Бу орада бинонинг томи қулаб тушади ва ичкаридагилар унинг остида қолиб кетади. Уларни қутқаришнинг иложи бўлмайди. Ўт ўчирувчилар анча кеч қолишади. Улар етиб келганда мактаб биноси ва унда қолиб кетган ўқувчилар ёниб кетиб бўлганди.
Тадбирда қатнашаётган 200 нафардан ошиқ одамдан ярми, 100 нафар атрофида ўқувчилар амаллаб чиқиб кетади. Қолган 110 нафар одам тириклайин ёниб кетади. Ҳалок бўлганларнинг 105 нафари ўқувчилар, 5 нафари ўқитувчилар эди.
Фожиа гувоҳлари
Кейинчалик фожиадан омон қолган ўқувчилардан бири ҳодисани шундай эслаганди:
«Ўшанда мен 6-синфда ўқирдим. Мактабдаги хор тўгарагига қатнардим. Байрам тадбири бошланди. Кўп ўтмай гуруҳимиз билан саҳнага чиқдик ва хор бўлиб қўшиқ айта бошладик. Шу пайтда иккита эшикдан қора тутун ва олов кира бошлади. Бирпасда ҳамма ёқ исиб кетди ва тутун туфайли ҳеч нарсани кўриб бўлмай қолди. Шунда ёнимда турган ўқитувчи мусиқий асбоб билан дераза ойналарини синдирди. Дераза рахига чиқмоқчи бўлганимда бошқа болалар келиб мени сиқиб қўйишди. Болалар бир-бирини босиб, янчиб, ўзини деразага урарди. Шу пайтда қандайдир сонияларда тиқилинч бўшашиб қолди ва амаллаб деразага чиқиб пастга ўзимни отдим. Ортга қарасам деразадан ҳам олов чиқа бошлади. Кўп ўтмай олов бутун мактабни қуршаб олди».
Бошқа бир гувоҳнинг хотиралари:
«Уйим мактабдан 100 метр узоқликда эди. Аввалига қаттиқ овоз эшитилди. Кимдир ўқ уздими деб ташқарига чиқсам, мактаб ёняпти. Ҳамма ўша ёққа қараб югуряпти. Шунда кимдир «Болалар ёняпти» деб бақирди. Ичкарига, болалар турган жойга кирмоқчи бўлганимизда кучли олов туфайли бунинг иложи бўлмади. Мактаб анча ёнди. Одамлар ҳеч нарса қила олмасди. Тунда мактаб ёниб битгандан сўнг одамлар боласини қидира бошлади. Мен ҳам синглимнинг жасадини топдим. Бироқ бунгача етиб келган милиция ходимлари ҳеч кимга жасадларни олишга рухсат бермади. Ярим куйган жасадларнинг барчасини тўплаб, номаълум томонга олиб кетишди. Кейин билсак уларни сал нарига олиб бориб, булдозер билан кўмиб юборишибди».
Кейинчалик маълум бўлишича, олов тадбир ўтказилаётган жойга ёпирилгач у ердан асосан жисмоний бақувватроқ бўлган юқори синф ўқувчилари чиқиб кетишган. Ичкарида асосан бошланғич ва қуйи синфлар ўқувчилари қолиб кетган ва ҳалок бўлган.
«Жасадлар орасидан аввалига қизимни, кейин учта ўғлимни топдим. Қизим ўша куни ўзим тикиб берган кўйлакда эди. Унинг бир парчаси ёнмай қолган экан, қизимни ўшандан таниб қолдим. Болаларимизни дафн этишга беришмади ва юк машинасига ортиб олиб кетишди. Уларни булдозер билан оммавий қабрга кўмиб юборишибди. Ўшанда анча вақт қишлоқда куйган одамнинг қўланса ҳиди сақланиб турди», деб эслаган эди фожиада тўрт боласидан айрилган аёл.
Фожиа содир бўлаётган пайтда мактаб директори ёрдамчиси билан болаларни қутқариш ўрнига ҳужжатларни асраб қолиш учун ўзининг хонасига югуради.
Бироқ кейинчалик ўтказилган суриштирувларда у мактаб ҳужжатларини эмас, хонасидаги сейфда мактабга берилган пулларни асраб қолиш учун ҳаракат қилган экан.
Ҳодисанинг яширилиши ва булдозер билан кўмиб юборилган болалар
Мактаб биноси ва болалар бутунлай ёниб бўлгандан сўнг етиб келган ўт ўчирувчилар тутаб турган жойларга сув сепишади ва ёниб кетганларнинг жасадларини олиб чиқа бошлашади.
Тонгда қишлоққа КГБ ходимлари ва милиция отряди кириб келади. Улар энг аввал одамларни фожиа юз берган жойдан ҳайдашади. Ҳеч кимга ярим куйган жасадларни олишга рухсат берилмайди.
Эрталаб болаларнинг ва ўқитувчиларнинг жасадларини йиғиб, юк машинасига ортишади ва нарироққа олиб кетишади. Сўнг жасадларни ёғоч қутиларга солиб, булдозер билан кўмиб юборишади.
Ўшанда КГБ ходимлари ёниб кетган мактабни суратга олган бир неча киши билан «суҳбат ўтказишади» ва суратлар ўчириб ташланади.
Кейинчалик, ҳодиса юзасидан туман партия қўмитасида ўтказилган мажлис қайдномасига «Қишлоқ аҳолиси фожиа юз берганига қарамасдан сиёсий ҳушёрлик кўрсатиб, ўз фуқаролик бурчларини юксак даражада қайд этди» деб ёзиб қўйилган экан.
Жонини қутқариб қолган болалар орасида тан жароҳати олганлар ҳам бор эди. Оғир жароҳатланганларни туман марказига олиб кетишади. Енгилроқ жароҳат олганлар уйда даволанишади.
7 ноябр мамлакатда катта байрам саналиб, Элбарусовода содир бўлган ҳодиса байрам кайфиятини бузмаслиги керак эди. Шу сабабли ёниб бўлган мактаб ўрни текислаб ташланади.
7 ноябр куни ҳеч нарса бўлмагандай қишлоқда Октябр революциясининг 44 йиллиги муносабати билан митинг ўтказилади. Аслида бошқа жойларда бўлгани каби 7 ноябр куни Элбарусовода ҳам байрам тадбири ўтказилиши керак эди. Бироқ фожиа туфайли аксарият оила азадор бўлгани учун мутасаддилар бунга журъат қила олишмайди.
Ўшанда ҳисоб-китобларга қараганда қарийб юзтача оила ўз фарзандидан айрилади. Улар орасида учта оила бирданига тўрт нафардан боласини йўқотади.
Иккита оиладан уч нафардан, ўн еттита оила икки нафардан, қолган оилалар бир нафардан боласидан айрилади. Еттита оила ягона фарзандини йўқотади.
Ҳодиса барчадан яширилади. Бироқ «Америка овози» радиоси хабар топган эди, ҳодисанинг эртаси куни «Коммунистлар Элбарусовода болаларни тириклайин ёқди» деб хабар беришади.
Ўша куни тирик қолган мактаб директори ҳалок бўлган ўқувчиларнинг ота-онаси қасос олмасин деб қочиб кетади. Ҳодисадан сўнг у топилиб, ишдан олинади ва жиноий иш қўзғатилиб, саккиз йилга қамалади.
Директорнинг хонасини таъмирлаган ва генераторни мактаб биносига олиб кирган физика ўқитувчиси ўн йилга қамалади. Унинг ҳомиладор хотини фожиада ҳалок бўлганди.
Шунигдек, Чувашистон АССР Марин-Посадский туман халқ таълими бўлими мудири ишдан олиниб, партиядан ҳайдалади.
Орадан бир йил ўтиб Элбарусовода ғиштдан янги мактаб биноси тикланади. Шу билан ҳодиса унутилади.
1980-йиллар охирига келиб, Горбачёв бошлаган ислоҳотлар туфайли Элбарусовода содир бўлган ҳодиса ҳақида гап-сўзлар чиқа бошлайди. Орадан қарийб 30 йил ўтиб, илк марта фожиа тафсилотлари очиқланади ва омма ундан хабар топади.
1994 йилда болалар оммавий кўмиб юборилган жойда ёдгорлик монументи ўрнатилади. Унда фожиада ҳалок бўлган болаларнинг исм-шарифлари ёзиб қўйилган.
Ҳар йили 5 ноябр куни болалар кўмиб юборилган жойда хотира тадбири ўказилади. Ўша пайтда тирик қолган ва тақдир тақозоси билан бошқа жойда яшаётганлар шу куни Элбарусовога етиб келади ва тадбирда қатнашади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
11:39 / 26.12.2024
Ғилай Ленин – СССРда 10 рубллик пулларни сохталаштирган шахс қандай фош бўлганди?
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
14:37 / 08.12.2024