Жаҳон | 12:17 / 18.11.2023
4876
2 дақиқада ўқилади

АҚШда шатдауннинг олдини олишга қаратилган қонун имзоланди

Аввалроқ Конгресс томонидан қабул қилинган ҳужжат 2024 йилда АҚШ ҳукумати иши тўхтаб қолиши («шатдаун»)нинг олдини олишга қаратилган. 

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Конгресс иккала палатаси томонидан илгари маъқулланган федерал ҳукумат фаолиятини вақтинчалик молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда 17 ноябр, жума куни Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди

Аввалроқ CNN хабар берганидек, ҳужжатда Энергетика вазирлиги ҳамда ҳарбий қурилиш, фахрийлар ишлари, транспорт, уй-жой ва бошқа масалаларга масъул идораларни молиялаштиришни 2024 йил 19 январга қадар, давлат бошқарувининг бошқа соҳаларига тегишли муассасаларни эса 2024 йил 2 февралгача узайтириш таклиф этилган. 

Байден томонидан имзоланган қонун Украина ва Исроилга ёрдамни ўз ичига олмайди 

Шу билан бирга, қонунда Россиядан ўзини ҳимоя қилаётган Украина ва ҲАМАС ташкилотига қарши уруш олиб бораётган Исроилга ёрдамни молиялаштириш бўйича ҳеч қандай банд йўқ. 

Турли федерал идораларнинг 2024 йил учун бюджетлари 11 ноябргача тасдиқланиши керак эди. Аммо сўнгги сессияда демократлар назоратидаги Сенат ва республикачилар кўпчиликни ташкил этувчи Вакиллар палатаси ўртасидаги қарама-қаршилик бунга тўсқинлик қилди. 
 
АҚШда эҳтимолий шатдауннинг оқибатлари 

Ҳукумат иши тўхтаб қолиши 1,5 миллионга яқин АҚШ ҳукумати ходимларини уйларига маошсиз юбориш билан таҳдид солади. Шатдаун, шунингдек, федерал мулкка тегишли бўлган аксарият объектлар, жумладан, миллий боғлар ёпилишини ва ҳаво ҳаракатини бошқариш чекланишини англатади, бу америкаликларнинг саёҳат режаларига таъсир кўрсатади.

Мавзуга оид