Ўзбекистон | 12:36 / 11.12.2023
10995
5 дақиқада ўқилади

“Ҳудудгазтаъминот”: Табиий газ тўлиқ ҳажмда етказилмоқда, етишмовчилик йўқ

Ҳозирги вақтда табиий газ истеъмолчиларига “зангори ёқилғи” тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчиликлар кузатилмаяпти, деб баёнот берди “Ҳудудгазтаъминот”. Компания табиий газдан фақат бирламчи заруриятлар учун фойдаланишни, уйдан чиқиб кетаётганда иситиш жиҳозларини ўчиришни сўради.

Фото: Kun.uz

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳаво ҳарорати пасайган айни кунларда тизимдаги ҳолат ва авариялар ҳақида расмий маълумот берди.

“Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан бутун мамлакат бўйича табиий ва суюлтирилган газ истеъмолининг ортиши кузатилмоқда. Истеъмолчилар ўртасида ёқилғини тенг тақсимлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ мутахассислари 24 соатлик режимда иш олиб боришмоқда ва юзага келган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишмоқда.

Ҳозирги вақтда табиий газ истеъмолчиларига “зангори ёқилғи” тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчиликлар кузатилмаяпти. Олис ҳудудларга суюлтирилган газ тўлиқ ҳажмда ва маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланган график асосида етказилмоқда. Ҳудудларда авария ҳолатлари кузатилганда, мутахассислар жойига юборилмоқда ва улар муаммоларни бартараф этишмоқда”, – дейилади компания баёнотида.

Қайд этилишича, 9 декабр куни газ таъминоти ташкилотлари томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 105 миллион куб метр табиий газ етказиб берилган. Суюлтирилган газ истеъмолчиларига эса 2 224 тонна ёқилғи етказилган.

“Муаммолар кузатилган жойларда газ таъминотини яхшилаш борасида соҳа мутахассислари томонидан катта кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчасидаги авария ҳолати бартараф этилди, айни вақтда унга қўшни бўлган В.Воҳидова ва Тафаккур кўчаларидаги газ қувурларида юзага келган носозликлар бартараф этилмоқда. 7 декабр куни сув таъминоти тизими ходимлари авария ҳолатини бартараф этиш жараёнида трактор орқали газ қувурларига шикаст етказган. Натижада газ қувурларига сув йиғилган ва учта кўчада газ босими пасайиши кузатилган. Айни вақтда “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти Пискент тумани “Оқтепа” МФЙдаги газ қувурларида авария ҳолати кузатилган. Юк автомобили ўрта босимли газ қувурига шикаст етказган, натижада 70 та хонадон вақтинча газ таъминотидан узилган. “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали мутахассислари авария оқибатларини бартараф этишди.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Бўстон” ва “Узумзор” МФЙларидан ўтувчи ўрта босимли газ қувурида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали мутахассислари тўрт соат ичида муаммони бартараф этишди ва истеъмолчилар учун газ таъминотини қайта тиклашди.

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида ҳам авария ҳолати бартараф этилди. “Тезгузар”, “Бобохайдар”, “Пашмон”, “Мирзоқул”, “Зарчабек”, “Калмакон”, “Шодлик”, “Саврак”, “Бобур” ва “Хўжа Ориф” МФЙларини табиий газ билан таъминловчи ер ости газ қувурида газ сизиб чиқиши ҳолати аниқланди. “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали мутахассислари носозликни бартараф этишди. Газ таъминоти қайта тикланди.

Шунга ўхшаш ҳолат Бухоро вилоятининг Жондор туманида ҳам содир бўлди. “Пулоти” МФЙдан ўтувчи ўрта босимли газ қувурига трактор томонидан шикаст етказилгани натижасида 350 та истеъмолчи вақтинча газ таъминотидан узилиб қолган. Айни вақтда авария ҳолатини бартараф этиш жараёнлари якунланган”, – дея маълум қилди “Ҳудудгазтаъминот”.

Газ таъминоти корхонаси фуқароларга мурожаат қилиб, алоҳида маҳалла ва хонадонларда газ етишмовчилигининг олдини олиш учун, газ жиҳозларидан фақат бирламчи заруриятлар учун фойдаланишни, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни сўради.

Шунингдек, баёнотда табиий газни узлуксиз етказиб бериш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги ҳам эслатиб ўтилган. Тўловларни туман газ таъминоти бўлимлари ва банк филиалларида, шунингдек, барча тўлов тизимларининг мобил иловалари орқали 24/7 режимида амалга ошириш мумкин.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ тизими мутахассислари барча таклифлар, шикоятлар ва мурожаатларни 1104 телефон рақами орқали, газ сизиб чиқиши ҳолатлари, фавқулодда вазиятларни ва бошқа техник муаммоларни бартараф этиш бўйича аризаларни 104 рақами орқали қабул қилади, дейилади компания расмий хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта барча ҳудудларда автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг иш вақти суткасига 9 соатгача чекланган эди.

Мавзуга оид