Сув дунёсини «ўлдираётган» осиёликлар — океанларга хавфли пластик чиқиндиларни ким кўп оқизмоқда?
Йирик дарёларнинг аксарияти дунё океанини пластик чиқиндилар билан тўлдириб, сув олами жонзотлари учун жиддий хавф туғдирмоқда. Бу Осиё қитъасида оқадиган дарёларнинг ҳар йили миллионлаб тонна пластик чиқиндиларни Тинч ва Ҳинд океанларига оқизиб бораётганида яққол кўзга ташланади.
Бугун «пластик балоси» том маънода инсоният учун жиддий хавфга айланди. Олимлар томонидан бир асрда ўтса-да чиримасдан туравериши айтилган пластик табиатнинг кушандасига айланмоқда.
Ҳар йили Ер юзи бўйлаб ўртача 300-400 млн тонна пластик чиқинди чиқади. Унинг чорак қисми дуч келган жойларга улоқтирилади. Сўнгги йилларда бу кимёвий маҳсулот океанларнинг энг тубидан тортиб, то дунёнинг энг баланд нуқтаси — Жамолунгма чўққиси этакларигача етиб борди.
Тартибсиз равишда ташланган пластикларнинг бир қисми қуруқликда сочилиб ётган бўлса, бошқа бир қисми йирик дарёлар орқали дунё океанига чиқиб кетяпти.
2019 йилда дунёнинг 194 та давлати дунё океанига пластик чиқиндилар ифлосланишини бартараф этиш ҳақидаги резолюцияни имзолади. Вазият шундан кейин ҳам хавотирли ҳолда қолмоқда ва пластик чиқиндилар океанларга оқиб чиқишда давом этяпти.
Фақат 2020 йилда пандемия муносабати билан океанларга турли чиқиндилар билан бирга пластик чиқиндилар оқиши бироз камайган. Пандемия ўтиб кетгандан сўнг вазият эски ҳолига қайтди.
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунё океанига йилига 3 млн тоннагача пластик чиқинди тушмоқда. Умумий ҳисоб-китоблар 1980 йилдан бугунгача дунё океанига камида 25 млн тонна пластик чиқинди тушганини кўрсатади.
Олимлар дунё океанидаги пластик чиқиндилар тахминий ҳисоблардан кўпроқ миқдорда бўлиши мумкинлигини ҳам айтади.
Бундан ташқари, ҳар йили соҳилбўйи ҳудудларга (асосан дам олиш масканлари ва пляжлар жойлашган жойлар) ташлаб кетилган пластик чиқиндиларнинг асосий қисми ҳам дунё океанига чиқиб кетмоқда.
2022 йил маълумотларига кўра, бу кўрсаткичда Филиппин биринчи ўринда турибди. Бу давлат соҳилларида сочилиб ётган пластик чиқиндилардан 356 минг тоннаси дунё океанига тушган.
Шунингдек, Ҳиндистонда 126 минг тонна, Малайзияда 73 минг тонна, Хитойда 70,7 минг тонна, Индонезияда 56 минг тонна, Мянмада 40 минг тонна, Бразилияда қарийб 38 минг тонна, Ветнамда 28 минг тонна, Таиландда қарийб 23 минг тонна атрофга ташланган пластик чиқинди океанга чиқиб кетган.
Дунё океанига бориб тушган пластик чиқиндиларнинг бир қисми соҳил бўйларида сақланиб қолса, қолгани сув тубига чўкади. Оқибатда океанларда яшайдиган кўплаб жонзотлар уларни ютиб юбориб, нобуд бўлмоқда.
2023 йил ҳолатига кўра дунё океанида 171 триллион бўлак пластик чиқинди сузиб юрибди ёки сув тубига чўккан. 2005 йилда бу кўрсаткич 16 трлн бўлак бўлган ва ўтган йилларда 10 мартадан ошиқроқ кўпайган.
Бугун дунё океанига тушган пластик чиқиндиларнинг асосий қисмини йирик дарёлар оқизиб чиқмоқда. Пластик маҳсулотларни ишлатиш оммалашгандан сўнг дунё океанига пластик чиқиндиларни кўп чиқараётган ўнта дарёнинг саккизтаси Осиёда, иккитаси Африкада жойлашган.
Улар пластик чиқиндиларни асосан Тинч ва Ҳинд океанига олиб чиқяпти. Умумий ҳисобда дунё океанига тушаётган пластик чиқиндиларнинг 90 фоиздан ошиғини дарёлар оқизиб бормоқда.
Турли маълумотларга кўра, океанларда сузиб юрган пластик чиқиндилар ҳар йили 1 млн денгиздан озиқланувчи қушларнинг, 100 мингдан ошиқ сут эмизувчиларнинг нобуд бўлишига олиб келмоқда.
Қуйида океанларга энг кўп пластик чиқинди оқизаётган йирик дарёлар ҳақида маълумотларни келтирамиз.
Янцзи
Хитойдаги иккита йирик дарёнинг бири бўлган Янцзи Ҳимолай тоғларининг шимолий қисмидан бошланади. Сўнг Хитойни кесиб ўтиб, Сариқ денгизга қуйилади.
6 300 км масофадан оқиб ўтувчи Янцзи Евросиё материгидаги энг серсув дарё ҳисобланади. У дунёда серсувлиги бўйича 3-ўринда, узунлиги бўйича 4-ўринда жойлашган.
Янцзи Хитой иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. У оқиб ўтадиган ҳудудларда Хитой ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 20 фоизига тенг маҳсулот ишлаб чиқарилади. Табиийки, аксарият корхоналар дарё сувидан фойдаланади.
Бундан ташқари, дарёга ҳар йили миллионлаб тонна турли чиқиндилар ташланади. Оқибатда Янцзи ҳар йили Сариқ денгизга 1,5 млн тонна пластик чиқиндиларни оқизади.
Дунё бўйлаб океанларга чиқаётган пластик чиқиндиларнинг асосий қисмини Янцзи дарёси оқизади. Дунёдаги барча дарёларнинг умумий кўрсаткичи билан солиштирганда ҳам Янцзи улардан кўп пластик чиқиндиларни океанга олиб чиқади.
Ҳинд
Ҳимолай тоғларининг Хитойга тегишли қисмидан бошланувчи бу дарё озроқ ҳудудда Ҳиндистондан оқади. Сўнг Покистонни шимолдан жанубга кесиб ўтади ва Карачи шаҳри яқинида Ҳинд океанига қуйилади.
Панжоб ва урду тилларида Синд деб аталувчи мазкур дарёнинг умумий узунлиги 3 180 км. Унинг қирғоқлари яқинида Покистоннинг жуда кўп шаҳар ва қишлоқлари жойлашган. Шу сабабли дарёга ҳар йили жуда катта миқдорда турли чиқиндилар, шу жумладан ишлатилган пластмасса буюмлар ташланади.
Ҳинд дарёси дунё океанини ифлослантиришда иккинчи ўринни эгаллайди ва ҳар йили 150-200 минг тонна атрофида пластик чиқиндиларни океанга оқизиб чиқаради.
Ҳуанҳе (Сариқ дарё)
Бу дарё ҳам Ҳимолай тоғларининг шарқий қисмидан, денгиз сатҳидан 4 500 метр баландликдаги музликдан бошланади. Сўнг 5 464 км масофада Хитой бўйлаб оқиб, Боҳайван қўлтиғида Сариқ денгизга қуйилади.
Ҳуанҳе бўйларида Хитойнинг кўплаб аҳоли пунктлари жойлашган ва улардан дарёдаги тинимсиз чиқиндилар оқизилмоқда.
Дарё ҳар йили Тинч океанига 100-150 минг тонна атрофида пластик чиқинди олиб чиқмоқда.
Ҳайҳе (Оқ дарё)
Бу дарё ҳам Хитойда жойлашган. У тўртта Байҳе, Вайҳе, Цзияҳе ва Дацинҳе дарёларининг қўшилишидан пайдо бўлади.
У умумий ҳисобда 1 090 км масофадан оқиб ўтиб, Боҳайван қўлтиғида Сариқ денгизга қуйилади.
Ҳайҳе дарёси ҳам ҳар йили Тинч океанига тахминан 100 минг тонна атрофида пластик чиқиндиларни оқизиб чиқади.
Нил
Нил Африка қитъаси марказида жойлашган Конго демократик республикасининг шарқий қисмидаги Шарқий Африка ясси тоғларидан бошланади.
Эфиопиядан бошланувчи Кўк Нил ва Руандадан бошланувчи Оқ Нил дарёлари қўшилгач Нил номини олади. Сўнг у Судан ва Мисрни кесиб ўтиб, Ўрта ер денгизига қуйилади.
Нилга оқим давомида Жанубий Судан ва Эфиопия ҳудудидан бошланадиган бир нечта йирик ирмоқлар қуйилади.
Судан ва Мисрда аксарият аҳоли пунктлари ва саноат корхоналари Нил қирғоқларида жойлашган. Бу ҳолат дарёга бошқа чиқиндилар қатори минглаб тонна пластиклар ташланишига сабаб бўляпти.
Оқибатда Нил ҳар йили Ўрта ер денгизига ўртача 80-100 минг тонна атрофида пластик чиқинди оқизиб бормоқда.
Ганг
Ганг дарёси Ғарбий Ҳимолайдаги Ганготри музлигидан бошланади ва Ҳиндистонни кесиб ўтиб, Бангладеш ҳудудида Ҳинд океанига қуйилади. Унинг узунлиги 2 700 км.
Ганг Браҳамапутра деб аталувчи йирик ирмоғи билан Амазонка ва Конго дарёларидан сўнг дунёнинг учинчи серсув дарёси ҳисобланади.
Мазкур дарё ҳам ҳар йили Ҳинд океанига 75-80 минг тонна атрофида пластик чиқинди оқизиб боради.
Чжуцзян (Марварид дарё)
Чжуцзян ҳам Хитойда жойлашган бўлиб, унинг узунлиги 2 400 км. У бир нечта кичик дарёларнинг қўшилишидан пайдо бўлади ва Хитойнинг аҳоли зич яшайдиган ҳудудларидан оқиб ўтади. Сўнг Ҳонгконг ва Макао яқинида Япон денгизига қуйилади.
Бу дарё узунлиги бўйича Хитойда учинчи, серсувлиги бўйича Янцзидан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди. Дарё ҳар йили Тинч океанига қарийб 55-60 минг тонна пластик чиқинди оқизиб чиқади.
Амур
Бу дарёни хитойликлар Хайхе – катта дарё деб аташади. У Байкалорти ўлкасидан бошланиб жуда узоқ масофада Хитой ва Россия чегараси бўйлаб оқади.
Амур дарёси 2 824 км масофани оқиб ўтиб, Хабаровск ўлкасида Тинч океанига қуйилади.
Бундан 20-30 йилча аввал Амур жуда тоза дарё бўлган. СССР парчаланиб кетгандан сўнг дарёдаги бир нечта ороллар Россия томонидан Хитойга бериб юборилди.
Сўнгги 20 йилда хитойликлар дарё ёқасида жойлашган шаҳар ва қишлоқларни кескин ривожлантириб юборди. Шунга яраша қирғоқбўйи ҳудудларда аҳоли сони кўпайди.
Оқибатда Амурнинг суви жуда ифлосланди ва у бугун океанга пластик чиқинди оқизиш бўйича дунёдаги 10 дарё орасидан жой олмоқда.
Сўнгги йилларда Амур дарёси ҳар йили Тинч океанига 40-50 минг тонна атрофида пластик чиқинди оқизиб чиқармоқда.
Нигер
Нигер Ғарбий Африкадаги муҳим дарёлардан бири ҳисобланади. У Серра-Леоне ва Гвинея давлатлари чегарасида жойлашган Леон-Либерия тепаликларидан бошланади.
Сўнг Гвинея, Мали, Нигер ва қисқа масофада Нигер ва Бенин ўртасидаги чегарадан, охирида Нигерия бўйлаб оқиб, Атлантика океанига қуйилади.
Нигер ўзи оқиб ўтадиган бешта давлат учун муҳим дарё ҳисобланади. Аксарият шаҳар ва қишлоқлар дарё ёқасида жойлашган. Шу сабабли унга жуда кўп пластик чиқинди ташланади.
Нигер дарёси ҳар йили Атлантика океанига 40-50 минг тонна атрофида пластик чиқинди оқизиб чиқмоқда.
Меконг (Тўққиз аждарҳо дарёси)
Меконг дарёси Тибет тоғларида жойлашган Тангла чўққисидан бошланади. Сўнг Хитой, Мянма, Лаос, Тайланд, Камбоджа ҳудудидан ўтиб, Ветнам ҳудудида Жанубий Хитой денгизига қуйилади.
Меконгнинг узунлиги 4 500 км бўлиб, бошқа дарёлар каби унинг қирғоқ ҳудудида кўплаб шаҳар ва қишлоқлар жойлашган. Шу сабабли унга ҳар йили кўп миқдорда турли чиқиндилар оқизилади.
Меконг дарёси ҳар йили Тинч океанига 35-40 минг тонна пластик чиқиндиларни олиб чиқади ва бу кўрсаткич бўйича дунёдаги дарёлар орасида 10-ўринни эгаллайди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
16:12 / 20.12.2024
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
12:58 / 19.12.2024
Ўзбекистон бўйлаб икки мингга яқин ноқонуний чиқиндихоналар аниқланди — «Ўзбеккосмос»
14:33 / 01.12.2024
Ҳиндистонлик рожа Rolls-Royce’дан чиқинди йиғувчи машина сифатида фойдаланганми?
14:38 / 30.10.2024