Жаҳон | 10:59 / 17.12.2023
43286
14 дақиқада ўқилади

Ер остида жойлашган ва энг кўп ўлик кўмилган шаҳарлар – дунёнинг ғайриоддий масканлари

Сан-Франциско яқинидаги шаҳарчада атиги 1500 киши яшайди, лекин у ерда 1,5 млн ўлик кўмилган. Австралиядаги шаҳарча эса бутунлай ер остида жойлашган, ҳаттоки унинг қабристони ҳам. Аляскадаги шаҳарчада эса барча одамлар 14 қаватли битта уйда яшайди. Хитойдаги дарё бўйидаги шаҳарнинг эни 400 метр, узунлиги 60 км.

Фото: AP

Бугун Ер юзида ғайриоддий масканлар жуда кўп. Улар орасида табиат манзаралари, тарихий жойлар билан бирга ғаройиб шаҳарча ва шаҳарлар ҳам бор. Улардан бири ўзининг жойлашуви билан, бошқаси замонавий бино ва иншоотлари билан машҳур.

Қуйида Ер юзидаги энг ноодатий ва ғайриоддий шаҳарлар рейтингида Топ-10 таликка киритилган шаҳарлар билан таништирамиз.

Янжин шаҳри тор дарада шундай жойлашган.

Янжин (Хитой)

Бу ғаройиб шаҳар Хитойнинг Юннан провинциясида жойлашган. Янжин жуда тор шаҳар бўлиб, унинг эни энг кенг жойда 400 метр, тор жойда эса атиги 30 метр. Узунлиги 60 километрга чўзилган. Янжинда қарийб 400 минг одам яшайди.

Шаҳар Тибетда, иккита тоғ тизмаси орасидаги дара бўйлаб оқиб ўтувчи Нанси дарёси бўйида қурилган. Янжинни кенгайтириб бўлмайди ва шаҳар дара бўйлаб чўзилиб кетмоқда.

Нанси қирғоқлари ўрмон билан қопланган тик қияликлардан иборат. Шаҳар қурилиши учун дарё ёқасида тор ер бор холос. Ўзига хос жой бўлгани учун уйларнинг барчаси кўп қаватли қилиб қурилган.

Дарё мавсумий ёмғирлар пайтида тўлиб оқади ва тошқинлар юз беради. Сув кириб кетишининг олдини олиш учун уйлар бетон устунлар устига қурилган. Бироқ истиснолар ҳам бўлиб туради ва дарё сатҳи баландроқ кўтарилса, уйларнинг биринчи қаватини сув босади.

Доимий равишда тошқин хавфи бўлишига қарамасдан Янжинга кўчиб келувчилар кўп ва шаҳар катталашишда давом этмоқда.

Янжинга авваллари тоғ устидан ошиб келадиган хавфли йўл орқали бориш мумкин эди. Кейинчалик тоғни тешиб, 2 километрлик туннел қурилди. Шундан сўнг шаҳар жуда тез суръатда ривожланиб, кенгая бошлади.

Чонцингдаги энг машҳур бинолар мажмуаси

Чонцинг

Чонцинг шаҳри мамлакатнинг марказий қисмида, Далоушан, Ушан ва Дабашан тоғ тизмаларининг ёнбағирларида, Янгцзи ҳамда Жиалингжиан дарёлари бирлашадиган ерда жойлашган.

Чонцингга 1929 йилда шаҳар мақоми берилган ва у 1997 йилда марказга бўйсунувчи муниципалитетга айлантирилган.

Бу шаҳар ўзининг кўплаб осмонўпар бинолари билан ҳам машҳур. Айниқса, 2015–2019 йиллар оралиғида қурилган Раффлз-Сити осмонўпар бинолар мажмуаси жуда машҳур. Уни қуришга қарийб 4 млрд доллар сарфланган.

Чонқинг яна бир сабабга кўра сайёрамиздаги энг ноодатий шаҳарлардан бири — у дунёдаги энг катта транспорт тугунларидан бири саналади. Шаҳарда энг мураккаб 5 даражадаги 20 та йўл ўтказгич бор. Дунёдаги арка кўринишидаги энг узун кўприк ҳам Чонцингда қурилган.

Чонцинг дунёдаги энг йирик мегаполислардан бири ҳисобланади. Шаҳар ҳудуди 82 403 км кв бўлиб, у Австрия ҳудуди (83 879 км кв) билан қарийб тенг. Чонцингда 32 млн.дан ошиқ одам яшайди ва бу Австрия аҳолисидан тўрт баравар кўп. Аҳолининг 65 фоизи шаҳарда, 35 фоизи унинг атрофида яшайди.

Шаҳар сўнгги йилларда жуда тез суръатда ўсмоқда. Чонцинг четидаги эски маҳаллалар бузилиб, ўрнига осмонўпар бинолар, кўп қаватли уйлар, бизнес марказлар қурилмоқда.

Чонцингдаги метро кўп қаватли уйнинг ўртасидан ўтиб кетади.

Чонцингни машҳур қилган яна бир нарса кўп қаватли уйнинг 6-8-қаватлари оралиғида жойлашган метро бекати. Монорелсда ҳаракатланадиган тезюрар поездлар тўғридан тўғри бинонинг ўртасидан ўтади.

Метро йўли қурилишида энг юқори сифатга эга шовқинни ютувчи материаллардан фойдаланилгани учун у шовқин чиқармайди ва аҳолига ноқулайлик туғдирмайди.

2019 йилда Чонцингда 397 та машина сиғадиган ноёб автотураргоҳ ҳам қурилади. Ҳайдовчи машинани махсус платформага жойлаштиради. Платформа вертикал равишда маълум бир бурчакка кўтарилади ва машина ён томонга ўтади. Машинани автотураргоҳга бир дақиқада жойлаштириш мумкин.

Хитойликларнинг ўзлари Чонцингни бошқа сабабга кўра ғалати шаҳар деб билишади: у мамлакатдаги велосипедчилар йўқ ягона мегаполис ҳисобланади.

Кубер-Педидаги уйлар шу тахлитда жойлашган

Кубер-Педи (Австралия)

Бу ғайриоддий шаҳар Жанубий Австралия штатида, чўлнинг қоқ ўртасида жойлашган. 2023 йил маълумотларига кўра Кубер-Педи шаҳри аҳолиси 2 минг киши атрофида.

Шаҳарча ер остида жойлашган ва унда ўша атрофдан опал (шишасимон тош) қазиб олиш билан шуғулланадиган одамлар яшашади. Кубер-Педи атрофида Ер юзидаги опал захирасининг 30 фоизи бор. Дунёда опалнинг 97 фоизи шу ерда қазиб олинади.

Шаҳарча аҳолисининг турар жойлари тоғга ўйилган катта ғорлардан иборат. Бундай уйларда сув, канализация, электр, интернет ва ҳатто ер ости бассейнлари мавжуд.

Кубер-Педи Австралиянинг ёғингарчилик кам бўладиган ҳудудида жойлашган. Шу сабабли ичимлик суви тармоғи бошқа жойдан тортилган.

Ноқулай иқлим туфайли Кубер-Педи жойлашган ҳудудда ер юзасида яшаш жуда оғир. Бу ерда ҳаво ҳарорати кундузлари +45 даражагача кўтарилади ва қум бўронлари тез-тез содир бўлади.

Ер остидаги ғор уйларда эса ҳаво анча салқин – ўртача +23 даража бўлади. Бундай қулай ҳароратда кондиционерсиз ҳам яшаш мумкин.

Бу ноодатий шаҳарчада нафақат уйлар, балки бутун инфратузилма, савдо дўконлари, меҳмонхоналар, мактаблар, кутубхоналар, музей ва ҳатто қабристон ҳам ер остида жойлашган.

Макоко манзараси

Макоко (Нигерия)

Нигерия пойтахти Лагос шаҳрининг асосан қашшоқлар яшайдиган йирик квартали Макоко деб аталади. Бир пайтлар Макоко ўрнида кичик балиқчилар қишлоғи бўлган ва унинг аҳолиси Лагосни денгиз маҳсулотлари билан таъминлаган.

Кейинчалик Лагосдан бошпана топа олмаган қашшоқлар бу ерга кўчиб келаверади ва Макоко аҳолиси тез суръатларда кўпайиб бораверди. Энди у Лагоснинг қашшоқлар яшовчи квартали ҳисобланади.

Макоконинг ўзига хослиги шундаки, бу ерда барча кулбалар сув устига қурилган. Одамлар транспорт воситаси сифатида қайиқлардан фойдаланади. Шу сабабли уни «Қора Венеция» деб аташади.

Макокода одамлар жуда ёмон шароитларда яшашади. Барча чиқиндилар ва оқова сувлар тўғридан тўғри денгизга тушади. Шу сабабли сувдан мудом ёқимсиз ҳид анқиб туради.

Макокодаги сузиб юрувчи мактаб

Макоконинг харобаларида сузиб юрувчи мактаблар бор – ўқитувчилар қайиқларда келиб дарс беришади. Шунингдек, қайиқларда жойлашган кичик кафе ва сартарошхоналар мавжуд.

Статистик маълумотларга кўра, Макокодаги ҳар бир кулбада ўртача 6-10 киши яшайди. Даҳшатли антисанитария ҳолати ва тиббий ёрдамнинг етишмаслиги туфайли аҳолининг атиги 5 фоизи 60 ёшгача яшайди. Шу сабабли у ерда кексалар жуда кам.

Расмий маълумотларда Макоконинг 250 минг аҳолиси борлиги айтилади. Бироқ у ердаги муаммоларнинг асл кўламини яшириш учун рақамлар камайтириб кўрсатилган бўлиши ҳам мумкин.

Нигерия маъмурлари атроф-муҳитга хавф туғдираётганини айтиб, Макоко харобаларни бузишга бир неча бор уриниб кўрди. Кулбалар ўрнига муқобил бошпана таклиф этилмагани учун одамлар исён кўтарди. Шунда расмийлар ўз фикридан қайтди.

Макокодаги ғариб кулбалар Логос шаҳридаги замонавий бинолар ҳамда ҳашаматли 10 километрлик кўприк фонида туради ва барчаси биргаликда сюрреалистик (ярим реаллик, ярим туш тасвирга шундай таъриф берилади) манзара касб этади.

Ауровил шаҳарчаси

Ауровил (Ҳиндистон)

Бу ғайриоддий шаҳарча мамлакат жанубида, Тамилнад штатида жойлашган. Ауровил сўзи «тонг шаҳри» маъносини англатади. У 1968 йилда турли инсонлар яшовчи халқаро интернационал жамиятни яратиш тажрибаси сифатида ташкил этилган.

Ауровилдаги одамлар дин, сиёсат ва миллатдан айро ҳолда яшайди. Уларга тиббий ёрдам, таълим ва кўнгилочар дастурларнинг барчаси текин.

Ауровил ғайриоддий меъморчилиги ва ландшафти билан фарқланади.

Ауровил Ҳиндистон ҳудудида жойлашган бўлса ҳам бу давлатнинг бир қисми эмас. У ЮНЕСКО тасарруфидаги мухтор бирлик ҳисобланади. Маълумотларга кўра, у ерда 58 давлатдан келган 3 мингдан ошиқроқ одам истиқомат қилади.

Ауровил чўлнинг ўртасида қурилган ва шаҳарча атрофига 2 млн тупдан ошиқ дарахт экилган. 2-3 қаватли уйлар ўрмон кўринишига келиб қолган дарахтлар орасида жойлашган.

Шаҳарнинг энг муҳим биноси Матримандир деб номланади ва у олтин плиталар билан қопланган шар шаклига эга.

Ироқдаги Ал-Амадия шаҳарчаси

Ал-Амадия (Ироқ)

Ал-Амадия шаҳарчаси эрамиздан 3 минг йил аввал, турли баландликлар стратегик муҳим бўлган даврларда ташкил топган. У Ироқнинг Даҳук вилоятида, 1400 метр баландликдаги текис тоғ чўққисида жойлашган.

Ал-Амадия жойлашган ернинг узунлиги 1 км, кенглиги 500 метрни ташкил этади. Минг йиллар давомида шаҳарча катталашмаган, чунки бунинг мутлақо иложи йўқ. Шаҳарчада бино қуриш учун жой қолмагани туфайли унинг аҳолиси бошқа жойларга кўчиб ўтишга мажбур бўлади.

Шаҳарчада 11 мингдан ошиқ одам бор ва улар асосан курд, яҳудий, халдей (семит тил гуруҳига киради) миллатларидан иборат. Бу ерда мусулмонлар, насронийлар ва оз сонли яҳудийлар яшайди.

Ал-Амадияда фаровон ҳаёт учун зарур бўлган ҳамма нарса, савдо дўконлари, ресторанлар ва тиббий хизмат мавжуд. Шунингдек, у ерда маҳаллий полиция идораси ҳам жойлашган.

Шаҳарчада замонавий уйлар билан бир қаторда қадимий Оссурия давридан қолган биноларнинг харобалари сақланиб қолган.

Денгиз сатҳидан 5100 метр баландликда жойлашган Ла-Ринконада шаҳри

Ла-Ринконада (Перу)

Ла-Ринконада денгиз сатҳидан 5100 метр баландликда сўнган вулқон лавалари устида жойлашгани учун кўпчилик уни ер юзидаги дўзах деб атайди.

Ла-Ринконада дунёдаги денгиз сатҳидан энг баланд ерда жойлашган шаҳар ҳисобланади. Баландликда атмосферада кислород жуда сийрак бўлгани учун у ерда нафас олиш жуда қийин.

Бундан ташқари, у ерда иқлим жуда ноқулай. Ёзда кўп ёмғир ёғади, қиш эса жуда қуруқ ўтади. Шаҳарда ўртача йиллик ҳарорат +1 даражани ташкил этади.

Ла-Ринконадада канализация тизими яхши ривожланмаган. Чиқиндиларни олиб чиқиш билан боғлиқ муаммолар бор. Санитария қоидаларига амал қилинмайди. Шу сабабли шаҳарда ҳар доим ёқимсиз ҳид таралиб туради.

Уйларнинг аксарияти иситилмайди ва уларнинг аксарияти оддий кулбалардан иборат. Ла-Ринконада 30 мингдан ошиқ одам ана шундай ноқулай шароитларда яшамоқда.

Одамларни бу даҳшатли шаҳарга нима жалб қилади? XX аср охирида эски кончилар қишлоғи бўлган Ла Ринконадада олтин кони топилган.

Ўшандан буён олтин қазиб олиш ортидан тузукроқ пул ишлаш мақсадида одамлар бу шаҳарга келишда давом этяпти. Сўнг совуқ иқлимдан, даҳшатли шароитларидан ёки машаққатли меҳнатдан қўрқмаганлари шу ерда қолиб кетяпти.

Испаниядаги Сетанил-де-лас-Бодегас шаҳарчаси

Сетенил-де-лас-Бодегас

Сетенил-де-лас-Бодегас Испаниянинг Кадис провинциясида жойлашган. Шаҳарча 82 кмкв майдонни эгаллайди ва у ерда 3 мингга яқин одам яшайди.

Сетенил-де-лас-Бодегас ҳақиқатан ҳам ғайриоддий ва ажойиб шаҳарча бўлиб, у «Узуклар ҳукмдори» филмидаги тоғда жойлашган шаҳарни эслатади.

Шаҳарча базалт тоши билан ишлов берилганга ўхшайди ва бир бутун бўлиб кўринади. Тош кўплаб уйлар учун ҳам том, ҳам девор бўлиб хизмат қилади.

Бу шаҳардаги уйларнинг аксарияти замонавий технологиялар «етиб келган» ноёб ландшафтга эга табиий ғорлардан иборат.

Аляскадаги Уиттер шаҳарчаси

Уиттер (АҚШ)

Уиттер АҚШда, Аляска штатидаги Кенай яриморолининг шимоли-шарқида жойлашган. Шаҳарчанинг майдони 51 км квадрат бўлиб, аҳолиси қарийб 300 киши.

Уиттернинг ғайриоддийлиги шундан иборатки, барча одам 1956 йилда армия казармаси сифатида қурилган битта 14 қаватли бинода яшайди. Унда аҳоли хонадонларидан ташқари супермаркет, шифохона, полиция ва почта бўлими ҳамда мактаб мавжуд.

Бу кичик «маҳалла»да одамлар 14 қаватли бинодан фақат сайр қилиш учун чиқади. Бошқа пайтда бунга ҳожат йўқ. Шаҳарча жойлашган ҳудудда жуда қаттиқ совуқ ҳаво ҳукм сурганда одамлар ҳатто ойлаб бинодан чиқмайди.

Айниқса, Уиттерда қуёш чиқмайдиган мавсум – ноябрдан февралгача одамлар ҳеч қаерга боришни хоҳлашмайди ва хонадонларидан чиқмай яшайверишади.

Шаҳарга фақат унинг яқинидаги тоғ остидан ўтказилган туннел орқали етиб бориш мумкин. Шаҳар аҳолисининг асосий иш жойи бу – сайёҳлар келадиган кемаларни қабул қиладиган порт.

АҚШдаги Колма шаҳарчаси

Колма (АҚШ)

Колма Калифорния штатида, Сан-Францискодан унчалик узоқ бўлмаган жойда жойлашган. Бу шаҳарчанинг ғайриоддийлиги шундаки, у асосан қабристонлардан иборат.

Қабристонлар шаҳарча ҳудудининг 70 фоизидан ортиғини эгаллайди. Бу ерда жойлашган қабристонларнинг ўн олтитаси ҳатто уй ҳайвонлари мозори ҳисобланади.

Колмада атиги 1500 киши яшайди ва шаҳардаги ҳар бир тирик одамга мингта қабр тўғри келади. Бу муболаға эмас, Колмада 1,5 миллион киши дафн этилган.

Маълум бўлишича, Колмада қабристонлар кўплигининг ўз тарихи бор. 1849 йилда олтин васвасаси бошлангандан сўнг Сан-Францискога юз минглаб одамлар келишади. Улар билан турли юқумли касалликлар ҳам кириб келади ва одамлар ёппасига ўла бошлайди.

1880 йил охирига келиб, Сан-Францискода 26 та қабристоннинг барчаси тўлиб бўлади. Шундан сўнг ўликлар Колмада дафн этила бошланади. 1900 йилга келиб Сан-Францискода ер қимматлиги сабабли ўлганларни дафн қилиш бутунлай тақиқланади.

Орадан 14 йил ўтгач шаҳардаги барча қабристон бутунлай ёпилади ва уларга кўмилган одамлар Колмага кўчирилади. Шу тариқа, Колма кичик аҳоли манзилидан жуда кўп қабристони бор шаҳарчага айланади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид