Жаҳон | 13:51 / 25.12.2023
8159
4 дақиқада ўқилади

Киев январда артиллерия коалицияси тузилишини эълон қилди

Украинани артиллерия соҳасида қўллаб-қувватловчи янги халқаро коалиция 2024 йил бошида иш бошлайди.

Фото: Getty Images

2024 йил январ ойида Парижда «Украина армиясини кучайтириш бўйича артиллерия коалицияси» иш бошлайди, унинг вазифалари Киевни иттифоқчи мамлакатларнинг артиллерия тизимлари билан таъминлашни ўз ичига олади. Бу ҳақда Украина мудофаа вазирлиги сайтида 24 декабр, якшанба куни мамлакат мудофаа вазири ўринбосари Иван Гаврилюк ва Франция Сенати делегацияси ўртасидаги учрашув якунлари бўйича эълон қилинган пресс-релизда маълум қилинди.

Қайд этилишича, Украина Қуролли кучлари бундан кейин ҳам Франциядан Caesar ўзиюрар артиллерия тизимларини харид қилишдан манфаатдор. Париж уларни 2022 йилнинг кузидан бери Киевга етказиб бериб, Россиянинг мамлакатга кенг кўламли ҳужуми бошланганидан кейин Украинани қўллаб-қувватлаб келмоқда. Гаврилюкнинг сўзларига кўра, француз гаубицалари жангда юқори самарадорлик ва аниқликни намойиш этган.

2024 йилда Caesar ўзиюрар қуролларини сунъий интеллект ёрдамида синовдан ўтказиш режалаштирилган, деди Гаврилюк. СИдан фойдаланиш нишонларни уриш муваффақиятини 30 фоизга оширади ва ўқ-дорилардан фойдаланишни камайтиради, деди мудофаа вазири ўринбосари. 

Исландия ҳам Украинани қўллаб-қувватловчи коалицияларда иштирок этади 

Шу куни Исландия ташқи ишлар вазири Бярни Бенедиктссон Рейкявик Киевни ахборот технологиялари соҳасида қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Украинанинг озод қилинган ҳудудларини миналардан тозалаш учун аввал тузилган коалицияларга қўшилишини маълум қилди. 

Бундан ташқари, Исландия Украина учун 340 минг евро миқдоридаги дори-дармонларни сотиб олишда НАТОни қўллаб-қувватлайди, деди Бенедиктссон. 

Танк, самолёт ва денгиз коалициялари

Украинани қўллаб-қувватловчи бошқа таниқли халқаро коалициялар қаторига 2023 йилнинг май ойида Киевга F-16 самолётларини сотиб олиш ва етказиб бериш учун тузилган «қирувчи коалиция» киради, Украина уларни қатъий талаб қилиб келганди.

22 декабр куни Нидерландия бош вазири Марк Рютте Украина президенти Володимир Зеленский билан музокаралардан сўнг, мамлакат Украина Қуролли кучларига жўнатиш учун дастлабки 18 та F-16 қирувчисини тайёрлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, айрим масалалар ҳал этилмаяпти: «Экспорт рухсатномасидан ташқари, етказиб беришдан олдин бир қатор бошқа мезонларга, хусусан, кадрлар ва инфратузилмага қўйиладиган талаблар ҳам бажарилиши керак». 

Декабр ойи бошида Буюк Британия Украинага денгизда ҳаракат қилиш имкониятларини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган «Денгиз салоҳияти коалицияси»ни ишга туширганини эълон қилган эди. Коалиция иши Қора денгизда хавфсизликни мустаҳкамлаш ва Россия дон битимидан чиққанидан кейин Украина портлари орқали экспортни тиклаш учун Киевга кемалар, транспорт воситалари ва ускуналар етказиб беришни ўз ичига олади. 

Германия, ўз навбатида, Киевга «танк коалициясида» ёрдам беради - унинг вазифаларига Украина Қуролли кучларини Ғарб танклари билан таъминлаш ва уларни таъмирлаш киради. Бошқа нарсалар қаторида, Германия Украинага ҳарбий ёрдам беришдан бош тортган давлатлар билан ўз захиралари учун танклар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилмоқда, улардан бири - Швейцария. 

Мавзуга оид