Феодосияга ҳужум оқибатлари ва Бахмут атрофидаги шифокорлар ҳаёти. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 672-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украинада Запорижжя областида россиялик ҳарбийлар украиналик асирларни отиб ташлагани айтилаётган видео юзасидан текширув ишлари бошланди. Бу видео қачон олингани аниқ эмас.
- Украинада суд «ДХР» раҳбари Денис Пушилинни сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум этди. Унга Украина ҳудудий яхлитлиги ва дахлсизлигига тажовуз қилиш ва коллаборационлик фаолияти айби қўйилган.
- Astra манбаси тасдиқлашича, «Новочеркасск» десант кемасига зарбадан кейин 33 нафар денгизчи бедарак йўқолган. Қрим раҳбари Сергей Аксенов портга ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва икки киши яралангани тўғрисида хабар берганди. Улар денгизчи ёки тинч аҳоли вакиллари бўлганига аниқлик киритилмаган. РФ мудофаа вазирлиги йўқолганлар юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.
- Евроиттифоқ Венгриянинг розилигисиз ҳам Украинага 20 миллиард евролик ёрдам ажратиш йўлини ишлаб чиқмоқда.
- Россия адлия вазирлиги «Служба поддержки», «Настояшчая Россия» ҳамда «Суриштирувчи журналистлар глобал тармоғи — ГИЖН»ни «исталмаган ташкилотлар» реестрига қўшди.
- Украина Shahed типидаги дронларни серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, деб хабар берган мамлакат Стратегик саноат вазирлиги раҳбари Олександр Камишин.
Кун кадри. Феодосия портида чўкиб кетган «Новочеркасск» десант кемаси
Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондонлиги 26 декабр куни украин авиацияси Феодосияга ҳужум вақтида қанотли ракеталар билан РФ Қора денгиз флотининг «Новочеркасск» йирик десант кемасини портлатиб юборгани ҳақида хабар қилди. РФ мудофаа вазирлиги кема «Украина қуролли кучлари зарбасини қайтариш чоғида шикастлангани» ҳақида хабар берган. Зарбадан кейин олингани айтилган фотосуратларда кема қарийб тўлиқ чўкиб кетгани акс этган. Шунингдек, унинг яқинида турган Т-43 «УТС-150» классидаги ўқув-машғулот кемаси ҳам қисман чўккан.
Astra телеграм-канали ўз манбасига таяниб ёзишича, камида 33 денгизчи бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Нашр маълумотига кўра, 26 декабрга ўтар кечаси ҳужум вақтида кемада 77 денгизчи бўлган. Бедарак йўқолганлардан ташқари, 19 нафар денгизчи турли даражада тан жароҳатлари олган. «Новочеркасск» кемасида хизмат қилган ва омон қолганлардан бирининг айтишича, ҳужум вақтида бортда муддатли хизмат асосида чақирилганлар, шунингдек шартнома асосида хизмат қилувчилар бўлган. У қурбонлар орасида ёш чақирилувчилар ҳам борлигини тасдиқлаган.
Одесса ва Херсон ўққа тутилиши оқибатлари
26 декабр куни кечқурун РФ кучлари Херсондаги темирйўл вокзалини ўққа тутди, бу вақтда у ерда эвакуация поезди турганди. У орқали 140 киши Херсондан Киевга юборилиши керак эди. Зарбадан кейин одамлар бошқа поездда Миколайивга юборилди. Украина ички ишлар вазири Игор Клименконинг хабар беришича, эвакуация вақтидаги ҳужум оқибатида полиция лейтенанти ҳалок бўлган, тўрт киши яраланган, жумладан икки полициячи ҳам.
27 декабрга ўтар кечаси россиялик ҳарбийлар дронлар билан Одессага ҳужум қилди. Шаҳар мудофаа кучлари област ҳудудида, шунингдек қўшни Миколайив ва Винница областлари осмонида 17 дронни уриб туширган. Одесса шаҳри ва областига ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланган, дея хабар берган Жануб мудофаа кучлари. Одесса области ҳарбий маъмурияти раҳбари аниқлик киритишича, 35 ёшли эркак ҳалок бўлган, икки киши яраланган: 37 ёшли аёл ва 17 ёшли ўсмир. Жабрланганлар кўп сонли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Бахмут атрофидаги украин шифокорлари
Мавзуга оид
09:31
ГУР: Дронлар Украина чегарасидан 2000 км узоқликдаги нишонларга ҳужум қила олади
08:56
АҚШ Украинага 1,25 млрд долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда
19:14 / 27.12.2024
Украина Курск областида илк марта КХДР аскарини асирга олди — ОАВ
15:31 / 27.12.2024