Ўзбекистон | 08:20 / 28.12.2023
10404
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда Термиз шаҳри ва 8 та туманга газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди

«Музработ-Душанбе» магистрал газ қувурининг Бандихон туманидан ўтувчи қисмида авария ҳолати юзага келган. Сурхондарёда бугун соат 6:30 дан Термиз шаҳри ва 8 та тумандаги истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 28 декабр куни Сурхондарё вилояти Бандихон туманининг «Полвонтош» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Музработ-Душанбе» магистрал газ қувурининг 101-190 км оралиғидаги Д-700 мм бўлган магистрал газ қувурида авария ҳолати юзага келган.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали томонидан авария ҳолатини бартараф этиш ва табиий газ таъминотини тиклаш чоралари кўрилмоқда. Шу муносабат билан бугун соат 6:30 дан вилоятнинг қуйидаги шаҳар ва туманларидаги истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди:

Термиз шаҳри;
Бандихон тумани;
Қизириқ тумани;
Музработ тумани;
Термиз тумани;
Жарқўрғон тумани;
Қумқўрғон тумани;
Ангор тумани;
Шеробод тумани.

Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланади.

Газ таъминоти филиали юзага келаётган ноқулайликлар учун барча табиий газ истеъмолчиларидан узр сўраган ҳамда яқин вақтлар ичида таъминотни тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилаётганини маълум қилган.

Мавзуга оид