Ўзбекистон | 17:51 / 23.01.2024
6230
6 дақиқада ўқилади

Айрим дорилар рекламасини чеклаш таклиф қилинди

2022 йилнинг 7 ойи давомида Ўзбекистонда 4,4 миллиард сўмлик қалбаки ва сифатсиз дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотишга оид 82 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун “Тараққиёт стратегияси” маркази ўз таклифларини эълон қилди.

Фото: Shutterstock

“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари қалбаки ва контрафакт дори воситалари муомаласи билан боғлиқ асосий муаммо сифатида самарали назорат механизмлари йўқлиги ва аҳолининг қалбаки дори воситаларини сотиб олиш билан боғлиқ хавфлардан етарлича хабардор эмаслигини кўрсатган. Марказ муаммони ҳал қилиш учун қуйидаги таклифларни илгари суряпти.

Дорилар маркировкаси устидан қатъий назорат

Ҳукумат қарори билан босқичма-босқич жорий этиладиган дори воситаларининг қадоқларида QR-код ёки GS1 штрих-кодидан фойдаланган ҳолда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ҳаққонийлигини текшириш учун мажбурий маркировка мавжудлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш керак.

Бу амалиётнинг Японияда жорий этилиши билан контрафакт дори воситаларини сотиб олиш ва тарқатишнинг олди олинган. Беморлар мобил иловадан фойдаланган ҳолда дори воситаси ўрамидаги махсус кодни осонгина сканерлаши ва дори воситаси тўғрисидаги тўлиқ маълумотни олиши мумкин. Японияда 2023 йил июлдан қоғоз кўринишидаги дори воситалари йўриқномасидан фойдаланиш тақиқланган.

Айрим дорилар рекламасини чеклаш

Суиистеъмол қилиш ёки қарамлик ҳосил қилиши юқори бўлган дорилар, шунингдек, қўллашда махсус кузатувни талаб қилувчи ва жиддий ён таъсирларга эга бўлган дорилар рекламасини чеклаш керак. Бу уларни нотўғри ишлатиш хавфларининг олдини олишга ва мувофиқ тиббий кузатувсиз мустақил даволанишга уринишларни камайтиришга ёрдам беради.

Дори воситаларининг рекламаси устидан назоратни амалга ошириш ва фармацевтика компаниялари ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги муносабатлар шаффофлигини таъминлаш учун АҚШда 2010 йилда қабул қилинган "Қуёш нури" (Sunshine Act) қонуни амал қилади. Бу қонун фармацевтика компанияларининг реклама агентликлари ва тиббиёт ходимлари ҳисобрақамларига қилинган ҳар қандай тўловлар ёки бошқа ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишга имкон беради. Япония ва Австралияда ҳам шунга ўхшаш чоралар қўлланган.

RFID технологиясидан фойдаланиш

Дори воситаларининг ҳаракатланиш занжирини кузатиш учун RFID (Radio Frequency IDentification) технологиясидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиш.

RFID технологияси дори воситаларининг етказиб бериш йўлларини батафсил кузатиш имконини беради, бунда ҳар қандай гумонли нуқталар аниқланади. Йиғилган маълумотлар таҳлил қилинади ва дори воситалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базаси билан таққосланади, бунда ишлаб чиқариш санаси ҳам киритилади. Хорижий мамлакатларнинг фармацевтика саноатида RFID технологияси 2000 йилларнинг бошларида қўллана бошланган.

Глобал назорат ва мониторинг тизими

Қалбаки ва контрафакт дори воситаларига қарши курашиш бўйича 2013 йилда ишга туширилган Глобал назорат ва мониторинг тизими (Global Surveillance and Monitoring System) доирасида ЖССТ билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш керак. Бу қалбаки ва контрафакт дори воситалари тўғрисида ўз вақтида маълумот алмашиш, шунингдек, муаммони аниқроқ баҳолаш, фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш ва энг жиддий ҳолатларда хабардор қилишда кўмаклашишдир.

Бу тизим иштирокчи мамлакатларга фавқулодда вазиятларда техник ёрдам олиш, мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги ҳодисаларни боғлаш, зарарнинг миқёси ҳақида далилларни тўплаш, мамлакатнинг заиф томонлари ва тенденцияларини аниқлаш имконини беради.

Фармагентлик сайтини фаоллаштириш

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги веб-сайтида тиббий препаратларнинг текширув натижалари, экспертлар огоҳлантиришлари ва лаборатория таҳлиллари натижасида олинган фикрларни нашр этиш амалиётини жорий қилиш. Бу амалиёт АҚШда MedWatch дастури доирасида амалга оширилади, унда фуқаролар ва тиббий экспертлар (FDA) томонидан дори воситаларининг сифати назорати якунлари бўйича ўз шарҳларини эълон қилади.

Жазони кучайтириш

Қалбаки ва контрафакт дори воситаларини ноқонуний ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш учун жазони кучайтириш ва бу жазога дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда сотиш лицензиясидан маҳрум қилишни киритиш керак. Шунингдек, бундай жиноятларни аниқлаш чораларини кучайтириш, бунга товарларни кузатиш тизимларини яхшилаш учун божхона ва солиқ идоралари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим.

Good manufacturing practice тизими

Дори воситалари етказиб берувчиларига импорт қилинадиган тиббий препаратларнинг жаҳон стандартларига мувофиқлигини кафолатлаш бўйича қатъий талабларни қўйиш. Масалан, Good manufacturing practice (GMP) сертификати дори воситаларини ишлаб чиқариш жараёни халқаро стандартларнинг қатъий талабларига мос келганини тасдиқлайди. Бу эса тиббий препаратлар ишлаб чиқаришда юқори сифат стандартларини кафолатлайди.

Аккредитацияни жорий қилиш

Онлайн дорихоналарда давлат лицензияси бўлишидан қатъи назар, аккредитациядан ўтказишни мажбурий қилиш. Масалан, Канадада Verified Internet Pharmacy Practice Sites дастури мавжуд бўлиб, ушбу дастур аптекаларни маълум мезонлар бўйича баҳолайди. Бу мезонларга беморларнинг хавфсизлигини таъминлаш, махфийликни ҳимоя қилиш, рецептларнинг ҳақиқийлигини текшириш ва касбий стандартларга риоя қилиш киради. Канада дорихоналари маҳсулотларни мамлакатнинг федерал соғлиқни сақлаш агентлиги Health Canada томонидан тасдиқланган ва текширилган етказиб берувчилардан олади. Бундай чора-тадбирлар юқори сифат ва хавфсизлик стандартларини таъминлайди, бу эса беморларнинг онлайн дори воситаларини харид қилишда ишончини мустаҳкамлайди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2373 турдаги дори воситалари ишлаб чиқарадиган 152 та маҳаллий корхона фаолият кўрсатади. Истеъмол қилинадиган фармацевтика маҳсулотлари ҳажмининг асосий қисми – қарийб 1,3 миллиард доллар (ёки 82 фоиз) импорт қилинади.

Мавзуга оид