Ўзбекистон | 23:15 / 27.01.2024
12441
14 дақиқада ўқилади

Фаоллашган шовинистлар, канатли такси ва ҳаво сифатининг миллий стандарти — ҳафта дайжести

Россиялик тарихчининг ўзбек миллати ҳақидаги уйдирмасидан кейин, Ўзбекистонда рус пропаганда каналларини ёпиш таклиф қилинди. Наманган аҳолиси ўтган йили камбағаллашгани маълум бўлган бир пайтда, вилоят ҳокими футбол клубига навбатдаги миллиардларни ажратди. Жиззахда BYD ишлаб чиқаришга старт берилди. Экология бўйича янги мораторий эълон қилинмоқда. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Тарихни қўмсаётган “тарихчи”

2023 йил, сентябр: Россия давлат думаси депутати Евгений Фёдоров 14 та республиканинг ҳаммаси СССР таркибидан гўёки ноқонуний ажралиб чиққанини иддао қилиб, Россия қандай қилиб бўлса ҳам иттифоқни албатта тиклашини айтди. 2023 йил, октябр: Дума депутати Михаил Делягин Ўзбекистон томонининг Россиядаги ўзбек муҳожирлари учун мактаблар қуриш ҳақидаги таклифидан жазавага тушиб, таклиф билдирганларга қарата сассиқ гапларни айтди. 2023 йил, ноябр: Дума спикерининг ўринбосари Пётр Толстой собиқ совет республикаларининг ҳаммасида рус тили давлат тили бўлиши кераклигини таъкидлаб, бу талабни бажармаган давлатлар фуқароларига Россияда жамоат жойларида ишлашни тақиқлашни илгари сурди. 2023 йил, декабр: Думадаги партиялардан бирининг ҳамраиси Захар Прилепин Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олишга даъват қилди ва бу гаплари учун атрофдаги гумашталарининг олқишига сазовор бўлди.

Ва мана, 2024 йилнинг январи. Ўзини “тарихчи” деб атовчи шовинист Михаил Смолин НТВ телеканалидаги кўрсатувда қозоқ, ўзбек ва озарбойжон миллатлари 1917 йилги инқилобгача мавжуд бўлмагани, бу миллатлар гўёки Россиянинг қўли билан яратилганини даъво қилди. Шу билан деярли бир вақтда бошқа бир пропагандачи – ТНТ телеканали бош директори Тина Канделаки Қозоғистонда рус тили “бўғилаётгани” ҳақида бонг уриб, поезд станцияларидан русча номларни олиб ташлаётгани учун қозоқларни манқуртга қиёслади.

Юқорида санаб ўтганларимиз икки жиҳатга кўра жуда аҳамиятли. Биринчидан, бутун постсовет ҳудудини ўзининг томорқаси деб ҳисоблайдиганлар охирги вақтларда айнан Марказий Осиёга кўпроқ ва кескинроқ таҳдид қила бошлагани хавотирли. Иккинчидан эса, тинчлик ва тенгликни эмас, уруш ва империализмни маъқул кўрувчиларга нисбатан Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг реакцияларида сезиларли фарқларни кўриш мумкин. Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Канделакининг мамлакатга киришини тақиқлашини эълон қилган бўлса, ўзбек расмийлари ҳозирча на Прилепин ва на Смолинга нисбатан бундай чора ҳақида гапирмаяпти. Ваҳоланки, уларга нафақат Ўзбекистонга киришни тақиқлаш, балки Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва миллатлараро адоват қўзғатиш моддалари билан жиноят ишлари очиш учун ҳам етарлича асослар бор.

Россия ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова одатдагидек Михаил Смолиннинг гаплари унинг шахсий фикри эканини айтди, Россия ва Марказий Осиё давлатлари стратегик шериклар эканини урғулади, лекин бутун бошли миллатларни камситаётган Смолинни қоралаб ҳеч нарса демади.

Ўзбекистонлик расмийлар ва фаолларнинг муносабатларида бу сафар рус пропаганда каналларини ёпиш асосий мавзулардан бири бўлди. “Кремл ўз иштаҳасини очиқчасига кўрсата бошлади”, деди биринчилардан бўлиб бу масалани кўтарган собиқ депутат Расул Кушербаев. Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Минҳожиддин Мирзо ҳам рус пропаганда каналларини тақиқлаш масаласини зудлик билан кўриб чиқишга чақирди. У шовинистик пропагандадан фашизмнинг ҳиди анқиётгани, шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўзларининг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани ўта аянчли эканини таъкидлади.

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ҳам амалий чоралар кўриш вақти келганини айтди. “Масалан, 3 фоизга ҳам бормайдиган ватандошлар учун таълим ва телевидениеда рус тили номутаносиб даражада кўп! Бу номутаносиблик тузатилиши керак”, – деди Қодиров. У ўзи раҳбарлик қилаётган “Миллий тикланиш” партияси ана шу амалий чораларни кўриб чиқа бошлашини айтди. Бошқа бир депутат Бобур Бекмуродов россиялик пропагандачилар жазавага тушиб, ақлдан озаётгани, Смолиннинг гаплари эса бир тийинга қимматлигини ёзди.

Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрича, бундай провокациялар ортида “ўзбек миллати қадимийроқми, қозоқ миллатими ёки тожик миллати” деган саволни ўртага ташлаб, миллатлараро низо чиқариш нияти турибди. 3 минг йиллик давлатчилик тарихимизни эса кимларгадир исботлашимиз шарт эмас. Kun.uz суҳбатлашган тарихчиларга кўра, аслида Россиянинг империалист идеологлари Марказий Осиё тарихини яхши билади ва онгли равишда бу тарихни сохталаштириб келяпти.

Россияга ишлаш учун борадиган ўзбекистонликлар сони камаймоқда

Охирги вақтларда Россия билан боғлиқ яна бир воқеа жамоатчиликни жунбишга келтирди. 17 январ куни Екатеринбург шаҳридаги қурилиш объектларида ўтказилган рейдлар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мигрантларни қўлга олиб, улардан бир гуруҳини ўрдаксимон юришга мажбурлади. Тадбир давомида 150 кишининг ҳужжати текширилиб, улардан 8 нафари иммиграция қонунчилигини бузгани аниқланган ва энди уларни депортация кутяпти. 4 кишига эса ҳарбий рўйхатга кириш учун чақирув қоғози берилган.

Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳолат юзасидан Россия омбудсманига мурожаат қилди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълум қилишича, бу воқеада 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган ва патенти йўқлиги сабаб депортация марказига жойлаштирилган. Агентлик ана шу икки ватандошимизга асосланиб маълум қилишича, ўрдаксимон юришга мажбур қилинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлмаган.

Айни пайтда, ҳужжати текширилган 150 кишидан 40 га яқини ва ўтириб юрганлардан камида 3 нафари Қирғизистон фуқаролари бўлгани тасдиқланган. Қирғиз расмийлари Россия ҳукуматидан ҳолат бўйича федерал даражада текширув ўтказишни талаб қилган. Воқеа рўй берганига бир ҳафтадан ошган бўлса-да, инсон ҳуқуқларини оёқости қилган Россия органлари ходимларига нисбатан бирор чора кўрилиши ҳақида гап-сўз йўқ.

Афсуски, бунақа ноинсоний ҳолатлар биринчи ва охирги марта рўй бермаяпти. Шундай вазиятда, Ўзбекистон Марказий банкининг меҳнат бозорига оид янги турдаги ҳисоботи айни ўз вақтида эълон қилинди. Ҳисоботдан маълум бўлишича, 2023 йилнинг 1-чораги якунларига кўра, Россияда миграция рўйхатига олинган Ўзбекистон фуқаролари сони 2,9 миллиондан 1,7 миллионга ёки 43 фоизга камайган. Шунингдек, 2023 йил давомида Россияни ҳисобга олмаганда бошқа давлатлардан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 14 фоизга ошган. Яъни пул ўтказмалари географияси кенгайиб, Ўзбекистондаги оилаларнинг бу йўналишда Россияга боғлиқлиги камайиб боряпти.

Ойига 621 минг сўм – камбағаллик чегараси

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди. Статистика агентлигининг маълум қилишича, 2024 йил учун минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига 1 ойга 621 минг сўм деб белгиланган. Бу – ўтган йилги кўрсаткичдан 9,3 фоизга юқори.

Камбағаллик даражаси, яъни ўзбекистонликларнинг қанча қисми ойига 621 минг сўмдан кам пул топаётгани бўйича янги статистика ҳозирча очиқланмади. Охирги марта 2023 йил январида камбағаллик даражаси 14 фоиз экани айтилганди. Афсуски, ўтган бир йилда бу кўрсаткич сезиларли яхшиланган бўлиши даргумон. Чунки, Статистика агентлигининг яқинда эълон қилган ҳисоботига кўра, 2023 йилда аҳоли жон бошига реал даромадлар атиги 2,4 фоизга ошган. Бу, пандемия йилини инобатга олмаганда, охирги 5 йилдаги энг паст кўрсаткич.

Расмий статистикадан маълум бўлишича, ўтган йили 5 та вилоятда аҳолининг реал даромадлари ўсиш ўрнига, ҳатто камайиб кетган. Айниқса Хоразм вилоятида жон бошига даромадлар бирданига 6,4 фоизга тушиб кетган. Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро ва Наманган вилоятлари аҳолиси эса бир йил ичида ўртача ҳисобда 0,3 фоиздан 0,8 фоизгача камбағаллашган. Бундан ташқари, энг бой ва энг камбағал ҳудудлар ўртасидаги фарқ ҳам борган сари катталашяпти.

Шундай шароитда, ўтган йили камбағаллашган ҳудудлардан бири – Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Навбаҳор” футбол клуби учун 2,5 млрд сўм ажратишга қарор қилди. Ҳоким бу ҳақда 19 ва 25 январ кунлари иккита фармойиш чиқарган. Унга кўра, 2,5 млрд сўм пул вилоят ҳокимлигининг захира жамғармасидан олиб берилади.

Тошкентда канатли жамоат транспорти пайдо бўлади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тарқатган ажабтовур янгилик ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири бўлди. Гап шундаки, шаҳарда канатли жамоат транспорти пайдо бўлиши кутиляпти. Ҳоким Шавкат Умрзоқов Хитой компанияларидан бири билан бу борада келишув тузди. Шенчжен шаҳрида имзоланган шартномага кўра, хитойлик инвесторлар Ўзбекистон пойтахтида канатли жамоат транспортини йўлга қўйишда иштирок этади.

Ҳокимлик эълон қилган суратлардан кўриш мумкинки, дор йўлини Маҳтумқули кўчасидан Янги Ўзбекистон боғи томонга қараб тортиб бориш режа қилинган. Битта кабинага узоғи 10 киши сиғадиган бўлади. Расмий хабарда бу масала жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши таъкидланган бўлса ҳам, амалда шартнома имзолаб бўлинган; расмий хабарнинг сарлавҳасида ҳам “кўриб чиқиляпти” ёки “муҳокама қилиняпти” деб эмас, “канатли жамоат транспорти йўлга қўйилади” деб аниқ ёзиб қўйилган.

Ҳокимият “яшил” транспорт тури деб айтаётган ғайриоддий лойиҳадан, Тошкентнинг реал муаммоларига қайтсак. Экология вазирлиги шаҳар ҳавосининг ифлосланиб кетгани бўйича рейдлар бошлаган. Аниқланишича, пойтахтнинг атиги учта туманидаги 160 та корхона газ ва чангларни ушлаб қолувчи филтрлар ўрнатиши керак. Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги бу корхоналар атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансублигидан келиб чиқсак, вазирлик шунча пайтдан бери нега буни талаб қилмаган, деган савол ўртага чиқади.

Экологлар Тошкент атрофидаги иссиқхоналарда ҳам мониторинг ўтказяпти. Вазирликнинг маълум қилишича, пойтахт атрофида “яшил ҳалқа” ўрнига, иссиқхоналардан иборат “кулранг ҳалқа” юзага келган. Бунга сабаб – иссиқхоналарда, иссиқлик марказларида ва иссиқлик электр станцияларида кўмир ёки мазутдан фойдаланиш бир неча баробарга ошиб кетган.

Танқидлардан кейин фаоллашиб қолган Экология вазирлиги миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилаётгани ҳақида ҳам хабар берди. Вазирликка кўра, Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитлари ва географик жойлашуви сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган меъёрларга эришиш имконсиз. Шундай сабаб билан бошқа давлатлар ҳам ўзларининг миллий стандартларини ишлаб чиққан. Ўзбекистонда бу йўналишдаги ҳаракатлар 2023 йилда бошланган бўлиб, лойиҳа доирасида Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида атмосфера ҳавоси ифлосланишидан аҳолининг касалланиш даражаси ўрганиляпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Айрим дарёлар ўзанида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилади. Президент фармонига кўра, мораторийнинг амал қилиши 2024 йил 1 майдан бошланади. Рўйхатга Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари киритилган. Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг айтишича, дарёлардан ёппасига қум-шағал ўғирлаш айрим маҳаллий амалдорларнинг бизнесига айланиб қолган, натижада жойларда сув сатҳи кескин пасайиб кетган. Агар бу жараён тўхтатилмаса, баъзи шаҳарлар аҳолиси ичимлик сувисиз қолиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев кенг қамровли 3 кунлик ташриф билан Хитойда бўлди. Пекиндаги музокаралардан кейин икки давлатнинг қўшма баёноти ва жами 15 та ҳужжат имзоланди. Ташриф давомида умумий қиймати 57 млрд долларлик 500 га яқин лойиҳалар бўйича келишувларга эришилгани эълон қилинди. Ўзбекистонда ҳар бир хитойлик ҳамкорга ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежерлари тайинланиши, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар ҳафтасига 100 тага етказилиши маълум қилинди. BYD компанияси ўз штаб-квартирасига ташриф буюрган Ўзбекистон президентига Yangwang U8 электромобилини совға қилди. Ўша ердан туриб Жиззахда BYD электромобилларини ишлаб чиқаришга расман старт берилди.

1 февралдан эътиборан Ўзбекистонда дилерлик ва сервис марказлари мавжуд бўлмаган ишлаб чиқарувчиларнинг маиший техника товарларини импорт қилиб бўлмайди. Аввалроқ тасдиқланган бу чеклов Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Президент ҳузуридаги кенгаш билан келишилмагани маълум бўлди. Kun.uz'да эълон қилинган бу ҳақдаги танқидий чиқишлардан кейин, 22 январ куни ушбу соҳа вакиллари, хусусан Artel компанияси бошқаруви раиси Шоҳрух Рўзиқулов ва иқтисодчи Отабек Бакиров ўртасида Kun.uz студиясида қизғин баҳс бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳри марказидаги “Шарқ” нашриёти бинолари маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилди. Энди уларни бемалол сотиш мумкин. Масъуллар бу бинолар бузилмаслиги, тарихий қиёфаси сақлаб қолиниши, хусусийлаштириш жараёнлари адолатли бўлиши ва сотиб бўлинганидан кейин “муҳофаза қилинадиган бино” мақоми қайтарилишини айтмоқда. Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов аввалроқ собиқ МХХ биноси билан рўй берган ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда берди. Эслатиб ўтамиз, Мустақиллик майдони рўпарасидаги бино 2021 йилда маданий мерос рўйхатидан чиқарилган куниёқ сотиб юборилган ва 2023 йилда ўрнига меҳмонхона қуриш мақсадида бузиб ташланган эди.

Чилонзордаги 230-сонли боғча мудирасининг ўғли боғчадаги қизларга тегажоғлик қилгани тасдиқланди. Воқеа ўтган йили май ойида рўй берганди. Ота-оналарнинг айтиши бўйича, ўшанда мудиранинг ўғли болалар ухлаб ётган хонага кириб, қизларни ечинтирган ва тегажоғлик қилган. 23 январ кунги суд ҳукми билан, 16 ёшли йигит 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Kun.uz манбасига кўра, судланувчи охирги суд мажлисига келмаган ва жазодан яширинган.

Мавзуга оид