Жаҳон | 13:45 / 28.01.2024
31671
14 дақиқада ўқилади

Одамларни қўрқитган “Эмка” – СССРда амалдор шарафига номланган НКВД машинаси тарихи

Сталин даврида одамлар учун энг қўрқинчли ҳолат – чармдан уст-бош кийиб олган НКВД ходимлари ва улар фойдаланадиган машинага дуч келиш эди. Ўша пайтларда ноҳақ қамалаётганларни НКВД ходимлари қора машина билан келиб олиб кетарди. Шу сабабли НКВДчилар ва уларнинг “Эмка” деб аталадиган машинаси ҳамманинг кўнглига ғулғула соларди.

1937 йилда СССРда мисли кўрилмаган қатағонлар бошланади. Юқори амалдаги айрим раҳбарлардан тортиб, олис ҳудудларда ўз ишини бажариб юрган оддий одамларгача раҳм қилинмайди.

Исталган одамни ҳибсга олиш, сўнг суд ёки махсус белгиланган “Тройка” ҳукми билан қамоққа жўнатиш учун кимнингдир ғаразли чақуви етарли эди.

Ўша пайтда НКВД ходимлари одамларни қамоққа олиш учун халқ тилида “Эмка” деб аталувчи машинада боришарди. Шу сабабли бу машина кўринишиданоқ ҳаммани қўрқувга соларди.

Шаҳар ва қишлоқ жойларида одамларнинг кўзи “Эмка”га тушар экан, “Яна қайси бечоранинг бошига кўргулик тушган бўлса? Кимни олиб кетиш учун боришаётган бўлса?” деб ўйлашарди.

Хўш, Сталин даврида барчани қўрқувга солган бу машина тарихи қандай? Уни нега “Эмка” деб аташган? Қуйида зулм салтанатининг асосий жазо органи бўлган НКВДга хизмат қилган қўрқинчли машина тарихи ҳақида сўз юритамиз.

М-1 машинаси

Эмка” тарихи ва Молотов

“Эмка” – рус тилида М ҳарфининг эркаловчи қисқартмаси бўлиб, у 1930-40 йилларда СССРда ишлаб чиқарилган М-1 машинасининг норасмий номи эди.

Машинага бундай ном берилишига асл фамилияси Скрябин бўлган Вячеслав Молотов сабабчи бўлган.

1930-йилларда СССРда Сталиндан кейин иккинчи муҳим шахс Молотов эди ва у ҳукумат раҳбари (Совнарком раиси) сифатида барча соҳалар каби автомобилсозлик саноатига ҳам масъул бўлган.

Ўша пайтда кўплаб шаҳарлар, корхоналар ва бошқа турли объектлар Сталин ва Ленин номлари билан бирга Молотов номи билан ҳам аталарди.

Жумладан, “Эмка” ишлаб чиқарилган Горкий шаҳридаги (Ҳозирги Нижний Новгород) автомобил заводига ҳам Молотов номи қўйилган.

М-1 машиналарининг тарихи 1929 йилга бориб тақалади. Ўша йили СССР ва АҚШ ўртасида саноат корхоналарини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланади.

Ана шу келишув асосида 1932 йилда Ford Motor Company советларга ўзининг энг оммабоп моделларидан бири Ford Model B 40A Fordor Sedan (қисқача номи Ford B) машинасини ишлаб чиқаришга рухсат беради.

Шундан сўнг Горкийда Ford B автомобилларини ишлаб чиқарувчи янги завод қурилади ва унга Молотов номи берилади.

Вячеслав Молотов Ҳитлер билан учрашувда. 1939 йил ёз фасли, Берлин. Совет юқори амалдорларидан Ҳитлер билан биргина Молотов учрашган.
  • Маълумот учун, агар СССР тарихини синчиклаб ўргансангиз, бу давлатда жуда кўплаб автомобиллар хорижий компаниялардан ўзлаштириб ишлаб чиқарилганини кўриш мумкин. Ford B машинасининг М-1 деган номда ишлаб чиқарилгани ҳам бунга исбот бўла олади. Бундан ташқари, советлар 1970 йилдан бошлаб Италиянинг Fiat компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйишади. Натижада италияликларга тегишли бўлган бир қатор моделлар СССРда “Жигули” номи остида ишлаб чиқарилади. Бошқа ҳолатларда General Motors’нинг Opel маркаси “Москвич” номи остида, уруш даврида америкаликлар Ленд лиз дастури бўйича СССРга ёрдам тариқасида жўнатган Studebaker US6 ҳамда «Виллис» машиналари ГАЗ номи остида рухсат олинмасдан ишлаб чиқарилганини кўриш мумкин. Советлар ҳатто “Запарожец” машинасини ҳам ғарбликлардан ўғирлашган.

1933 йилда Горкийдаги автозаводга Андрей Липгарт бош конструктор этиб тайинланади. Липгард Ford Motor Company’нинг Германиядаги заводига боради ва у ерда Ford B машиналари қандай тайёрланаётганини ўрганади.

Германияда Ford B машиналари Ford Rheinland номи остида ишлаб чиқарилган. Ўшанда Липгарт эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича немислар билан шартнома имзолаш арафасида турганида мамлакат тепасига Ҳитлер келади ва Германия ва СССР ўртасидаги муносабатлар бироз совийди.

Натижада Липгарт немислар билан битим имзоламайди ва Горкийдаги заводга эҳтиёт қисмлар аввалига океан ортидан келтирилади. Кейинроқ СССРнинг ўзида ишлаб чиқарилади.

Кейинчалик, СССР Ҳитлер бошчилигидаги Германия билан дўстона алоқалар ўрнатган кезда (Молотов-Риббентроп пактини эсланг) немислар эҳтиёт қисмлар беришга рози бўлишади.

Вячеслав Молотов ва Германия ТИВ раҳбари Иохим фон Риббентроп. Москва, 1939 йил ёз ойлари. "Молотов-Риббентроп пакти"ни имзолаш пайти.

Бироқ бу пайтда советлар Горкийдаги заводда М-1 машиналари учун Ford двигателларидан андоза олинган ўз двигателларини ишлаб чиқара бошлаган эди.

Совет конструкторлари Ford компаниясига тегишли машинани ишлаб чиқара бошлагач унга ном қўйиш масаласи муҳокама қилинади. Машинага ҳам Молотов номини беришга қарор қилишади.

Шу тариқа машинага “Молотовский первый” сўзларининг қисқартмаси бўлган “М-1” деб ном қўйилади. Халқ эса машинани “Эмка” деб атай бошлайди.

1936 йил 16 март куни Горкийдаги заводдан серияли тарзда 5 ўринли седан ишлаб чиқарила бошланади. Кўп ўтмай М-1 машинасининг 2 ўринли пикап ва 5 ўринли фаэтон кўринишидаги моделлари ҳам чиқарилади.

М-1 машинасининг биринчи нусхаси Москвага юборилади. Уни Сталинга кўрсатиш керак эди. Горкийдаги автозавод бош муҳандиси Андрей Липгартнинг кейинчалик эслашича, Сталин машинани кўрар экан “Ҳаммага шундай машина насиб этсин” дейди.

Илк ишлаб чиқарилган машиналар Москвадаги турли давлат ташкилотларига юборилади. Кейин вилоятларга ва иттифоқдош республикалардаги амалдорларга жўнатилади.

Сталин ўз аёнлари билан "Эмка"ни кўздан кечираяпти. Унинг ўнг томонида Молотов турибди.

СССР бўйлаб маҳаллий партия қўмиталарининг юқори лавозимли раҳбарлари, ҳарбийлар, НКВД ташкилотлари, турли йирик корхоналар раҳбарлари, маданият ва санъат вакиллари ҳам “Эмка”лардан олади.

Ўша пайтларда “Эмка” машиналари очиқ савдога чиқарилмасди. Давлат ташкилотларидан ортган машиналар лотерея орқали тарқатилади.

Ўша пайтда 10 минг дона машина лотореяда ўйналган ва ютган одамларга тарқатилган. 1937 йилда “Эмка” Париждаги бутунжаҳон кўргазмасида намойиш этилади.

ГАЗ корхонаси маълумотларига кўра, 1936 йилнинг сўнгигача автозавод 2 524 дона ГАЗ М-1 машинасини ишлаб чиқаради. 1938 йил охиригача 41 650 дона машина тайёрланади.

1936 йилдан 1942 йилгача эса қарийб 63 минг дона, умумий ҳисобда эса 80 минг донадан ошиқ “Эмка” машинаси ишлаб чиқарилган. Уруш пайтида “Эмка” ишлаб чиқариш кескин камаяди ва машиналар асосан фронтга жўнатилади.

"Эмка" фронтда

Ўзбек адабиётидаги “Эмка”лар

1937 йилда Сталин қатағонлари янги тўлқинда авжига чиқади ва мамлакат бўйлаб одамларни “Халқ душмани” сифатида ҳибсга ола бошлашади.

Ўша пайтларда НКВД ходимларининг асосий техникаси “Эмка” бўлган ва ҳибсга олинганлар шу машинада олиб кетилган. Ҳолат шу даражага етадики, одамлар “Эмка”ни узоқдан кўрса қўрқиб яширинадиган бўлиб қолади.

Сталин даврида қатағонга учраган ва тирик қолган ўзбек адиблари кейинчалик ўша даврлар ҳақида ёзган асарларида “Эмка” машинаси ҳақида кўп марта эслаб ўтишган.

Жумладан, таниқли адиб Саид Аҳмад 1950 йилда ўзининг ҳибсга олинишини шундай эслаганди:

1950 йил 10 май куни отпускадан қайтдим. 1 Май кўчасида қаҳвахона бўларди. Мамарасул Бобоев билан Ваҳоб Рўзиматов ҳазиллашишди. “Отпускага кетаётганингизда “ювмасдан” қочиб қолувдингиз, ақалли энди тушликда бизни меҳмон қиларсиз”. Учовлашиб қаҳвахонага йўл олдик. Йўлкада ҳазил-ҳазул қилиб кетаётганимизда кўча четига қора “Эмка” машинаси келиб тўхтади. Икки киши икки томонимдан келиб, секин қўлимдан ушлади.

Бу ёққа юринг,— деди биттаси пичирлаб. Ҳужжатини кўрсатди.

Илгарилаб бораётган ҳамроҳларимга фақат битта гап айтдим.

Мен кетдим…

Ваҳоб Рўзиматов:

Меҳмон қилишдан қочдингиз-а! — деганча қолаверди.

Машинага ўтқаздилар. Шофёр ёнида тағин бир одам ўтирган экан. (Кейинчалик билсам, Мансуров деган майор экан.)

У пайтларда халқ ўртасида қўрқув, ишончсизлик авж олганди. Уч киши бир жойга тўпланиб, латифа айтишга қўрқар эди. Латифадан ҳам «сиёсий хато» излашар эди. Уч кишидан биттаси «сотса» тамом! (Аксига олиб, мен латифа айтмасам туролмайман…) Хуллас, қора машинада уйимга олиб келишди. Обиск қилиб ҳамма ёқни тит-пит қилиб юборишди. 1935 йилда рус тилида чоп этилган “Ўзбек адабиёти” деган алманахни топишди. Тўпламда Абдулла Қодирийнинг “Обид кетмон” қиссасидан парча бор экан. “Уйида тақиқланган адабиётни сақлагани учун» деган айбномани шилқ этказиб бўйнимга илишдию, қамоққа олиб кетишди”.

Ўтган асрнинг 40-йилларида Ўзбекистонга келиб қолган "Эмка"лардан бири. Қайта тикланган.

Молотовнинг ишдан ҳайдалиши ва машина номининг ўзгариши

1953 йилда Сталин вафот этади ва унинг ёнида юрган Вячеслав Молотовнинг мавқеи пасайиб кетади. Кўп ўтмай раҳбарлик Никита Хрушчёвга ўтади.

Сталин вафот этгандан сўнг тахт учун кечган пинҳоний курашда Молотов Хрушчёвга қарши бўлганди. Шу сабабли Хрушчёвнинг кўзига ёмон кўриниб қолган Молотов 1957 йилда барча лавозимлардан озод этилади.

Аста-секинлик билан Молотов номи барча жойлардан олиб ташланади. Бироқ шунда ҳам Горкийдаги автозаводда ишлаб чиқарилган турли машиналарни М ҳарфи билан аташда давом этишади.

Охир-оқибат 1962 йилда Молотов партиядан ҳайдалади, 1963 йилда нафақага чиқарилади. Шундан сўнг Горкийдаги автозавод ўзи чиқараётган машиналардан М ҳарфини олиб ташлайди ва улар фақат ГАЗ (Горкий автомобил заводи) ёзуви билан чиқарила бошланади.

Молотов биргина нафақага чиқиш билан қутулмайди. Кўп ўтмай унга ҳукумат томонидан берилган барча имтиёзлар бекор қилинади. Ҳукумат аъзоларига бериладиган далаҳовли тортиб олинади.

Шундан сўнг Молотов ҳеч нарсасиз қолиб, давлат томонидан бериладиган арзимаган пенсия ҳисобидан яшашга мажбур бўлади.

Уруш тугагач, “Эмка” машинасини ишлаб чиқариш тўхтатилади. 1946 йилдан бошлаб совет конструкторлари (Немис асирлари орасида бўлган авто муҳандислар ҳам дейилган) ГАЗ-М-20 моделини чиқаришади.

Гарчи 1947 йилда “Эмка”ларни ишлаб чиқариш тўхтатилган бўлса-да одамлар бу машиналардан 1960 йилларгача фойдаланишда давом этишади.

"Эмка"нинг чизмаси

Эмка” пикапи, вездоходи ва такси

М-1 машинасининг техник тавсифи ва модификациялари қуйидача эди: узунлиги – 4 625 мм, эни – 1 770 мм; баландлиги – 1 780 мм; оғирлиги – 1 370 кг, юк кўтариш қуввати – 500 кг, ёқилғи сиғими – 60 литр, узатиш қутиси – уч босқичли, механика; максимал тезлиги – соатига 105 км; двигател қуввати – 50 от кучи. Машина 100 км масофага 14,5-15 литр ёқилғи сарфлаган.

СССРда “Эмка” ишлаб чиқарила бошлангандан сўнг турли мақсадларда ишлатиш учун унинг бир нечта модификациялари ишлаб чиқарилади.

Жумладан:

ГАЗ М-1-такси”. Бу машина 1937 йилдан 1941 йилгача ишлаб чиқарилган. 1941 йилда уруш бошлангач бу модификацияни тайёрлашни тўхтатишади ва автозавод бор эътиборини ҳарбийлар учун машина ишлаб чиқаришга қаратади.

М-1 такси оддий Эмкалардан кузовнинг ранги ва олд ойна рамкаси устидаги махсус дарча ўрнатилгани билан фарқ қиларди. Эмка-такси 1936 йилдан 1947 йилгача СССРда асосий такси машинаси бўлган.

ГАЗ-415 (Эмка-пикап). Юк ташишга мўлжалланган бу машина 1939 йилдан 1941 йилгача ишлаб чиқарилган. Унинг юк кўтариш қуввати 500 кг бўлган ва пикапдан 8 минг донадан ошиқ тайёрланган.

Эмка-пикапларни ҳам уруш бошланиб қолгани учун ишлаб чиқаришдан олиб ташлашган.

"Эмка" пикап

ГАЗ-11-73 (М-11). Бу машина ҳам 1937 йилдан 1941 йилгача тайёрланган. Уруш пайтида уларни ишлаб чиқариш тўхтатилган. Немислар енгила бошлагач 1945 йилдан бошлаб 1948 йилгача яна тайёрлашган.

Седан кўринишида ишлаб чиқарилган бу моделда радиаторни ўраб турган панжара илк марта никелдан тайёрланган. Яна 6-цилиндрли двигател ўрнатилган.

ГАЗ-61-73. Бу машина 1941 ва 1945 йилларда ишлаб чиқарилган. У дунёдаги илк тўртта ғилдираги ҳам бирдай тортувчи (4х4) автомобил ҳисобланади (ҳар ҳолда руслар шундай деб ёзишади).

ГАЗ-61-73 машиналаридан бор-йўғи 200 дона ишлаб чиқарилган ва улар фронтнинг қийин участкаларида фойдаланиш учун юборилган.

БА-20. Бу машина 1936 йилдан 1942 йилгача ишлаб чиқарилган. У бошқалардан ўқ ўтмайдиган зирҳли қилиб тайёрлангани билан ажралиб турарди.

БА-20 машиналаридан жами 2 минг донадан ошиқроқ тайёрланган ва улар 1960-йилларгача хизмат қилган.

Бундан ташқари, СССРда турли йилларда кам сонда Эмканинг турли моделлари ишлаб чиқарилган. Улар орасида вездеходлардан пойга машиналаригача бўлган.

"Эмка" вездоходи

Бу моделларнинг турлича тарихи бор. Масалан, 1938 йилдан 1940 йилгача ГАЗ М-1 V8 модели Америкадан келтирилган Ford двигателлари билан ишлаб чиқарилган. Бу машиналар асосан НКВД ходимларига берилган.

1941 йилда уруш бошлангач М-1 V8 машиналардаги двигателлар ечиб олинади ва улар Т-60 танкларига ўрнатилади. ГАЗ М-1 V8 ларга эса кейинчалик СССРнинг ўзида тайёрланган двигателлар қўйилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид