Жаҳон | 12:56 / 24.02.2024
5486
3 дақиқада ўқилади

«Верстка» Россия армиясидаги судсиз жазолаш ҳолатлари ҳақида маълумот берди

Украинада жанг қилаётган Россия армиясида қийноқлар ва судсиз жазолаш муаммоси тобора кескинлашиб бормоқда, дейди кўплаб ҳарбий гувоҳлар журналистларга. 

Фото: Sergei Malgavko/Tass/picture alliance

Украинада жанг қилаётган Россия армиясида қўмондонлик томонидан яширилган суддан ташқари жазолар ва «хизмат доирасидан чиқувчи муносабатлар» муаммоси кучайди. Бу ҳақда 23 феврал, жума куни журналистлар суҳбатлашган кўплаб ҳарбий хизматчиларга таяниб, «Вестка» нашри ёзган. 

«Вестка» таъкидлаганидек, фронт чизиғига қанчалик яқин бўлса, жазо ва зўравонлик муаммоси шунчалик кескинлашади, урушга жалб қилинган маҳбуслар айниқса зўравонликка мойил, сафарбар қилинганлар эса қурбон бўлиш эҳтимоли кўпроқ. 104-гвардия десант-ҳужумкор дивизиясининг 345-полки икки нафар ҳарбий хизматчиси «Вестка» нашрига бир гуруҳ эркаклар таҳқирлангани, тунда совуқда яланғоч ҳолда ушлаб турилгани, калтаклангани ва бақириқлар билан чуқурга жўнатилгани акс этган тасвирларни юборди. 

«Ҳа, у ерда ичкиликбозлик, қўшимчасига буйруқни бажармаслик ҳолати ҳам бор эди. Лекин суд ёки дисбат бўлмайди. Буни маҳбуслар қиляпти», - дея тушунтирди «Верстка» суҳбатдоши видеода нима бўлаётганини. Бундай жазолаш ва «самосуд» ҳаракатлари, нашр суҳбатдошларига кўра, ҳарбийлар орасида «ахлоқ кенг қамроқли тушунчага айланаётган» фронтда кўп учраяпти.

Қотиллик ва қийноқлар

«Верстка» нашри 2023 йил ноябр ойида олинган видеони чоп этди. Унда енгларида RMS GROUP Wagner шевронлари бўлган эркаклар аскарларни жазолаётгани кўрсатилган. Кадрлар муаллифининг айтишича, улар вазифага боришдан олдин гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган, «бошқа жангчилар руҳиятини бузган» ва шу сабабли «биринчи отряддаги барча болалар ҳалок бўлган».

Видеода икки эркак таёқ билан калтакланган, уларга автоматлар билан ўқ узилган, яна беш киши ўзи учун чуқур қазиган. «У ерда икки мурда бор эди, уларни ҳам жуда қаттиқ калтаклашган. Буларни «вагнерчилар» қилган, кучи борича калтаклашган. Ҳаммаси криминалга алоқадор шахслар», - дейди видеони жўнатган ҳарбий. 

Ҳужум қилишдан бош тортгани учун аскарлар кўпинча ҳарбий терговчиларга юборилмайди, балки махсус яширин жойлардан совуққа чиқариб юборилади, дарахтларга кишанланади ҳамда овқат ейиш ва сув ичишига рухсат берилмайди, деди аскарлар «Верстка»га. 

Украинага Россия томонида жанг қилиш учун келган серб ёлланма аскари Деян Берич ҳам худди шу ҳақда гапирди. Ўқ-дорисиз ҳужумга ўтишдан бош тортган серблар икки кун давомида овқат ва сувсиз махсус яширин жойлардан совуққа ҳайдаб чиқарилган. Уларнинг олдига келган ҳарбий полициячилар «уларни жосусликда айблаб, қазилма жойларда ўт очди» ва ёлланма аскарларни милтиқ билан калтаклай бошлади, дейди Берич. «Душманларимиз бу видеодан фойдаланишини тушунаман, қамалишга розиман, лекин илтимос, масалани ҳал қилинг», деди у видеомурожаатида.

Мавзуга оид