Жаҳон | 13:22 / 09.03.2024
7562
2 дақиқада ўқилади

Кулеба: Украина чексиз миқдорда ҳарбий ёрдамга муҳтож

Украинага «томчи» ёрдам энди иш бермаяпти, деб ҳисоблайди мамлакат ташқи ишлар вазири.

Фото: Reuters

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Европа давлатларини мамлакатга қурол ва ўқ-дориларнинг «чексиз ва ўз вақтида» етказиб берилишини таъминлашга чақирди. «Украинага томчи-томчи ёрдам бериш стратегияси энди иш бермаяпти. Агар ҳамма нарса ҳозиргидек давом этса, демак, ҳеч ким учун яхшилик билан тугамайди», деди Кулеба 8 март, жума куни Вилнюсда Латвия, Литва, Эстония ва Франция ТИВ раҳбарлари билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида

Украина дипломатияси раҳбарининг фикрича, Европада тинчлик даври тугади. Ва энди «заиф қарорлар» - «катта урушларга», «кучлилари» эса - уларнинг тугашига олиб келади. 

Кулеба Украинада хорижлик ҳарбийлар мавжудлиги билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо кўрмаяпти 

Дмитрий Кулеба, шунингдек, Франция президенти Эммануэл Макроннинг Украинага ҳарбий хизматчиларни юбориш имкониятини инкор этиб бўлмайди, деган сўнгги баёнотига ҳам изоҳ берди. «2014-2022 йиллар оралиғида Украинада кўплаб ўқув миссиялари жуда самарали фаолият кўрсатди. Мен бу давом этмаслиги учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман», деди у. 

Бир кун аввал АҚШ президенти Жо Байден халққа мурожаатида Украинага Америка қўшинларини жўнатиш ниятида эмаслигини айтган эди. Аммо шу билан бирга, у мамлакатга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш ҳақида гапирди. 

Зеленский ҳам Украинага ёрдам кечиктирилганидан шикоят қилди 

2024 йил февралида Украина президенти Володимир Зеленский Купянск яқинидаги Украина қўшинларининг позицияларига ташриф буюрганидан сўнг, Россия армияси иттифоқчилар томонидан Украинага ёрдам бериш кечикишидан фойдаланаётганини айтди. Шу сабабли, унинг сўзларига кўра, фронтнинг бир қанча қисмларида «жуда оғир вазият» юзага келган.

Мавзуга оид