Иқтисодиёт | 13:28 / 16.04.2024
9613
6 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича янги прогнозларни тақдим этди

Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш секинлашиши кутилмоқда. Жаҳон банки уч ой олдинги прогнозини 0,2 фоиз бандга пасайтириб, 5,3 фоиз деб белгилади. Осиё тараққиёт банки эса 5,5 фоизлик ўсишни кутмоқда. Ҳар икки ташкилот энергетикада кутилаётган нархлар ошиши уй хўжаликларининг даромадларига таъсир қилишини қайд этди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 2023 йилдаги 6 фоизлик кўрсаткичдан кейин 2024 йилда бироз секинлашиши кутилмоқда.

Ҳукумат жорий йилда 5,6–5,8 фоизлик иқтисодий ўсишни прогноз қилган. Халқаро молиявий институтларнинг кутилмалари бундан бироз фарқ қилади.

Жаҳон банки ўтган ҳафта эълон қилган янги ҳисоботида 2024 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бўйича ўз прогнозини январ ойида эълон қилинган прогноз кўрсаткичдан 0,2 фоиз бандга пасайтириб, 5,3 фоиз деб белгилади. Кеча, 15 апрел куни эса Осиё тараққиёт банки жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,5 фоизга ўсишини тахмин қилди.

Жаҳон банки кутилмалари

Жаҳон банкининг “Европа ва Марказий Осиё иқтисодиётлари шарҳи” номли янги ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистонда кутилаётган фискал консолидация чоралари ҳамда мамлакатнинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Хитойга экспорт ўсиши суръатларининг секинлашиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, ЯИМ ўсиши 2024 йилда 5,3 фоизни ташкил этади.

Иқтисодий ўсиш асосан тузилмавий ислоҳотларнинг давом этиши ҳисобига қўллаб-қувватланади. Хусусан, бунга давлат корхоналарини реструктуризация қилиш ва давлат активларини хусусийлаштириш, шунингдек, энергетика соҳасини ривожлантиришга йирик сармоялар киритиш таъсир кўрсатади.

Энергетика соҳасида тарифларни ислоҳ қилиш билан боғлиқ равишда ички энергия бозорида нархларнинг нисбатан кескин ошиши ҳисобига 2024 йилда инфляциянинг ошиши кутилмоқда (ушбу жараён аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш чоралари билан бирга амалга оширилади). Бу тўлақонли инфляцион таргетлашга ўтишни якунлаётган Ўзбекистон Марказий банкининг қатъий пул-кредит сиёсати билан қисман қопланади. Ўрта муддатли истиқболда инфляция 8 фоизгача секинлашиши кутилмоқда, бу эса Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичидан юқори, дейилади ҳисоботда.

Таъкидланишича, 2024 йилда импорт ўсиши суръатлари мўътадил бўлиши кутилмоқда. Бироқ айрим товарлар импорти иқтисодиётнинг турли тармоқларини модернизация қилиш ва аҳолининг ўсиб бораётган истеъмолини қондириш учун фойдаланилишини ҳисобга олсак, импорт ўсиши суръати барқарор бўлиб қолади.

Прогнозларга кўра, 2024 йилда пул ўтказмалари ҳажми асосан Россияга борадиган меҳнат муҳожирлари сонининг қисқариши кутилаётгани ҳисобига камаяди. Пул ўтказмаларининг камайиши ва импортнинг кўпайиши билан жорий ҳисоб тақчиллиги бироз ошади, лекин барқарор бўлиб қолади, чунки Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ қилиш жараёни хорижий молиялаштиришни жалб қилади. Ушбу маблағлар жорий ҳисоб тақчиллигини қоплашга йўналтирилади.

Камбағаллик даражаси 2023 йилдаги 4,5 фоиздан 2024 йилда 4,3 фоизгача қисқариши кутилмоқда (даромади ўртадан паст бўлган мамлакатлар учун 2017 йил нархларидаги харид қобилияти паритетига кўра кунига 3,65 АҚШ доллари миқдоридаги халқаро камбағаллик чегараси бўйича баҳоланади).

2024 йилда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 4,2 фоизигача, 2026 йилда эса 3 фоизигача камайиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткичларга йирик энергетика субсидияларини ва давлат корхоналарини рағбатлантириш бўйича самарасиз чора-тадбирларни бекор қилиш, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштиришда давом этиш орқали бюджет даромадларини кўпайтириш ҳисобига эришиш режалаштирилган.

Ҳукумат ташқи қарзлар бўйича ўз чекловларига риоя қилиши кутилмоқда (“Давлат қарзи тўғрисидаги” қонунга мувофиқ, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан максимал миқдори ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги белгиланган). Шу билан бирга, давлат қарзи 2024 йилда ЯИМга нисбатан 36,5 фоизгача ошади ва 2026 йилга бориб 34,4 фоизгача пасаяди.

Жаҳон банкининг қайд этишича, Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Хитойда иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши, шунингдек, халқаро молия бозорларидаги вазиятнинг кутилганидан кўра кескинроқ бўлиши прогнознинг янада пасайишига олиб келиши мумкин.

Ички хатарлар эса давлат корхоналари ва банклар томонидан, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида юзага келиши мумкин бўлган молиявий мажбуриятларнинг ошиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мамлакат учун потенциал ижобий тенденциялар сифатида олтин ва миснинг жаҳон бозорларидаги нархлари ошиши (Ўзбекистон ушбу товарлар экспортчиси ҳисобланади), шунингдек, ҳукуматнинг тузилмавий ислоҳотлари оқибатида иқтисодиёт тармоқларидаги унумдорлик ўсишининг тезлашиши санаб ўтилган.

Осиё тараққиёт банки кутилмалари

Осиё тараққиёт банки ўзининг “Осиё тараққиётининг 2024 йил учун шарҳи” номли ҳисоботида қайд этишича, жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишининг секинлашиши тартибга солинадиган нархлар ўсишининг уй хўжаликлари даромадига таъсири билан боғлиқ бўлади. Бу таъсир истеъмол талабининг пасайишига олиб келиши мумкин.

ОТБга кўра, Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2024 йилда 5,5 фоиз, 2025 йилда 5,6 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, 2024 йилда ўсиш суръатларининг прогноз қилинаётган секинлашишига қарамай, иқтисодий кутилмалар эҳтиёткор-оптимистик бўлиб қолмоқда. Хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўсиш суръати секинлашиши, хусусий истеъмол ва инвестициялар ҳам бироз суръатини йўқотиши тахмин қилиняпти.

Энергетика соҳасидаги тизимли ислоҳотлар ва пул-кредит сиёсатининг қаттиқлашуви ўртасидаги баланс натижасида инфляция суръатлари барқарор сақланиб қолиши кутиляпти, дейилади ОТБ ҳисоботида.

Кузатувчилар фискал сиёсат қийинчиликларга дуч келаётганига эътибор қаратган: таркибий ислоҳотлар ва ижтимоий харажатларнинг кўпайиши фискал консолидация ва бюджет тақчиллигини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни чеклаши мумкин. Шу сабабли бюджет дефицити юқори бўлиши, импортнинг ўсиши ва хориждан келадиган даромадларнинг камайиши ҳисобига жорий ҳисоб баланси тақчиллиги ҳам ошиши кутилмоқда.

Мавзуга оид