Жаҳон | 21:18 / 17.05.2024
18046
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг Хитойга сафари. Нималар муҳокама қилинган?

Владимир Путин бешинчи президентлик муддатидаги илк хорижий сафари учун Хитойни танлади. У 16 май куни катта делегация билан Пекинга етиб борди.

Ташриф икки босқичда бўлиб ўтди. Путин ва ХХР раиси Си Жинпинг биринчи куни кенг ва тор доирадаги музокараларда энг долзарб сиёсий ва минтақавий масалаларни муҳокама қилган. Давлат ташрифининг иккинчи куни эса Ҳарбин шаҳрида кўргазма ва бизнес форум билан ўтди.

Ғарб нашрларига кўра, ушбу ташриф икки автократик етакчи ўртасидаги яқин алоқаларни янада мустаҳкамлайди. Бу ташриф Украинада ҳарбий ҳаракатлар фаоллашган даврга тўғри келди ва музокараларда ушбу уруш ҳам муҳокама этилгани аниқ.

Халқаро муносабатлар тарихи бўйича эксперт Аброр Рустамовнинг фикрича, Путиннинг сафари Россия ва Хитой алоқаларида янги саҳифани очмайди. Пекин тинчлик ва нейтраллик тарафдори бўлса-да, одатдагидек Россиянинг тараф бўлишда давом этмоқда. Эксперт расмий Пекин учун урушда Москванинг енгилиши – яхши якун эмаслигини, Хитой ўз қаршисида рақобатчи сифатида фақат АҚШнинг бўлишига йўл қўя олмаслигини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, Украинадаги уруш ортидан Ғарб санкциялари Россиянинг халқаро савдодаги ўрнини деярли йўққа чиқарди. Пекин эса шундай шароитда Москва учун ҳаёт йўли вазифасини ўтади. АҚШ разведкасининг 2023 йил июл ойида берган ҳисоботида келтирилишича, уруш давридаги яқинлик юқоридаги ҳолат билан чекланмайди. Хитой Москвага Украинада уруш олиб бориш учун фойдаланаётган асосий технологиялар, жумладан дрон ва қирувчи самолётлар қисмларини тақдим этишда давом этаётган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид