Иқтисодиёт | 11:00 / 31.05.2024
10406
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 35 млрд доллардан ошди

Жорий йилнинг 1 апрел ҳолатига давлат қарзи 35,3 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 38,3 фоизни ташкил этди. Ўтган йилда ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари 2,82 млрд долларга етган. Давлат қарзининг 93 фоиздан ортиқ қисми хорижий валютада жалб қилинган.

Фото: AP

2024 йилнинг 1 апрел ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 35,3 млрд долларга етган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик томонидан эълон қилинган ҳисоботда ўтган йил давомида 5,7 миллиард доллар қарз маблағлари жалб қилингани келтирилган. Хусусан, 2023 йилда давлат ташқи қарзи 3,7 миллиардга ошиб, 29,6 миллиард долларни ташкил этган. Ички қарз эса 2 миллиард долларга ошиб, 5,3 миллиард долларга етган.

Давлат қарзининг мамлакат ЯИМига нисбати 2022 йил охиридаги 36,4 фоиздан 2023 йил охирида 38,4 фоизгача ошган.

2024 йилнинг 1 январь ҳолатига давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши:

  • Жаҳон банки — 6,6 млрд доллар;
  • Осиё тараққиёт банки — 6,4 млрд доллар;
  • Халқаро инвесторлар (халқаро евробондлар) — 3,4 млрд доллар;
  • Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — 2 млрд доллар;
  • Хитой Эксимбанки — 1,9 млрд доллар;
  • Хитой давлат тараққиёт банки — 1,4 млрд доллар;
  • Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 1,3 млрд доллар;
  • Ислом тараққиёт банки — 0,9 млрд доллар;
  • Корея иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси — 0,8 млрд доллар;
  • Халқаро валюта жамғармаси — 0,8 млрд доллар;
  • Франция тараққиёт агентлиги — 0,7 млрд доллар;
  • Европа давлатлари (Германия, Испания, Италия, Люксембург, Польша, Австрия) – 0,4 млрд доллар:
  • Япония халқаро ҳамкорлик банки — 0,3 млрд доллар;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Европа инвестиция банки — 0,3 млрд доллар;
  • Бошқа халқаро молиявий ташкилотлар — 2,4 млрд доллар.

Давлат қарзининг валюта таркиби қуйидагича (фоизда):

2023 йилда Давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 2,82 млрд долларга етган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 5,5 фоизга кўтарилганди. Йиллик ташқи қарз лимити эса 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача оширилганди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати умумий қиймати қарийб 1,5 млрд долларга тенг навбатдаги суверен халқаро облигацияларини жаҳон молия бозорларига жойлаштиргани хабар қилинганди.

Мавзуга оид