Жаҳон | 15:52 / 09.06.2024
61395
18 дақиқада ўқилади

Иккинчи жаҳон урушидаги энг йирик сотқинлик – генерал Власов нега ўз армияси билан немислар томонга ўтиб кетганди?

Немислар тузган Россия озодлик армияси қўмондони бўлган генерал Власов 1945 йил баҳорда совет ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинади. Сўнг яширинча Москвага келтирилиб, суд қилинади ва 1946 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинади. Генерални суд қилиб жазолаган советлар бу ишни СССР парчаланиб кетгунича оммадан яширишади.

Фото: Русская семерка

Аввалбошданоқ зўравонлик устига қурилган СССРда ХХ асрнинг биринчи ярми муҳим ўрин тутади. Бу давлатда 1922 йилдан 1953 йилгача 31 йил давомида Иосиф Сталин ҳукмронлик қилган.

Сталин нафақат СССР тарихида, балки жаҳон тарихида энг ёвуз ва қонхўр шахслар қаторида эсланади. Ахир унинг ҳукмронлик йилларида турли баҳоналар билан миллионлаб одамлар ўз уйларидан бадарға қилинди, қамалди, ўлдирилди...

Аввалига «оқ гвардиячилар»га қарши кураш, коллективлаштириш, кейин “мамлакатни ёт унсурлардан тозалаш”, иккинчи жаҳон уруш даврида “сотқинлар” энг охирида эса “империализм тарафдорлари” каби айбловлар билан миллионлаб инсонлар маҳв этилган.

Сталин ва Бериянинг ана шундай ёвуз ишларидан бири, ўз ватанида яшаб турган бир қанча миллатларни сотқинликда айблаб, бошқа жойларга қувғин қилгани бўлган.

Лаврентий Берия ва Иосиф Сталин
Фото: maxpark.com

Жумладан:

  • Қорачой АССРда (автоном республика) яшовчи қорачойлар 1943 йил 12 октябрда;
  • Қалмиқия АССРда яшовчи қалмиқлар 1943 йил 27 декабрда;
  • Чечен-ингуш АССРда яшовчи чеченлар ва ингушлар 1944 йил 29 январда;
  • Болқор АССРда яшовчи болқорлар 1944 йил 24 февралда;
  • Қрим АССРда яшовчи қрим-татарлар 1944 йил 10 майда;
  • Гуржистонда яшовчи месхети турклар 1944 йил 14 ноябрда қувғин қилинади.

Қувғин қилинганларни ватанга хиёнатда айблашган. Қрим-татар, чечен, ингуш, қалмиқ, болқорлар немисларга жосуслик қилишда айбланган бўлса, месхети турклар, курдлар ва хемшинлилар Туркия фойдасига жосусликда айбланган.

Агар қайсидир миллатни “немисларга сотилгани” учун жазолаш керак бўлса, биринчи навбатда русларнинг ўзини айблаш тўғрироқ бўларди.

Шу ўринда рус генерали Власовни эслаш кифоя. Уруш айни авжига чиққан ва ҳар бир аскарнинг ўрни муҳим бўлган пайтда генерал Власов қўл остидаги катта армия билан немисларга жангсиз асир тушади.

Оқибатда генералнинг бу иш совет армиясининг кучсизланишига ва урушнинг янада узоқ давом этишига сабаб бўлади.

Ана шундай ҳолатда Сталин ва Бериянинг ҳақиқий сотқинлар қолиб айби бўлмаган бошқа миллатларни сотқинликда айблаши ва уларни ўз ватанидан бадарға қилиши “грузин ҳамда рус бўлмаганлар”дан ўч олишдан бошқа нарса эмасди.

Совет тузумининг адолатсизлиги шунда эдики, уруш тугагандан сўнг СССР парчаланиб кетгунича генерал Власовнинг сотқинлигини эслаш тақиқланганди.

Бироқ уруш пайтида ноҳақ айбланиб сургун қилинган миллатлар гарчи уларнинг айбсиз экани маълум бўлса-да, ҳар қадамда камситиларди.

Фото: sirjones.livejournal.com

Бугунги кунда Ҳитлер Германияси устидан қозонилган ғалабани тамомила “ўзиники” қилиб олган Россиянинг “псевдо” тарихчилари генерал Власовнинг сотқинлигини оқлаб, “Бошқалар панд бергани учун у ўшанда мажбур бўлган эди” деб хаспўшлашга уринишмоқда.

Аслида эса немислар қуршовга олганда уни ёриб чиқиб кетиш имконияти бўлган ҳолда генерал Власов қўл остидаги армия бўлинмалари билан қаршилик кўрсатмасдан таслим бўлади.

Генерал Власов ким бўлган?

Андрей Власовнинг миллати рус бўлган ва у 1901 йилда Нижегород губерниясида туғилган. 1919 йилда Власов Қизил армияга хизматга чақирилган.

У 1922 йилгача Россияда совет ҳокимияти ўрнатилишига қарши бўлган кучларга қарши жангларда қатнашган. 1929 йилда олий ҳарбий курсни, 1935 йилда ҳарбий академияни битирган.

1937 йилда Власов ўқчи дивизиялардан бирида полк командири этиб тайинланади. Кўп ўтмай дивизия командири ёрдамчисига айланади.

1939 йил кузда Власовни Хитойга юборишади. Ўша пайтда бу давлатнинг шарқий қисми ва Манжурия Япония қўл остида эди. Орадан бир йил ўтгач у Хитойдан қайтиб келади.

Замондошларининг эслашича, Власов Хитойдан ўз ихтиёри билан қайтмаган. Совет ҳукумати унинг ишидан кўнгли тўлмаган ва Власовни Москвага чақириб олган.

Власов уруш арафасида
Фото: russian7.ru

Ўшанда Москвага қайтган Власовдан Хитой республикаси раҳбари Чан Кайши томонидан берилган Олтин аждарҳо ордени ва унинг хотини совға қилган қиммат соат тортиб олинади.

Бунга сабаб ўша пайтларда советлар Чан Кайшини эмас, Хитойда коммунистик тузум ўрнатишга уринаётган Мао Цзедунни қўллаётгани эди.

1940 йилда Власов 99-ўқчи дивизия командири этиб тайинланади. Бу пайтда у генерал унвонини олиб бўлганди.

Власовнинг дивизия командири бўлиши тарихи бор. У Хитойдан қайтгач эски иши дивизия командири ёрдамчиси вазифасига қайтарилади. Шунда Власов дивизия командири немисларнинг тактикасини қунт билан ўрганаётгани ҳақида Москвага батафсил “ёзиб юборади”.

Шундан сўнг дивизия командири ҳибсга олинади ва ўрнига Власов тайинланади. Кўп ўтмай “сиёсий ҳушёрлиги” учун генерал “Қизил байроқ” ордени билан тақдирланади.

1941 йил январда Власов Киев ҳарбий округи таркибида бўлган 4-механизациялашган корпус қўмондони этиб тайинланади.

Урушнинг илк даврида

Немислар СССРга бостириб кирган пайтда Власов 4-механизациялашган корпус жангчилари билан Лвов ҳимоясида қатнашади. Кучлар тенг келмагани унинг армияси ортга чекинади.

Ўшанда унинг бу иши Украина мудофаасига масъул бўлган Никита Хрушчёв томонидан юқори баҳоланади. Айнан Хрушчёвнинг тавсияси билан Власовни Киевни ҳимоя қилаётган 37-армия қўмондони этиб тайинлашади.

Фото: russian7.ru

1941 йил сентябрда Киев учун бўлган жангларнинг бирида Власов яраланади ва госпиталга ётқизилади. Соғайганидан сўнг Сталин уни Москвага чақириб олади ва пойтахт ҳимояси учун ташланган 20-армия қўмондони этиб тайинлайди.

1941 йил 5 декабр куни Власов бошчилигидаги 20-армия жангчилари Кремлдан 32 км узоқликда немисларнинг 4-танк армиясини тўхтатиб қолишга муваффақ бўлади.

Шунингдек, 20-армия жангчилари немисларга Волокаламск ва Солнечгорск йўналишларида ҳам муваффақиятли қаршилик кўрсатади.

1941 йил 13 декабр куни Совинформбюро немисларнинг Москвага қилган йирик ҳужуми тўхтатиб қолингани ҳақида хабар тарқатади. Хабарга илова қилинган фотосуратда бир гуруҳ қўмондонлар орасида генерал Власов ҳам бор эди.

Москва ҳимоясида қатнашган қўмондонлар. Пастки қатор, чапдан биринчида Власов
Фото: Zona.kz

1942 йил январда Власов яна Қизил байроқ ордени билан тақдирланади. Унга генерал-лейтенант ҳарбий унвони ҳам берилади.

1942 йил 8 март куни Власов армияси билан Ленинград ҳимояси ташкил этилган Волховск фронтига юборилади. 20 апрел куни у 2-зарбдор армия қўмондони этиб тайинланади.

Асирга тушиш ва немислар билан ҳамкорлик

1942 йил июн ойида Власов бошчилигидаги армия Волховск фронтида немисларга қарши жангларда қатнашади. 25 июнда душман генерал бошчилик қилаётган армияни қуршаб келади.

Власов совет ҳарбийлари билан. Ўнгдан иккинчи
Фото: idiotcol.livejournal.com

Ўшанда Власовнинг олдида иккита йўл бор эди. Бири душманга қарши мардонавор жанг қилиш. Бунда генерал ва унинг қўл остидагиларни оғир жанглар ва йўқотишлар, балки муқаррар ўлим кутаётганди.

Иккинчиси қуршовдан четда қолаётган тор йўлак орқали ортга чекиниш. Бунда йўқотишлар камроқ бўлиши ва асосий армия хавфсиз жойга чекиниши мумкин эди.

Ана шу жойда Власов мутлақо кутилмаганда учинчи йўлни танлайди. Унинг буйруғи билан жангчилар душманга қаршилик кўрсатмайди ва 1942 йил 11 июл куни генерал бошчилигидаги армия немисларга таслим бўлади.

Власов ва унинг армияси жангсиз таслим бўлгандан кейин Винницадаги ҳарбий асирлар лагерига жойлаштирилади. Дастлабки сўроқдаёқ немислар Власовга Россия озодлик армиясига (РОА) қўмондонлик қилишни таклиф этади, у рози бўлади.

Немислар Власовга урушда ғалаба қозонганларидан сўнг Россияда янги давлат барпо этишларини ва генералга бош қўмондонлик вазифасини топширишларини айтишади.

Шундан сўнг Власов ўзи билан асирга тушган жангчиларнинг бир қисмини РОА таркибига ўтишга кўндиради. Шунингдек, РОА сафига бошқа жойларда асирга тушган совет ҳарбийлар ҳам қўшилади. Натижада Власов қўл остида йирик армия жамланади.

Турли маълумотларга кўра, Власов қўмондонлик қилган РОА таркибида ҳарбий асирлардан иборат 200 минг нафаргача жангчи бўлган ва улар совет армиясига қарши жангларда актив қатнашган.

1943 йилда Власовнинг очиқ хати эълон қилинади. “Мен нега болшивизмга қарши кураш йўлига ўтдим?” деб номланган хатда у асосан Сталинни танқид қилган ва бош мақсади совет раҳбарини ағдариб, Россияда фуқароларга эркинлик берадиган давлат қуриш эканини таъкидлаганди.

Бу очиқ хат билан Власов ва унинг немис ҳамкорлари бир неча мақсадни кўзлаган эди. Жумладан, фронтнинг орқа томонида, совет фуқаролари орасидан тарафдор тўплаш, халқни Сталинга қарши қўйиш ва асирга тушга совет жангчиларини РОА таркибига янада кўпроқ жалб қилиш мўлжалланганди.

Бироқ ўша пайтда совет фуқароларида немисларга қарши кучли нафрат шакллангани учун Власовнинг очиқ хатига ҳеч ким учмайди. Бунинг устига гарчи ўн миллионлаб совет фуқароларини қатағон қилган бўлса ҳам уруш бошлангач Сталиннинг қаҳрамонлиги кенг тарғиб қилинади.

Натижада халқда қонхўр ҳукмдорга қарши кайфият, нафрат йўқолади ва ҳамма фақат ғалабани ўйлай бошлайди. Шу сабабли Власовнинг очиқ хати немислар учун ҳеч қандай наф келтирмайди.

Ўша пайтларда РОА рус тилида бир нечта газета чоп этарди ва уларда совет тузумига қарши кенг тарғибот олиб борилади. Газеталар РОА жангчилари орасида тарқатилади, самолётлар билан фронтнинг орқа қисмида, СССР ҳудудига сочиларди.

Фото: bbs.tiexue.net

Власовнинг асосий ҳаммаслаклари

Власов РОАга қўмондонлик қилар экан, йирик армияни бошқаришда унга ёндамчилар зарур эди.

Шу сабабли генерал РОАга ўзидан бироз аввал асир тушган ва советлар томонидан бедарак йўқолган деб ҳисобланган генерал-лейтенант Георгий Жиленковни ҳам жалб қилади. У РОАда Власовнинг ўнг қўли бўлган.

Жиленков 1941 йил октябрда бўлган жанглардан бирида немисларга асир тушади. Сўнг кимлигини яшириб, оддий аскар сифатида Германия армиясида ҳайдовчилик қилиб юради. 1942 йил май ойида уни асирга тушган совет аскари таниб қолади ва немисларга тутиб беради.

Кўп ўтмай Власов РОА қўмондони бўлгач Жиленковни ёнига чақиради. Шу тариқа у Власовнинг ўнг қўлига айланади ва РОАнинг тарғибот ишлари бўйича бўлимини бошқара бошлайди.

Власовнинг яна бир ёрдамчиси генерал-майор Федор Трухин бўлган. Бу генерал урушнинг илк ҳафталарида немисларга асирга тушган эди. Кейинчалик Власов уни ҳам ёнига олади.

Бундан ташқари, Власовга РОАни бошқаришда генерал-майор Григорий Зверев, генерал-майор Виктор Малцев, генерал-майор Сергей Буняченколар ёрдам беришган.

Власов ёрдамчилари билан
Фото: Community.livejournal.com

Буларнинг учаласи ҳам совет армиясида полковник унвонига эга бўлишган. Асирликда РОА сафига қўшилганидан сўнг немислар учаласига ҳам генерал-майор унвонини берган.

Асирга тушиш, суд ва жазо

1944 йилда уруш СССР чегараларидан чиқиб, Шарқий Европа мамлакатлари ҳудудига кўчади. 1945 йил баҳорга бориб Берлин совет қўшинлари томонидан қамал қилинади.

Май ойи бошларида Власов ва унинг қўл остида хизмат қилган Сергей Буняченко ўртасида келишмовчилик келиб чиқади. Буняченко Парижда немисларга қарши бош кўтарган французларни қўллаш кераклигини айтади. Власов эса охиригича немислар томонида бўлишини маълум қилади.

Буняченко Власовга бўйсунмайди ва французлар томонга ўтиб кетади. Власов эса Берлинда қолади. Ўша пайтда Испанияни бошқараётган генерал Франко Власовга сиёсий бошпана беришини маълум қилади ва уни олиб кетиш учун самолёт жўнатади. Бироқ Власов қўл остидаги аскарларни ташлаб кетишни хоҳламайди.

Ўша пайтда Власов АҚШ ҳарбийлари назоратида бўлган ҳудудда эди. АҚШ армияси капитани Р.Донахю ҳам Власов билан алоқа ўрнатади ва унга Германияни яширинча тарк этиш таклифини билдиради. Генерал унинг таклифини ҳам рад этади.

Шундан сўнг у АҚШ ҳарбийлари назоратида бўлган Чехословакиянинг Ползен шаҳрига жўнайди. Йўлда уни совет ҳарбийлари асирга олишади.

Фото: fishki.net

Власов асирга олинишининг бир неча версияси бор. Унга кўра совет ҳарбийлари Власовни Ползенга етмасдан даладан ағдарилиб ётган машина остидан топишади.

Ползенга Власовни РОА капитани Кучинский кузатиб бориши керак эди, йўлда унинг бошқарувида бўлган машина ҳалокатга учрайди. Бошқа маълумотларда эса генерал жанглардан бирида асирга тушгани айтилади.

Власовни маршал Иван Коневнинг олдига юборишади. У генерални Москвага жўнатиб юборади. Бироқ ғалаба ҳақида ҳар кун тинимсиз хабар бериб турган совет матбуоти ва радиоси Власов ушлангани ҳақида ҳеч нарса демайди. Совет матбуотида кейин ҳам генерал ҳақида ҳеч қаерда ҳеч нарса ёзилмайди.

1946 йил май ойида “Известия” газетасида Москвада бир гуруҳ ватан хоинларини суд қилишаётгани ҳақида кичик хабар берилади холос.

"Власовчилар"нинг суди. Власов биринчи қаторда, чапдан биринчи
Фото: историческоедис.ру

Советлар аввалига Власов ва бошқа асир тушган РОАчиларнинг судини очиқ тарзда, Москвадаги Октябр залида ўтказишни мўлжаллашади. Бироқ кутилмаганда бу иш бекор қилиниб, суд барчадан яширинча ўтказилади. Шу тариқа совет фуқаролари Власовнинг қўлга олинганини ва суд қилинганидан мутлақо бехабар қолишади.

Советлар Власовнинг судини яширишгани бежизга эмасди. Агар ўша пайтда совет фуқароларига генерал асосан руслардан иборат қарийб 200 минг кишилик сотқинлар армиясига бошчилик қилгани ошкор бўлса, бунинг оқибати ёмон бўлиши мумкин эди.

Чунки Сталин тузуми немисларга қарши уруш кетаётган йилларда ҳам ўз ёвуз ишларини тўхтатмаган ва йигирмадан ошиқ миллатни сотқинликда айблаб ватанидан қувиб чиқарганди.

Шунингдек, яна юз минглаб инсонлар сотқинликда айбланиб қатағон қилинган. Масалан, уруш даврида Полша, Югославия ва бошқа давлатлар партизанларига қўшилиб немисларга қарши жанг қилган кўплаб одамлар урушдан сўнг ноҳақ жазоланган ва қамоқхоналарда ётганди.

Агар Власов ва унинг армияси ҳақидаги маълумотлар халққа ошкор бўлса, ноҳақ уйидан қувилган ва жазоланган миллатларда, одамларда “энг кўп сотқин руслардан чиққан экан-ку” деган тушунча ва совет ҳукуматига қарши норозилик кайфиятини шакллантириши мумкин эди. Шу сабабли советлар генерал Власовнинг судини яширинча ўтказишади.

1946 йил 1 август куни сиёсий бюронинг қарорига асосан СССР олий суди ҳарбий коллегияси Власов ва бошқаларни ўлим жазосига ҳукм қилади. Ҳукм осиб ўлдириш йўли билан ижро этилади.

Фото: vintages.nnm.ru

Ҳукм ижро этилгандан сўнг Власов билан боғлиқ барча маълумотлар “ўта махфий ҳужжатлар” тоифасига ўтказилади. Матбуот ва радиога, шунингдек, адибларга унинг номини ҳатто сотқин деб ҳам тилга олиш тақиқланади.

1991 йил СССР парчаланиб кетиши арафасида совет архиви бир муддатга очилади ва россиялик тарихчилар Власов ҳақидаги махфий ҳужжатларни қўлга киритишади, улар матбуотда эълон қилинади.

Ана шунда барча генерал Власов ҳибсга олинганини ва Москвада суд қилиниб, ўлим жазоси берилганини билади. Унгача кўпчилик Власовнинг тақдиридан бехабар бўлган ёки уруш охирроқларида Германияда немислар билан бирга ҳалок бўлган деб ўйлаган.

Власовнинг сотқинлиги нега бугун ҳам хаспўшланяпти?

СССР тарқаб кетгандан сўнг бир муддат ички муаммолар билан ўралашиб қолган Россия ҳукумати 2000-йиллардан бошлаб шовинистик ва имперализмни, рус миллатининг буюклигини тарғиб қилиш йўлидан кетди.

Ташқи ва ички сиёсатдаги ана шу омиллар туфайли ҳам бугун Россияда генерал Власовнинг сотқинлиги ҳақида гапириш унча хушланмайди.

Тўғри, Власовнинг сотқинлиги ҳақида тадқиқотлар қилинган, асарлар ёзилган. Бироқ бошқаларнинг сотқинлиги ҳақида тинмай гапирадиганлар, Власовга келганда сукут сақлашади.

Чунки миллати рус бўлган Власовнинг сотқинлиги ҳақида гапираверишса бу русларни буюк миллат деб деб тарғиб қилаётанларнинг ишига зид бўлиб қолади. Уларнинг наздида омма руслардан ҳам сотқин чиқиши мумкинлигини билмай қўявергани тузук.

Шунингдек, СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россияда Власов коммунистларга қарши жанг қилиб тўғри қилган деб фикрловчи қатлам ҳам пайдо бўлди.

Россия сайтларидан бирида берилган мақола учун қилинган баннер

Айнан ана шу қатлам вакиллари 1992 йилдан бугунгача Россия судларига Власов ва унинг қўл остида советларга қарши жанг қилган сафдошларини афв этиш бўйича бир неча марта мурожаат қилган. Улар рад этилган.

Жумладан, 1992 йилда Россия конституцион суди Сталин давридаги қатағон қурбонларига чиқарилган ҳукмларни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Ўшанда суд Власов ва унинг сафдошларига чиқарилган ҳукмларни бекор қилмаган ва уларни оқлаш ҳақидаги даъвони рад этган.

2001 йилда Россия олий суди ҳарбий коллегияси Власовчиларни оқлаш ҳақидаги яна бир даъвони рад этди.

Власовни оқловчиларга кўра, Иккинчи жаҳон урушидан бироз аввал СССРда Сталиннинг мисли кўрилмаган қатағонлари бўлиб ўтган. Бу қатағонлар уруш бошлангандан сўнг ҳам давом этади.

Улар Власов ана шу қатағонларни содир этаётган ёвуз тузумга қарши курашиш учун немислар томонга ўтишга мажбур бўлган дейишади. Лекин улар муҳим бир жиҳатни унутишади – Власов ўз номи билан сотқин бўлган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид