Жаҳон | 10:48 / 29.06.2024
14454
14 дақиқада ўқилади

Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари – қиморда ютқазиб МРБ жосусига айланган КГБ ходими ким эди?

1970-йиллар бошлари. Непалда ишлаётган КГБ ходими ичкиликка ва қимор ўйинларига берилиб, анча қарз бўлиб қолади. Кунларнинг бирида казинода элчихона ғазнасидан олган 300 доллар пулни ютқазиб қўяди. Шундан сўнг у АҚШнинг Непалдаги элчихонасида ишловчи ходим билан боғланиб пул эвазига маълумотлар беришини айтади. Шу тариқа, КГБ ходими МРБ жосусига айланади.

1985 йилда МРБ ходими Олдрич Эймс КГБ томонига ўтади ва совет хавфсизлик хизматига жуда кўплаб маълумотларни беради. Олдрич Эймснинг КГБ билан ҳамкорликни қандай бошлагани ҳақида турли гаплар юради. Уларнинг бирига кўра 1985 йил апрел ойида Олдрич СССРнинг Вашингтондаги элчихонасига борган ва қўриқчига хат берган.

Хатда “Мен Олдрич Хейзен Эймс МРБнинг СССР ва Шарқий Европа бўлими бошлиғи вазифасида ишлайман. Менга 50 минг доллар пул керак. Бу пул эвазига МРБга хизмат қилаётган КГБнинг юқори лавозимли уч ходими ҳақида маълумот бермоқчиман», дейди. Элчихонада у билан ходимлардан бири учрашади.

Эртаси куни Олдрич ўз бошлиғи Дэвид Мерфига совет элчихонаси ходимларидан бирини МРБ томонга ағдариш учун элчихонага борганини, бироқ ходим билан учраша олмай қайтганини маълум қилади.

Бошқа бир талқинга кўра, 1985 йилда Вашингтондаги СССР элчихонасида ходим ниқоби остида ишловчи КГБ жосуси Виктор Черкашиннинг хонасидаги телефон жиринглайди. Гўшакни кўтарганида элчихона ходимларидан бири унга қисқа ахборот беради: “Пастда, кириш эшигининг олдида бир одам турибди. У МРБда ишлашини айтяпти. Учрашув сўраяпти”.

Виктор МРБ ходимининг элчихонага келганини КГБ ходимларини ёлғон маълумотлар билан “озиқлантириш” учун навбатдаги уриниш деб ўйлайди.

Бироқ элчихона биносига кирган шахс ўзини таништирганда совет жосуси ҳайратда қолади. Ҳамкорлик қилишини таклиф этаётган шахс МРБнинг оддий ходими эмас, балки СССР ва Шарқий Европа бўлими раҳбари Олдрич Эймс эди.

Ўшанда КГБ Викторга Олдрични текшириб кўришни ва ишончли деб топилса у билан алоқа қилиб туришни топширади. У Олдричнинг таржимаи ҳоли билан танишганда жиддий ва шубҳали ҳеч нарса тополмайди.

Олдрич билан иккинчи учрашув 1985 йил 17 май куни бўлиб ўтади ва шунда у МРБ билан ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ КГБ ходимлари ҳақида маълумот беради.

Улар орасида КГБ ташқи разведка хизматидаги “К” бўлими ходими Леонид Полешчук ҳам бор эди.

Тожикистондаги ўқиш ва МРБ билан ҳамкорлик

Леонид Полешчук 1938 йилда Челябинск вилоятида, бошқа манбада ёзилишича Украинада туғилади.

Ўрта мактабни битиргач Тожикистонга келади ва Душанбе педагогика институтида инглиз тили филологияси факултетида таҳсил олади. Ўқишни битиргач Душанбедаги мактаблардан бирида дарс беради.

1960-йиллар бошларида Леонид КГБга ҳужжат топширади ва ташкилотга ишга қабул қилинади. У бир муддат КГБнинг Тожикистон бошқармасида ишлайди.

1971 йилда Леонидни Непал пойтахти Катманду шаҳрига жўнатишади. Бу пайтда у уйланган, бир нафар ўғли бор эди.

КГБ жосуси Непалда элчихона ходими ниқоби остида ишлаб юрар экан, Москвада қолган хотини тинимсиз мактуб ёзар ва пул сўрарди. Ана шу пайтда Леонид маст қилувчи ичимликларга ружу қўяди ва Катмандудаги казинога бориб қимор ўйнай бошлайди.

Кунларнинг бирида Леонид казинода америкалик аёл билан танишиб қолади. Исм-шарифи Сэнди Граймс бўлган бу аёл МРБ ходими эди. У аввалига ўзининг МРБда ишлашини Леониддан яширади. Улар ўртасида ишқий ўйинлар бошлангач кейин АҚШ махфий хизмати ходими эканини айтади.

Аёл Леониднинг ҳолати билан танишгач уни янада кўпроқ харажат талаб қилинадиган жойларга етаклаб бора бошлайди. Мақсад КГБ ходими молиявий танг аҳволга тушсин ва ёрдам сўрасин. Охир-оқибат шундай бўлади.

Кунларнинг бирида Леонид казинога боради ва элчихона кассасидан олинган 5 минг рупийни (300 доллар) ютқазиб қўяди. Шундан сўнг у чорасиз қолиб МРБнинг Непалдаги бўлими бошлиғи Жон Беллинҳемнинг олдига боради ва пул эвазига ҳамкорлик қилишини айтади.

Жон 1 000 доллар бергач Леонид Непалда ишлаётган ва Шимолий Виетнамга яширинча қурол етказиб бериш масаласида ишлаётган икки нафар КГБ ходимининг яшаш манзилини беради.

Америкаликлар ўша ходимларни олиб чиқиб кетишади ва улар ном-нишонсиз йўқолишади. Ўша пайтда ҳеч ким Леониддан шубҳаланмайди.

Кейинроқ Леонид МРБга Непалда ва Жанубий-Шарқий Осиёда ишлаётган барча КГБ ва ташқи разведка ходимлари ҳақида маълумот беради. МРБ бу хизмати учун унга ҳар ой 80 минг рупий (ўша пайтдаги курсда 5 минг доллар) миқдорида мукофот пули тўлай бошлайди.

Бундан ташқари, америкаликлар Леонидни бриллиантлар билан безатилган Швейцария соатлари, япон фотоаппарати ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан сийлаб туришади.

1974 йилда Леонидни Москвага чақиришади. Шунда америкаликлар унга ҳамкорликни давом эттиришни таклиф этишади. Бироқ бу жуда хавфли бўлгани учун Леонид таклифни рад этади.

Бошқа бир маълумотга кўра Леонид америкаликларнинг таклифига рози бўлади ва улар КГБ жосусига нусха кўчириш ускунаси, ихчам диктофон ва магнитафон, фотоаппарат учун плёнкалар беришади.

МРБ билан кейинги ҳамкорликлар

Непалда ўзига топширилган вазифаларни аъло даражада бажаргани учун Москвада Леонидни хурсандчилик билан кутиб олишади. Унга КГБ бош идорасидаги муҳим вазифани беришади.

Шундан сўнг Леонид америкаликлар билан боғлиқ барча нарсаларни йўқ қилади ва улар билан алоқани узади. МРБдагилар вазиятни инобатга олиб уни бир муддат тинч қўйишади.

1980-йиллар бошларида Леонид Полешчук КГБнинг ташқи контрразведка билан шуғулланувчи “К” бўлимига ўтказилади. 1984 йилда уни Африка қитъасидаги Нигерия давлатига юборишади.

Ўша пайтларда Нигерияда нефт конлари назоратини қўлга киритишга ҳаракат қилаётган жангари гуруҳлар АҚШ ва СССРдан ёрдам олиб ўзаро жанг қилаётган эди. Нигерияга борганига бир йил бўлганда Леонид МРБ билан алоқаларни тиклашга қарор қилади.

У Лагосдаги АҚШ элчихонаси жойлашган бино яқинидаги савдо дўконига боради ва жўрттага йиқилиб тушади. Сўнг дўкон ходимидан элчихона врачини чақириб келишни илтимос қилади. Врач келганда Леонид унга паролни айтади.

Америкаликлар уни 10 кун давомида кузатишади ва шубҳали ҳеч нарса аниқлашмайди. Шундан сўнг МРБнинг Нигериядаги бўлими ходими Ричард Бал Леонид билан учрашади.

Ҳамкорлик тиклангач МРБ ходими Леонид билан беш ой ичида етти марта учрашади. КГБ ходими унга Нигерияда ва Африканинг бошқа давлатларида ишлаётган совет жосуслари ҳақидаги маълумотларни беради.

1985 йилда Леонид таътил олади ва Москвага қайтиш тараддудига тушади. Шунда америкаликлар у билан Москвада ҳам ҳамкорлик қилиш таклифини билдиришади. Ҳар эҳтимолга қарши унга Кристофер Жонсон номига олинган АҚШ паспортини тайёрлаб беришади.

Қўлга тушиш

1985 йилда МРБ ходими Олдрич Эймс КГБ томонига ўтади ва советларга МРБ билан ҳамкорлик қилаётган совет жосуслари, КГБ ва ташқи разведка хизмати ходимлари маълумот беради.

Бу пайтда Леонид Нигериядан Москвага қайтаётган эди. Ўша куни КГБ ходимлари АҚШ элчихонасидан чиққан машинани кузатиб боришади. Машина Москва атрофидаги хилват жойда тўхтайди ва элчихона ниқоби остидаги МРБ жосуси пана жойга нимадир яширади.

Улар кетгандан сўнг КГБ ходимлари яширилган қутини топишади. У ерда 20 минг рубл ва Леонидга кўрсатмалар ёзилган қоғоз бор эди. КГБ ходимлари қутини ўрнига қўйишади ва атрофни кузатувга олишади.

1985 йил 2 август куни маст ҳолда бўлган Леонид қути яширилган жойга келиб уни олаётганда қўлга тушади. Аввалига у барчасини инкор қилади. Бироқ терговда ўзини МРБ ходими Олдрич сотганини билгандан сўнг барчасини тан олади.

КГБ олиб борган тергов қарийб бир йил давом этади. 1986 йил 12 июн куни суд Леонидни давлатга хиёнат қилганликда айбдор деб топади ва олий жазо – ўлимга ҳукм қилади.

Олдрич тутиб берган бошқа шахслар

Умумий ҳисобда Олдрич КГБ билан 9 йил (СССР парчалангунча 6 йил, Россия мустақил бўлгач 3 йил) ҳамкорлик қилади. У шу давр мобайнида МРБ фойдасига ишлаб келаётган 12 нафар (бошқа манбаларда 25, ҳатто 40 нафаргача ҳам дейилган) КГБ ва ФСБ ходимларини ушлаб беради.

Булардан энг таниқлилари:

Дмитрий Поляков – СССР ташқи разведка хизмати генерал-майори Поляков МРБ билан ҳамкорликни 1960-йилларда бошлаган. Поляков берган маълумотлар асосида МРБ КГБнинг АҚШ, Европа ва Осиёдаги кўплаб жосусларини фош қилиб, қўлга туширган. Олдрич берган маълумот ортидан 1986 йилда ҳибсга олинган. 1988 йилда ўлим жазоси берилган.

Геннадий Сметанин – СССР ташқи разведка хизмати полковниги. МРБ Сметанин билан ҳамкорликни 1983 йилда бошлаган. КГБ ва Ташқи разведка хизматининг махфий маълумотлар базаларига бемалол кира олган бу шахс МРБга жуда кўп махфий маълумотларни берган эди. Айнан Сметаниннинг маълумотлари асосида дунёнинг турли бурчакларида КГБ жосуслари фош этилган. 1985 йилда ушланган. 1986 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Алексей Кулак – КГБ полковниги. Олдричнинг маълумотига кўра, Кулак 1984 йил вафотигача МРБ билан ҳамкорлик қилган.

Владимир Пигузов – КГБ полковниги. 1985 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Валерий Мартинов – КГБ подполковниги. Мартинов МРБ билан ҳамкорликни 1980 йилда бошлаган. У СССР ташқи разведка хизматининг Вашингтондаги бўлимида хизмат қилган. Мартинов МРБга асосан СССРнинг аэрокосмик ва энергетик соҳаларидаги махфий маълумотларни берган. 1986 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Сергей Моторин – КГБ подполковниги. Моторин СССРнинг АҚШдаги элчихонаси ходими ниқоби остида Вашингтонда ишлаган. Пул эвазига МРБга турли махфий маълумотларни ошкор қилиб келган. 1986 йилда ҳибсга олинган. 1987 йилда ўлим жазоси берилган.

Борис Южин – КГБ подполковниги. 1985 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда 15 йилга қамалган. 1992 йилда Россия президенти Елцин томонидан афв этилган. Озод бўлганидан сўнг оиласи билан АҚШга кўчиб кетган.

Геннадий Вареник – КГБ подполковниги. 1985 йилда Ғарбий Берлинда хизматда юрган чоғида ҳибсга олинган. Москвага олиб келиниб суд қилинган ва ўлим жазоси берилган. 1987 йилда отиб ташланган.

Сергей Воронцов – КГБ майори. 1985 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда ўлим жазоси берилган.

Foreign Policy журналида ёзилишича, Олдрич БМТда ядро қуроллари бўйича совет делегацияси сафида ишлаган Сергей Федеренкони ҳам МРБ билан ҳамкорлик қилишда айблаган.

Бироқ бу айблов ўша вақтда ўз исботини топмаган. Кейинчалик Федеренко доимий яшаш учун АҚШга кўчиб кетади ва Олдричнинг айбловида қисман жон борлиги маълум бўлади.

Олдричнинг қўлга тушиши

СССР тарқаб кетгандан сўнг Москвадаги ҳамкорлари Олдричга Россияга кўчиб келишни таклиф этишади. Бироқ у кўнмайди ва КГБ билан ҳамкорликни давом эттиради. (ФСБ 1995 йилда ташкил этилган.)

1986 йилда СССРдаги ҳамкорлар ҳақидаги маълумотларни КГБга сотган ходимни аниқлаш учун ташкилотда махсус гуруҳ ташкил этилади. Бироқ улар бир неча йил “сотқин” кимлигини аниқлай олишмайди.

Бироқ кейинчалик россияликлардан олган пуллари эвазига ҳашаматли ҳаёт кечираётган Олдрич МРБда шубҳа уйғотади ва уни кузата бошлашади. Кўп ўтмай унинг КГБ билан ҳамкорлик қилаётгани тасдиқланади.

1994 йилда Олдрич ва Марияни Вашингтон шаҳар четида жойлашган уйида ҳибсга олишади. Олдрич қўлга тушганидан сўнг АҚШ ва Россия ўртасида кичик можаро юз беради.

МРБнинг юқори лавозимли ходими Москвага бориб Олдрич билан ҳамкорлик ҳақидаги барча маълумотларни сўрашади. КГБ рад этади. Шундан сўнг бир муддат Россияга кўрсатилаётган моддий ёрдам тўхтатиб қўйилади.

Кўп ўтмай МРБ раҳбари Жеймс Вулси истеъфога чиқади. Олдрич билан содир бўлган ҳодиса президент Клинтонгача етиб боради. У 1994 йилда Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси ходими ниқоби остида жосуслик қилиб келаётган Александр Лисенкони АҚШдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарорни имзолайди.

Москва ҳам қараб турмайди. Бунга жавобан россияликлар АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ходими ниқоби остида жосуслик қилиб келган Жеймс Моррисни Россиядан чиқариб юборади.

Олдрич ва унинг хотини қўлга олингандан сўнг уларга бир нечта моддалар бўйича жиноят ишлари қўзғатилади. Уларнинг иккаласи ҳам ўз айбларини тан олишади ва КГБ билан ҳамкорлик ҳақидаги барча маълумотларни МРБга топширишади.

Ана шунда айнан Олдрич КГБга берган маълумотлар туфайли МРБнинг дунё бўйлаб 100 дан ошиқ махсус операциялари барбод бўлгани ойдинлашади.

1994 йилда Мария Эймсга 5 йил қамоқ жазоси беришади. Олдрич эса умрбод қамоқ жазосини олади. Оиланинг мол-мулки мусодара қилинади.

Кўп ўтмай Мария Эймс жазони ўтаб озодликка чиқади. Олдрич аввалига Пенсилвания штатидаги қаттиқ режимли Алленвуд қамоқхонасида сақланган. Ҳозир у Индиана штатидаги қаттиқ режимли Терре-Хот қамоқхонасида жазо муддатини ўтаяпти.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид