Ўзбекистон | 22:00 / 02.07.2024
8707
2 дақиқада ўқилади

Урганч тумани қурилиш бўлими собиқ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Урганч туманининг собиқ мансабдорлари 41 балл бонитетли 1,5 гектарлик суғориладиган ерни савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилиши учун ноқонуний ажратиб берганликда гумонланмоқда.

Фото: Kun.uz

Урганч тумани ҳокимлигининг ер участкаларини бериш масалалари бўйича собиқ комиссияси мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Хоразм вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, комиссия мансабдорлари суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда ажратилишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган бўлса-да, 41 балл бонитетли 1,5 гектар суғориладиган экин ер майдонини савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши учун ажратиб бериш тўғрисида Урганч тумани ҳокимининг ноқонуний қарори қабул қилинишига эришган.

Бу билан улар жами 1,5 гектар экин ерларини оборотдан чиқартирган ҳолда, ер бериш тартибини бузиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказганликда гумонланмоқда.

Шунингдек, 15 минг квадрат метр қурилиши тугалланмаган нотурар жой объектининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида жойлашгани ҳамда Урганч шаҳрининг бош режасига мувофиқ, йўл ҳудудида объектлар жойлаштириб бўлмаса-да объектнинг ихтисосини ўзгартиришга ноқонуний рухсатнома берилган.

Оқибатда, мазкур 14 200 квадрат метр ер майдонларида турар-жойлар қурилиб, сотиб юборилиб, давлат ва жамоат манфаатларига 756 млн 531 минг сўм зарар етказилган.

Бу ҳолатлар бўйича Урганч тумани ҳокимлигининг ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича собиқ комиссия мансабдор шахслари, туман қурилиш бўлими собиқ бошлиғи (исми келтирилмаган) ҳамда бошқаларга нисбатан ЖКнинг 205-моддаси (ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Терговни вилоят прокуратураси олиб бормоқда.

Аввалроқ учта туманнинг ҳоким ўринбосарлари пора билан ушланган эди.

2022 йилда Урганч тумани ҳокими ўринбосари 43 минг доллар пора билан ушланган эди.

Мавзуга оид