Ўзбекистон | 12:15 / 09.07.2024
5888
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ талк кукунини саратон хавфини оширувчи моддалар рўйхатига киритди

13 мамлакатдан жалб этилган 29 нафар эксперт ўрганиш олиб бориб, талк кукунидан фойдаланган аёлларда тухумдон саратони билан касалланиш ҳолатлари кўпайганини қайд этган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Талк кукуни саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига асосланиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳузуридаги Халқаро Саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) талк кукунини потенциал канцероген моддалар (саратон касалликлари ривожланиш хавфини оширувчи моддалар) рўйхатига киритган. Бунинг учун 13 мамлакатдан жалб этилган 29 нафар экспертдан иборат ишчи гуруҳ ўрганишлар олиб борган. Мазкур жараёнда талк кукунидан фойдаланган аёлларда тухумдон саратони билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳисобга олинган.

“Қолаверса, целлюлоза-қоғоз саноатида хотин-қизларнинг талк билан таъсирланишига қаратилган тадқиқотлар натижалари ҳам таҳлил қилиб чиқилди. Шу тариқа бу минерал 2А хавф гуруҳига мансуб, деб таснифланди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, талк кукуни билан ишлов берилган тажриба каламушларида хавфли ўсмалар ривожланиши қайд этилган.

Маълумот учун, талк ер остидан қазиб олинадиган табиий минерал бўлиб, кўпинча болалар кукуни тайёрлашда қўлланилади.

Мавзуга оид