Жаҳон | 21:39 / 09.07.2024
8353
3 дақиқада ўқилади

Орбаннинг тактикаси ўзига қарши ишлаши мумкин — Politico

Венгрия Европа Кенгашида раисликни қўлга киритгач, мамлакат бош вазири Виктор Орбан жўшқин ташқи сиёсий фаолият билан шуғуллана бошлади. У урушни тугатиш ниятида эканини айтиб, Киев, Москва ва Пекинга борди. Унинг шубҳали саъй-ҳаракатлари Европа Кенгашида маъқул кўрилмаяпти.

Виктор Орбан. Фото: BBC

Politico нашри мақоласида шулар ҳақида гап боради.

«Европа етакчилари Орбаннинг ўта фаоллигидан энсалари қотмоқда. Еврокомиссия раҳбари ва Европа Кенгаши раиси Урсула фон дер Ляйен ва Шарл Мишел ўз хатти-ҳаракатлари билан Брюсселда жанжал келтириб чиқараётган Венгрия етакчисини танқид остига олишди», — дейилади мақолада.

Европани айниқса Орбаннинг икки ярим йилдан буён Украинага қарши қонли уруш олиб бораётган ва тўхташ билмаётган Владимир Путин ҳузурига ташрифи ғазаблантирган.

Европа Кенгашидаги манбалар Орбаннинг хатти-ҳаракатлари Венгриянинг раислигини «чиппакка чиқарган». Кенгашга аъзо давлатлар ундан ниҳоятда ғазабланган.

«Бундай учрашувлар билан раислик бошланмасдан туриб тугайди», — деган Politico’га манбалардан бири.

Нашрнинг қайд этишича, Орбаннинг фаоллиги унинг партияси ўтган парламент сайловларида таназзулга юз тутгани билан тушунтирилиши мумкин. Венгрия бош вазири амал курсисида қолиш учун янги иттифоқчиларга таяниб, ўз позицияларини кучайтиришга уринмоқда.

«Орбаннинг тактикаси ўзига қарши ишлаши мумкин. Европа Иттифоқи элчилари унинг яқиндаги сафарларини 10 июл куни муҳокама қилишмоқчи. Бу эса Европа кенгашининг расмийлари оғзаки муҳокамалардан Будапештнинг раислигини чеклаш бўйича муайян ҳаракатлар бошлаётганини билдиради», — дейилади мақолада.

Венгрияни раисликдан маҳрум қилиш учун сабаб можароли сафарлар чоғида Орбан ўз мамлакати номидан эмас, Европа Иттифоқи номидан ҳаракат қилган. Европа Иттифоқи етакчилари ўзларини оқлашга, Венгрия бош вазирининг хатти-ҳаракатлари ва гапларига алоқалари йўқлигини таъкидлашга мажбур бўлишган.

Венгрияга нисбатан ёқтирмаслик кайфияти, жумладан Орбан Украинага молиявий ёрдамларни блоклашда давом этаётгани туфайли ошиб бормоқда.

Европа Иттифоқида Венгрияни раисликдан маҳрум этиш механизмлари бор. ЕИ етакчилари бунга қўл уришадими ёки Орбанга сўнгги огоҳлантириш беришадими, буниси ҳозирча номаълум. Будапештдан статусни олиб қўйиш учун Европа кенгашидаги овозларнинг 4/5 қисми етарли.

«Ўз навбатида, Орбан Брюсселнинг босиқликка чорловларига қулоқ солишга тайёр эканлиги борасида бирор ишора бераётгани йўқ», — деб ёзади Politico. 

Мавзуга оид