Жамият | 17:07 / 14.07.2024
19593
2 дақиқада ўқилади

Андижонда оққан сел кўприкни қулатди

Кучли ёғингарчилик ортидан келган сел икки туман чегарасидаги кўприкни қулатган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари ўртасидаги Ёрқишлоқ қишлоғида сой устига қурилган кўприк кучли сел оқими туфайли қулаб тушгани тасвирланган видеолар тарқалди.

Маълум бўлишича, тоғларда ёғган кучли ёмғир туфайли сел келган ва кўприкни кўтариб турган таянч устунлар остини ювиб кетган. Оқибатда кўприкнинг асосий қисми қулаб тушган.

Видеода катта сой тўлиб сел оқаётгани, кўприк чўка бошлагач машиналар ҳаракати тўхтаб қолгани кўринади. Кўприк қулаётиб, ёнидан ўтиб кетган газ қувурларига ҳам шикаст етказгани айтилмоқда.

Хўжаобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдириб, ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаганини ва ҳалок бўлмаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, айни дақиқаларда вилоят ҳамда ҳар икки туман раҳбарияти вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳи воқеа жойига етиб борган ва иш олиб бормоқда.

Маълумот учун, ижтимий тармоқларда кучли ёғингарчилик туфайли Қирғизистоннинг Андижонга қўшни бўлган Ўш шаҳрини ҳам сел босгани тасвирланган видеолар тарқаляпти.

Мавзуга оид