Трамп суиқасддан кейин илк бор оммага кўриниш берди
Республикачилар қурултойида унинг номзоди президентлик учун расман илгари сурилди. Жеймс Дэвид Вэнс эса вице-президентликка номзод бўлди.
Доналд Трамп суиқасддан кейин илк бор омма қаршисига чиқди. У Висконсин штати Милуоки шаҳридаги Республикачилар партияси қурултойига келди, бу ерда расман унинг номзоди президентлик учун илгари сурилди. Бунгача Трамп сенатор Жеймс Дэвид Вэнсни вице-президентлик учун ўз номзоди сифатида кўрсатганди.
Республикачилар партияси саҳифасида Доналд Трамп ҳамда Вэнснинг сурати пайдо бўлди. Постда «Бизнинг ютадиган чиптамиз» деб ёзилди.
АҚШнинг икки асосий партияси ҳар икки йилда президентлик сайловлари учун номзодини расман эълон қилиш ва сайловолди кампаниясининг якуний босқичига тайёргарлик кўриш учун шундай қурултой ўтказади.
Трамп олқишлаб турган тарафдорлари олдига қулоғи боғланган ҳолда чиқиб келган. Кейин у суиқасддан кейин кўрсатган жестини такрорлаган: мушт қилиб тугилган қўлини баланд кўтарган.
Пенсилвания штатидаги митинг вақтида рўй берган отишмада у қулоғидан енгил жароҳат олганди (ўқ унинг бошидан бир неча миллиметр нарида ўтиб кетган), митингга келганлардан бири ҳалок бўлган, яна икки нафари оғир тан жароҳатлари олган.
Трамп ҳафта охирига қадар давом этадиган қурултойда чиқиш қилиши ва унинг нутқи марказий воқеага айланиши кутилмоқда.
Республикачилар партияси қурултойи чоғида ҳар бир штатдан келган делегатлар партия номзодини қўллашларини билдиришади ҳамда сиёсий платформани тасдиқлашади.
Бу йил қурултойнинг бу қисми Трамп учун шунчаки расмиятчиликка айланган, чунки у праймеризлар чоғида 2265 нафар делегат овозини олиб улгурган, бу эса номзодини илгари суриш учун талаб этиладиган миқдордан анча кўп.
Демократлар ўз қурултойини кейинги ойда Чикагода ўтказишади.
Вице-президентликка номзод
Доналд Трамп вице-президентликка Оҳайо штатидан бўлган 39 ёшли сенатор Жеймс Дэвид Вэнсни танлагани у бу сайловда бир қанча саноат штатлари — Пенсилвания, Мичиган ва Висконсинда ғолиб чиқиши ёки ютқазиши аниқлигини билишидан далолат беради, дея қайд этади BBC’нинг АҚШдаги мухбири Энтони Зуркер.
Оҳайодан бўлган Вэнс ўзининг «Hillbilly elegy» (Қишлоқ элегияси) номли китоби бестселлерга айлангач машҳур бўлиб кетганди, у китобда ишчилар муҳитида ўсгани ва бу унинг сиёсий ва дунёқарашига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида ҳикоя қилганди.
Ўз тажрибаси туфайли Вэнс 2016 йилда Трампга овоз берган ишчилар синфидаги оқ танли сайловчиларни жалб қилган.
Шу билан бирга, Вэнс нуфузли Йел университети битирувчиси ва венчур тадбиркорлиги тажрибасига эга.
Вэнс саккиз йил олдинги пойгадан олдин Трампни танқид қилганди — демократлар шунга эътибор қаратишга уриниши шубҳасиз — аммо ўтган вақт ичида у собиқ президентнинг ашаддий тарафдорига айланди — айниқса телеканаллардаги янгиликларда.
Унинг сиёстчи сифатидаги содиқлиги ва самарадорлиги Трампнинг қарорига таъсир кўрсатгани шубҳасиз.
Reuters баҳоларига кўра, Вэнс ташқи, ички ва иқтисодий сиёсатдаги қарашлари билан Трампга яқин: у иҳоталаниш тарафдори ва иқтисодий популист.
Вэнс Конгрессдаги Американинг Украинага ёрдамини олти ойга кечиктирган республикачилар гуруҳи мансуб, у Киев тинчлик келишуви учун ҳудудларининг бир қисмини Россияга бериши керак деб билади. У ва сафдошлари АҚШ биринчи навбатда ўз жанубий чегараларини мустаҳкамлаш билан шуғулланиши ва ноқонуний иммиграция билан курашиши, шунингдек Хитой билан рақобатга эътибор қаратиши керак деб ҳисоблайди.
Вэнс Россия тажовузига қарши туриш учун Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни Америка учун номақбул деб билади.
Милуокидаги намойишлар
Бу вақтда Милуоки марказидаги Ред-Эрроу хиёбонида иштирокчилари ҳар икки партия номзодларидан – Трампдан ҳам, Байдендан ҳам норози бўлган митинг ўтказилди, деб хабар беради BBC’нинг Милуокидаги мухбири Жин Ширин.
Улар митингга «Биз энди бойларга тоқат қила олмаймиз» ва «Ирқчи Трампга йўқ, геноцид Жога йўқ деймиз» ёзувлари акс этган плакатлар кўтариб чиқишган. Байден плакатда тишлари қон бўлган вампир қиёфасида, Трамп — чўчқа кўринишида тасвирланган.
Флоридалик 23 ёшли Жиа Давила мухбир билан суҳбатда митингга Freedom Road Socialist ташкилоти номидан келганини айтади. У ўзини марксчи-ленинчи деб атайди.
Митингга нима учун чиққани ҳақидаги саволга Жиа шундай жавоб қайтаради: «Биз, Қўшма Штатлар аҳолиси, чарчадик, биз республикачиларнинг фуқаролик ҳуқуқларига ҳужумлардан чарчадик - абортлардан тортиб оддий америкаликларга нисбатан ирқчилик ҳужумларигача».
Митингдаги кўпчилик қатори у Байденни ҳам қўлламайди. «У Ғазо халқи билан урушни доимий равишда қўллаб-қувватлайди. У АҚШ халқи учун ҳеч нарса қилмади», - дейди у.
Жиа Давила ўзи ва кўплаб тенгдошлари социалист бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, ноябрдаги сайловда овоз бермаслигини айтади.
Трампга шанба куни уюштирилган суиқасд борасида нима деб ўйлаши сўралганида, у шундай деган: «Билмайман, мен ҳақиқатни билмайман, бунга нима дейишни ҳам».
BBC мухбири Майк Вендлингнинг хабар беришича, Милуокидаги қурултой ўтаётган жой яқинида Трампга қарши бошқа бир намойиш ҳам ўтказилган. Бу митинг турли сабаблар билан чиққан намойишчиларни бирлаштирган: аёллар ҳуқуқлари, Black Lives Matter ва Фаластин тарафдорларининг йирик контингенти.
64 ёшли пенсионер Карен Аллингтон мухбир билан суҳбатда ўзини Доналд Трампнинг дастури ташвишга солаётганини айтган, унинг фикрича, бу дастур мамлакатдаги сиёсий бўлинишни кучайтиради.
«Биз шу ерда бўлишни ва қандайдир ижобий иш қилишни истаймиз, — дейди у. — Делегатлар бизни эшитишига ишончимиз комил эмас, аммо биз овозларимиз эшитилишини хоҳлаймиз».
Мавзуга оид
13:17
Трамп Пентагон раҳбари ўринбосари лавозимига миллиардер Файнберг номзодини илгари сурди
10:43
Трамп Путин у билан Украина масаласида учрашмоқчи эканини маълум қилди
18:07 / 22.12.2024
FT: АҚШ Трамп президентлигининг биринчи кунида ЖССТдан чиқишини эълон қилиши мумкин
08:38 / 21.12.2024