Жаҳон | 18:11 / 26.07.2024
14972
5 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазирининг яна бир собиқ ўринбосари ҳибсга олинди

Дмитрий Булгаков апрел ойидан буён Россия мудофаа вазирлиги тизимидаги қўлга олинган еттинчи юқори мартабали шахс бўлди.

Фото: Sergei Bobylev/TASS

Россия мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, бу лавозимда армиянинг моддий-техник таъминоти учун масъул бўлган Дмитрий Булгаков коррупцияга қарши иш доирасида Москвада ушланди ва тергов изоляторига ташланди, деб хабар бермоқда ФХХ. Булгаков апрел ойидан буён ҳибсга олинган Россия мудофаа вазирлиги тизимидаги еттинчи юқори мартабали шахс бўлди.

Махсус хизматлар иш тафсилотларини очиқламаган. 69 ёшли генерал Булгаков ушлангани ҳақида хабар берган Россия тергов қўмитаси ҳам иш деталларига тўхталмаган, фақат бу «коррупция фаолиятига оид» жиноий иш эканини таъкидлаган.

Вазирнинг собиқ ўринбосари суд қарорига кўра Москвадаги «Лефортово» тергов изоляторига жойлаштирилган. Суд қачон бўлиб ўтганига ФХХ ҳам, Тергов қўмитаси ҳам аниқлик киритмаган.

Армия генерали Булгаков мудофаа вазири ўринбосари лавозимида 2008 йилдан 2022 йил сентябрига қадар ишлаган. У РФ қуролли кучларининг моддий-техник таъминоти учун масъул бўлган. 2016 йилда унга Россия Қаҳрамони унвони берилган.

Жорий йил апрелда мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ҳам коррупцияда айбланиб қўлга олинганди. Мудофаа вазири Сергей Шойгу эса ҳукуматнинг янги таркибидан ўрин олмади ва Россия хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига ўтказилди, унинг ўринбосарларининг барчаси лавозимини тарк этди.

Булгаков 2022 йил кузида, Россияда ҳарбий сафарбарлик бошланган маҳалда ишдан кетганди. Мудофаа вазирлиги унинг истеъфосини бошқа ишга ўтиши билан изоҳлаганди. Генералнинг янги лавозими ҳақида расман хабар берилмаган. Бу Мудофаа вазирлигида Украинадаги уруш бошланганидан кейинги даврдаги илк истеъфо бўлганди.

Булгаков кўп йиллар мобайнида қуролли кучларнинг ички ишларига жавоб берган, моддий-техник таъминот тизими, қўшинларни қурол-яроғ, ҳарбий техника ва моддий воситалар билан таъминлаш, уларни сақлаш, ишлатиш, модернизация қилиш, таъмирлаш ва утилизация қилиш, ҳарбий ташувларни ташкил этиш бўйича фаолиятга раҳбарлик қилган, дея ёзади «Интерфакс».

2015-2017 йилларда Булгаков Украинани айланиб ўтадиган темирйўл қурилиши билан боғлиқ масалаларга масъул бўлган, шунингдек Суриядаги Россия қўшинлари таъминоти билан шуғулланган, дея қайд этади «Коммерсант».

Аноним манбага ҳавола қилган ҳолда «РИА Новости» Булгаков ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда Липецк областидаги «Грязинский озиқ-овқат комбинати» ОАЖ манфаатларини илгари сурганини хабар қилган. Жорий йил апрелида комбинатнинг уч нафар топ-менежери ҳибсга олинганди. Улар мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун озиқ-овқат етказиб беришни нотўғри ташкил этишда айбланган.

Бироз олдинроқ Москвадаги Твер суди Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-қурилиш компанияси бош директори 46 ёшли Андрей Белковни лавозимини суиистеъмол қилишда айблаб, ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарганди. «Коммерсант» маълумотига кўра, унинг иши Белков мудофаа вазирлигидаги ташкилотлардан бирига раҳбарлик қилган даврида вазирликнинг диагностика ва даволаш маркази учун 76 миллион рубл ўрнига оширилган нархда - 121 миллион рублга томограф сотиб олишни ташкил қилгани билан боғлиқ. У пулдаги фарқнинг бир қисмини ўз дўсти, «Партнер Плюс» МЧЖ асосчиси Елена Ляховичга ўтказган, у билан ускуналар етказиб бериш бўйича шартнома тузилган.

«Коммерсант»нинг таъкидлашича, Андрей Белковга нисбатан бошқа даъволар ҳам пайдо бўлиши мумкин, чунки унинг ишини собиқ мудофаа вазири ўринбосари, апрел ойида катта миқдордаги коррупция иши бўйича қўлга олинган Тимур Иванов назорат қилган.

Иванов қўлга олинганидан кейинги ой давомида яна уч нафар генерал тергов изоляторига олиб келинди — Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов, 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Попов ҳамда Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари, алоқа бошқармаси бошлиғи Вадим Шамарин, шунингдек Мудофаа вазирлигининг давлат мудофаа буюртмаларини таъминлаш департаменти бошлиғи Владимир Вертелецкий.

Шу тариқа, Булгаков мудофаа вазирлиги тизимида апрел ойидан буён қўлга олинган еттинчи юқори мартабали мулозим бўлди. Уларнинг барчаси ҳибс қилинган. Генерал Попов июл ойида тергов изоляторидан уй қамоғига чиқарилган.

Мавзуга оид