Фронтдаги вазият: Россиянинг илгарилаши кузгача давом этиши мумкин
Россия армиясининг навбатдаги йирик юриши урушга якун ясаши кўзда тутилган эди, бироқ катта илгарилаш ёки Украина армиясининг пароканда бўлишига эришилмади.
The Telegraph нашрининг ёзишича, бу зафарли зарба бўлиши кутилаётганди, чунки Украина одамлар, ўқ-дорилар ва окоплар етишмовчилигига дучор бўлган. Бироқ мана, ёз тугаб ҳам боряптики, Россия ўзининг амбицияли мақсадларига эриша олмади: улкан ёриб кириш ҳам рўй бермади, Украина фронт чизиғининг умумий парокандалиги ҳам кузатилмади.
Россия армияси қўлга киритган натижаларга жуда секинлик билан ва катта харажатлар эвазига эришилди: ўтган ҳафтада Буюк Британия мудофаа вазирлиги Россия армияси май ойида кунига ўртача 1262, июн ойида эса 1162 аскаридан айрилганини маълум қилди — бу уруш бошланганидан буён энг катта кўрсаткичлар.
Бироқ Россия армияси барибир таҳдидли тезлик билан олдинга силжишда давом этмоқда.
Украина Deep State лойиҳаси хабар беришича, Прогресс қишлоғи ёнида “пиёда бригадалардан бирининг хаотик олиб чиқилиши” 31-алоҳида механизациялашган бригадасининг қарийб қуршовга тушиб қолишига сабаб бўлган.
“Энг ёмон сценарийдан қочишга муваффақ бўлинган, бироқ ҳамон вазият негатив траекторияга эга. Украина яқин ойлар ичида яна ҳудудларини йўқотишда давом этади”, — деган Карнеги фондининг катта илмий ходими Майкл Кофман.
Жанглар
Уруш бошланганида Россия блицкриги Киевга бориши тўғрисида тахминлар илгари сурилган эди. Ҳозир бу ҳақда гап-сўзлар йўқ. Бироқ Россиянинг ҳудудлар билан боғлиқ яна бир асосий мақсади бор: Донецк областини бутунлай ёки унинг катта қисмини эгаллаш.
Агар қачондир сулҳ бўйича музокаралар бошланса — россияликлар ноябр ойида Доналд Трампнинг ғалаба қозониши музокаралар бошланиши учун уларга яхши позиция тақдим этишидан умидвор — улар оккупация қилган барча ҳудудларини сақлаб қолишга интилишади.
Ўша вақтгача улар Словянск, Краматорск ва Покровскни оккупация қила олишса, буни урушдаги натижа сифатида тақдим қилиш мумкин. Россия айни пайтда инсонлар, техника ва ўқ-дорида устунликка эга экани аниқ. Улар бу устунликдан фойдаланиши керак бўлади.
Режа
Россияликлар фойдаланган режада генерал Валерий Герасимовнинг характерли чизгилари бор — катта йўқотишлар ва саъй-ҳаракатларни бемаъни харжлаш.
Асосий йўналишлар Белгород областидан Харкивнинг шимолий-шарқий қисмига ҳужум қилиш ва Украина захираларини Донбассдан жалб этишни назарда тутган эди.
Шунингдек, Оскил дарёси томон юриш қилиб, Харкивга бошқа томондан таҳдид солиш режа қилинганди. Жануб томон иккита асосий ҳужум — Бахмутдан тепароқда жойлашган Часив Яр шаҳарчасига, Авдийивкадан Покровскка юриш назарда тутилганди.
Сўнгги бир ой ичида Часив Яр ва Покровск учун жанглар оралиғида Ню Йорк ва Торецкка қўшимча ҳужумлар уюштирилди. Шунингдек, жануб томон Кураховега таҳдид туғдириш учун юришлар ҳам қилинди.
Харкив
Харкивга 10 май куни уюштирилган ҳужум 2022 йилдан буён биринчи йирик трансчегаравий босқин бўлди ва у икки мақсадни кўзлаганди: Белгород областига Украина зарбалари ва рейдларини тўхтатиш учун буфер зона яратиш, шунингдек, Донбассдаги асосий фронтдан украин захиралари эътиборини чалғитиш.
Биринчи мақсад аниқ барбод бўлди. Дастлабки муваффақиятларга қарамасдан, россияликлар тезда ҳолдан тойди ва позицияларини йўқота бошлади. Ҳозир уларнинг қўшинлари Вовчанск ва Лукянске посёлкалари атрофидаги иккита алоҳида гуруҳга бўлиниб қолган.
Иккинчи мақсад бирмунча муваффақиятли чиқди. Украина бир неча бригада ва баталёнларни фронтнинг бошқа чизиғидан таҳдидни тўхтатиш учун бу ерга олиб келишга мажбур бўлди.
“Украина мобил захиралар тақчиллиги, чизиқни кучайтириш учун захиралар йўқлиги Россиянинг Ню Йорк, Торецк ва Покровск йўналишларидаги муваффақиятини таъминлайди”, — деб ёзади нашр.
Донбасс
“Россияликлар Харкивга ҳужумни режалаштирилганидан бир ой аввал бошлашди”, — дейди Кофман.
Эртароқ бошлаш ғояси украиналикларни кутилмаганда гангитиб қўйишни мақсад қилган эди, бироқ бу россияликларни ҳам гангитиб қўйди. Операцияда иштирок этиш учун ажратилган 4-армия корпуси етарлича машғулотларни ўтамаган, Донбассда ҳақиқий штурмлар бошланган бир пайтда бир ой ортда қолаётганди.
Харкив операцияси барбод бўла бошлагач, Россия олий қўмондонлиги қўшинларни Донбассдан олиб, шимолга жўнатди. Айнан мана шу имиллаш украиналикларни яксон бўлишдан асраган бўлиши мумкин.
Покровск ва Часив Яр
Донбассдаги урушлар қишдан буён тингани йўқ. Бироқ 10 майдан — Харкивга ҳужум бошланганидан буён россияликлар Покровск йўналишидан тўрт миляча, Прогрессгача ҳам қарийб шунча, Ню Йорккача 3,37 миля олдинга силжий олишди. Часив Ярга эса улар икки миля яқинлашди.
“Вазият шундайки, руслар Бахмутда ишлатилгани сингари қатъий тактика этагини тутди: кўп одамни жангга ташлашади, кўп одамларидан айрилишади, бу ҳолда айрим қишлоқ ва посёлкаларда бир неча метр ва айрим кўчаларни қўлга киритишади”, — дейди ҳарбий таҳлилчи, Украинанинг собиқ мудофаа вазири Андрий Загороднюк.
“Моҳиятан бу ўта имиллаган силжиш, лекин силжиш барибир бор. Биз бунинг устида иш олиб бормоқдамиз, мен нима бўлишини олдиндан айта олмайман, лекин биз узоқ муддатли истиқболда буни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ қисқа муддатли истиқболда Россия кучларининг бевосита яқинида зарба бериш имкониятига эгамиз”, — деган Загороднюк.
Агар россияликлар Ню Йорк ва Торецкни қўлга кирита олса, Часив Ярга жанубдан ва Константиновкага жануби-шарқдан таҳдид қила бошлашади. Бу уларни Краматорск ва Словянскка таҳдид қилишга бир қадам яқинлаштириб, Украинанинг Донецк областидаги бутун позицияларини хавф остида қолдиради.
Тактика
Россиянинг яқиндаги муваффақияти сабабларидан бири улар нисбатан ожиз Украина бўлинмалари томон ҳужумни жамлашга эътибор қаратаётганидир.
Бир ойча аввал бошланган Торецк ва Ню Йоркка ҳужум Украинанинг ушбу ҳудудни ушлаб турган нисбатан кучли бригадасини Часив Ярда жанг қилиб турган кучсизлаштирилган бўлинмага алмаштириш қарорига тўғри келди, дейди АҚШдаги ташқи сиёсат тадқиқот институти таҳлили марказининг катта илмий ходими Роб Ли.
Покровскдан шарқдаги ҳужумлар ҳам кучларнинг ротация қилиниши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Урушнинг бу босқичи имиллаганча олдинга силжиш ва пиёдаларнинг мутлақо аҳамиятсиз ҳаракатлари билан характерланади.
Айни пайтда Россия ҳужумлари 6-8 кишининг кулранг зонадан ўтиб, окопларда жойлашиб олиши билан ўтмоқда.
Бу урушнинг ҳар икки томони дуч келган муаммолар ҳосиласидир: кулранг зонани россияликлар Вуҳледар ва Авдийивкада, украинлар ўтган йил ёзида Запорижжяда қўллагани сингари анъанавий тарзда зирҳли техника билан кесиб ўтиш ҳарбий техникалар ва тирик кучларнинг катта миқдорда йўқотилишига сабаб бўлади.
Бу йил россияликлар муаммони ечишнинг иккита вариантини ўйлаб топишди. Улардан бири “тошбақа танк” бўлиб, бесўнақай, зирҳланган техника кулранг зонада йўналиш очишга сафарбар этилади.
Иккинчи вариант зирҳдан буткул воз кечган: аскарларни мотоциклга ўтқазиб, ўқларга чап берганча имкон қадар тезроқ душман устига бостириб бориш. Улар тўқнашув чизиғига етиб борганидан сўнг мотоциклларни ташлаб, окопларда пиёда штурм гуруҳлари каби жангларга киришишади. Бу қандайдир мўъжизавий усул ёки қурол эмас, жанг майдонининг шарт-шароитларидан келиб чиқиб мослашишдир.
“Моҳият шундаки, кучли мустаҳкамланган позицияга ҳужум уюштиришнинг яхшироқ вариантининг ўзи йўқ”, — деган Ли.
Бу импровизациялашган усуллар ҳамон наф келтириши мумкин, агар улар ўзи учиб бориб урувчи бомбалар билан мустаҳкамланса. Россия айни пайтда шундай бомбалардан фронт чизиғида фаол фойдалана бошлаган.
“Ўзиучар бомбалар тобора аниқ урадиган бўлиб бормоқда. Улар психологик жиҳатдан ҳам кучли, бутун бир позиция устига ёпирилади, бир зарба билан бутун бир бинони яксон қилиши мумкин”, — деган Кофман.
Кучлар мувозанати
Ушбу ёзнинг энг пессимистик тахминлари Украинада одамлар, снарядлар ва тайёрланган мудофаа позицияларининг критик етишмовчилиги билан боғлиқ бўлди.
Ушбу муаммолардан ҳар бирини кечикиб бўлса-да ҳал қила бошлашди. Украина президенти Володимир Зеленский апрел ойида сафарбарлик тўғрисидаги қонунни имзолади.
Кўрсатиб ўтилган рақамлар махфийлаштирилган, бироқ бу масала билан таниш манбаларнинг айтишича, бир ой ичида аввалгилардан бир неча бор кўпроқ қўшин тўплашга муваффақ бўлинган. Яқин ойларда улар оммавий тарзда фронтга ташлана бошлайди.
Апрел ойида, Харкивга ҳужум бошланмасидан бироз аввал АҚШ Конгресси ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллади. Бу пакет орқали келаётган ёрдам Россиянинг ўқ-дорилар бўйича устунлигини пасайтирди, бироқ йўқ қила олгани йўқ. Ёз тугагунга қадар Украинада F-16 қирувчи самолётлари пайдо бўлиши кутилмоқда.
“Буларнинг барчаси Россиянинг жанг майдонидаги устунлиги қишга бориб йўққа чиқарилиши мумкинлигини билдиради. Москванинг эса ўз бош оғриқлари бор. Россияда зирҳли техника тугаб битгани йўқ, бироқ унинг захирасининг таги кўриниб қолди”, — деб ёзади нашр.
Россия шунингдек, кўнгиллилар учун маош таклифини оширди, бу эса урушга ёллаш билан боғлиқ муаммолардан далолат беради. Қайсидир онларда у ўз операциялари суръатини пасайтиришга мажбур бўлиши ҳам мумкин.
Энди нима бўлади?
Келгуси бир неча ойнинг хавфлилик даражаси ҳамон муҳим бўлиб қолмоқда. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский шу ҳафта ичида россияликлар техника борасида 1:2 ё 1:3 нисбатда устунликка эга эканини таъкидлади.
Қисқача айтганда, Россиянинг олға силжиши сентябргача давом этиши мумкин. Лекин Донбассдаги уруш нечоғлик қонли кечмасин, урушдаги ҳал қилувчи омил бўла олмайди.
“Донецкдан кейинги 20 км ҳудудни ким назорат қилишидан қатъи назар, мазкур урушнинг стратегик манзарасини ўзгартира олмаслиги тобора ойдинлашиб бормоқда”, — деган Кофман.
Мавзуга оид
14:45
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024