Жаҳон | 08:36 / 03.08.2024
15163
15 дақиқада ўқилади

Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинуви: ким озод этилди ва улар нима учун ҳибсга олинганди?

Россия 1 август куни қатор Ғарб давлатлари билан маҳбусларни алмашди. Озод этилганлар орасида Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович ва АҚШ денгиз пиёдаларининг собиқ ходими Пол Уилан ҳам бор.

Вадим Красиков ва Владимир Путин Фото: «РИА Новости»

Россия ва айрим Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ҳамда Германия ўртасида 1 август куни маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Озод этилганлар орасида Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович ва АҚШ денгиз пиёдаларининг собиқ ходими Пол Уилан ҳам бор. Битим доирасида Германия россиялик киллер Вадим Красиковни озод этди.

Бир неча кун давомида Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинуви амалга оширилиши тўғрисида миш-мишлар тарқалди, Россия қамоқхоналарида сақланаётган айрим маҳбуслар номаълум жойга олиб кетилгач, ушбу фаразлар ўз тасдиғини топа бошлади.

Эван Гершкович

 

Камала Ҳаррис, Жо Байден ва Эван Гершкович 
Фото: AP Photo

Америкалик журналист Эван Гершкович Россияда жосусликда айбланиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Wall Street Journal мухбири хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 2023 йилнинг мартида, Екатеринбург шаҳрига сафари давомида ҳибсга олинган.

Прокурорлар уни Марказий разведка бошқармасига ишлашда айлаган, бироқ Гершкович, WSJ ва АҚШ ҳукумати ушбу айбловларни рад этган. Бу «Совуқ уруш» якунлангандан бери Россияда америкалик журналист жосусликда илк бор айбланиши эди.

Пол Уилан

 

Пол Уилан \ Фото: AP Photo

54 ёшли Пол Уилан 2018 йили Москвада жосусликда гумонланиб ҳибсга олинган ва 2020 йилда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. АҚШ денгиз пиёдалари сафида хизмат қилган Пол тўрт давлат — АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Ирландия фуқароси ҳисобланади.

2008 йилда ёмон хулқи учун армия сафларидан бўшатилган Уилан хавфсизлик бўйича консультантга айланган ва иш бўйича Россияга қатнаган. 2018 йилда у Россия ФХХ ходимлари томонидан қўлга олинади ва Москвада «жосуслик қилаётганида ушлангани» айтилади. Унинг оиласи Полга қўйилган айбловни доим рад этиб келган.

Алсу Курмашева

 

Алсу Курмашева \ Фото: AP Photo

Гершковичга ҳукм ўқилган кунда Россия—Америка журналисти Алсу Курмашева ёпиқ суд орқали 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади.

У АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган «Озодлик радиоси»нинг муҳаррири ҳисобланади ва Россия ҳарбийлари ҳақида ёлғон ахборот тарқатишда айбланган.

Унинг эри Павел Буторинга кўра, журналист ўтган йили Украинага қарши урушаётган россияликларнинг ҳикоялари жамланган китобни чоп этгани сабаб ҳибсга олинган. Курмашева АҚШ ва Россия фуқаролигига эга бўлиб, турмуш ўртоғи ва икки нафар қизи билан Прагада яшарди. 2023 йил июнда у онасини кўриш учун Россияга келганида ушланган.

Владимир Кара-Мурза

 

Владимир Кара-Мурза \ Фото: «Медуза»

Путин сиёсати, Украинадаги урушга қарши чиқишлари билан танилган Владимир Кара-Мурза 2023 йил апрелида «давлатга хиёнат», Россия армияси тўғрисида «фейк» тарқатиш ҳамда «исталмаган» ташкилот фаолиятини юритишда айбланиб, 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Владимир Кара-Мурза 2022 йил апрелидан буён Омск шаҳридаги 7-сонли ахлоқ тузатиш колониясида ҳибсда эди, 2023 йил мартида адвокатлар унга полинейропатия ташхиси қўйилган. Россияда бундай касалликка чалинган шахслар ҳибсда сақлаб турилиши мумкин эмас.

Колонияда сиёсатчини жарима изоляторига ташлашган, июнь ойида эса бир камерали типидаги хонага ўтказилган. Кара-Мурзанинг адвокатлари бу қарор унинг саломатлиги ва ҳатто ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини қайд этишганди.

Иля Яшин

 

Илья Яшин \ Фото: «Медуза»

Россиядаги энг ёрқин мухолифлардан бири ҳисобланган Иля Яшин 2022 йилда мамлакат армияси ҳақида «фейк янгиликларни тарқатганлик»да айбланиб, ҳибсга олинган. 2022 йил декабрда Москва Мешчан суди мухолифатчини 8,5 йил муддатга умумий тартибли колонияга ҳукм қилади.

Жиноий иш очилишига Яшин ўша йил 7 апрелида YouTube каналидаги жонли эфирида Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани ҳақида гапиргани сабаб бўлганди.

Россия мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийларнинг Бучадаги жиноятлари тўғрисидаги хабарларни «провокация» деб атаган, кўчаларда жасадлар ётгани акс этган кадрларни — «томоша қўйиш» деб баҳолаган. Прокурор ҳам судда мазкур версияни такрорлаган. Мухолифатчи айбига иқрор бўлмаган. У суддаги сўнгги сўзида Россия қўшинини Украинадан олиб чиқишга чақирган.

Олег Орлов

 

Олег Орлов \ Фото: TASS

Олег Орлов — россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, у февраль ойида Россияни фашистик давлат деб атаб, Украинада урушни қоралагани учун ҳибсга олинган. Москвадаги Головинский район суди армияни «обрўсизлантириш» иши бўйича янги ҳукм чиқарган ва Орловни икки ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этганди. Орлов — «иноагент» деб топилган ва суд қарори билан тугатилган «Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази ҳамраиси эди. РФ адлия вазирлиги унинг ўзини 2023 йил декабрида «иноагентлар» рўйхатига киритганди.

Ҳуқуқ фаолига қарши иш унинг «Улар фашизмни исташганди. Улар шунга эга бўлишди» сарлавҳали урушга қарши мақоласи туфайли очилган. У мазкур мақоланинг француз тилидан таржимасини (Медиапарт нашрида эълон қилинган) фейсбукдаги саҳифасига жойлаштирган.

Лилия Чанишева

 

Лилия Чанышева \ Фото: «Медуза»

Ҳукумат томонидан экстремизмда айбланган Лилия Чанишева 9,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

Лилия Чанишева 2021 йил ноябридан буён ҳибсда эди. У 2021 йил сентябрида Навалний ва унинг тарафдорларига қарши қўзғатилган «экстремистик жамият» тузиш бўйича ишда биринчи бўлиб қўлга олинган. 2024 йил майида — Бошқирдистон олий суди Чанишеванинг қамоқ муддатини етти ярим йилдан тўққиз ярим йилга оширганидан кейин — RT пропагандачи канали у Россия президенти номига афв этиш тўғрисида ариза ёзгани ҳақида хабар тарқатади. Журналистлар билан суҳбатда Чанишеванинг адвокати Рамил Гизатуллин бу мавзуда муҳокама бўлганини тасдиқлаган.

Ксения Фадеева

 

Ксения Фадеева \ Фото: Getty Images

Ўтган йил охирида Томскдаги суд Алексей Навалнийнинг ҳудудий штаби собиқ бошлиғи Ксения Фадеевани «ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда экстремистик жамият ташкил этиш» ва «фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларини камситувчи нотижорий ташкилот фаолиятида иштирок этиш»да айблаб, тўққиз йилга қамаганди.

Унинг адвокатлари аёл ташкилот 2021 йилда экстремистик дея тан олинганидан кейин ҳамкорлигини тўхтатганини таъкидлаган. Сўнгги йилларда Навалнийнинг кўплаб собиқ ходимлари ва иттифоқчилари Россиядан чиқиб кетишга мажбур бўлаётганди.

Саша Скочиленко

 

Саша Скочиленко \ Фото: Telegram / Певчих

2023 йил ноябрида Петербург суди рассом Саша Скочиленкони Россия армияси тўғрисида «фейк» тарқатишда айблаб, етти йил муддатга озодликдан маҳрум этганди.

Скочиленко урушга қарши акциялари учун таъқиб остига олинганди: 2022 йил апрелида рассом дўкондаги нархлар ёзилган қоғозларни Украинадаги уруш қурбонлари сони ҳақидаги маълумотлар ва рус қўшини босқинини тўхтатишга чақирувчи стикерлар билан алмаштириб қўйган эди.

Кевин Лик

 

Кевин Лик \ Фото: «Медуза»

Ўтган йил охирида Шимолий Кавказдаги Адигей республикаси суди Германия ва Россия фуқароси бўлган 18 ёшли Кевин Ликни «давлатга хиёнат» иши бўйича тўрт йилга озодликдан маҳрум этганди.

Айблов версиясига кўра, у 2021 йил 23 декабрдан 2023 йил 8 февралга қадар бўлган муддатда Майкопдаги Россия ҳарбий қисми «дислокация жойи»ни «визуал кузатган» ва фотосуратга олган, кейин эса суратларни электрон почта орқали «хорижий давлат вакили»га юборган.

Рико Кригер

 

Рико Кригер \ Фото: «Медуза»

Германия фуқароси Рико Кригер Беларусда портловчи модда ўрнатишда айбланиб, ўлимга ҳукм этилганди. Бироқ жорий ҳафта бошида мамлакат раҳбари Александр Лукашенко уни афв этган.

Давлат ОАВ билан уюштирилган интервюда у Украина кўрсатмасига биноан ҳаракат қилганини айтган. Кригер Беларусда ўлимга ҳукм қилинган Ғарбнинг биринчи фуқароси.

Андрей Пивоваров

 

Андрей Пивоваров \ Фото: «Медуза»

Россиялик мухолифатчи Андрей Пивоваров собиқ олигарх Михаил Ходорковский томонидан очилган «Очиқ Россия» фондига раҳбарлик қилиб келган. 2021 йилда у раҳбариятни «кераксиз ташкилот» эканликда айблаб, Санкт-Петербург орқали мамлакатдан чиқиб кетаётганида ушланган.

Дитер Воронин

Россия ва Германия фуқароси ҳисобланган Дитер Воронин «хиёнат»да айбланиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Москвага кўра, у ҳозирда ҳам панжара ортида қолаётган журналист Иван Сафроновдан махфий ҳарбий маълумотларни қўлга киритган.

Патрик Шобел

 

Патрик Шобель \ Фото: BBC

38 ёши немис жорий йил бошида Санкт-Петербургда қўлга олинган эди — унинг ёнида таркибида каннабис бор мармелад пакети топилган. Шундан сўнг у гиёҳванд моддалар савдосига айбланган.

Шобел судда ушбу ширикликларни ўтган йили Германияда сотиб олгани, ундан узоқ парвозларда яхши ухлаши учун фойдаланишини билдирган. У каннабис маҳсулотлари Россияда тақиқланганидан хабар бўлмаганини айтган.

Герман Мойжес

Рус-немис иммиграция адвокати ва велоспорт фаоли Мойжес май ойида ҳибсга олинганидан кейин давлатга хиёнатда айбланган. Унинг иши бўйича маълумотлар кам, бироқ ҳуқуқбонларнинг тахминича, айбловга Германнинг Россия фуқароларига Европа ҳужжатлари ёки фуқаролигини олишда кўрсатган ёрдамлари сабаб бўлган.

Вадим Останин

 

Вадим Останин \ Фото: Reuters

Останин Алексей Навалнийнинг Барнаулдаги минтақавий бўлинмаси раҳбари бўлиб, 2023 йилда 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Маҳбуслар алмашинувида қатнашган Навалнийнинг бошқа вакиллари каби у ҳам экстремистик ташкилот аъзоси бўлганликда айбланган.

Ғарб томонидан озод этилган маҳбуслар

Вадим Красиков

 

Вадим Красиков

Россияга қайтарилган энг машҳур маҳбуслардан бири — бу Федерал хавфсизлик хизмати ходими Вадим Красиков бўлиб, у 2019 йилда содир этган қотиллиги учун Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Суд давомида прокурорлар у Россия берилган буйруқлар остида ҳаракат қилганини ва у ФХХнинг махфий «Вимпель» бўлинмаси аъзоси эканини айтган.

Вадим Красиков устидан суд 2020 йил 7 октябрда бошланади ва 14 ой давом этади. 2021 йил 15 декабрда ҳукм — умрбод қамоқ жазоси эълон қилинади. Ҳукм эълон қилинганидан кейин Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок «давлат буюрмаси остидаги қотиллик» «Германия Федератив Республикаси суверенитети ва герман қонунчилик нормаларининг қўпол бузилиши» эканини таъкидлайди. Шу боис Германия ҳукумати Россиянинг мамлакатдаги икки нафар дипломатини персона нон грата дея эълон қилади.

Роман Селезнев

 

Роман Селезнев \ Фото: Getty Images

Роман Селезнев 2017 йилда 169 миллион доллар зарар келтилган хакерлар схемаси бўйича айбдор дея топилган. Америкалик амалдорларга кўра, у ресторанлардаги кредит карталари маълумотларини ўғирлаб, уларни «қора бозор»да сотган.

У 2009-2013 йиллар оралиғида содир этган жиноятлари учун 27 йил муддатга қамалганди. Адлия вазирлигига кўра, Селезнев минглаб корхоналарнинг кредит карталари рақамларини ўғирлашига ёрдам берган дастурий таъминотдан фойдаланган. Унинг отаси Валерий Селезнев — депутат ва Путиннинг иттифоқчиси.

Вадим Коношенок

 

Вадим Коношенок \ Фото: АҚШ Адлия вазирлиги

Вадим Коношенов 2022 йили АҚШда Россия ҳукумати манфаатлари учун келишилган харидлар ва «пул ювиш»да айбланган. У Федерал хавфсизлик хизмати агенти дея ҳисоблаб келинган.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, Коношенов шериклари билан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган юқори таъсирчан электрон эҳтиёт қисмларни экспорт қилган.

Артём ва Анна Дулцевлар

 

Артем Дульцев ва Анна Дульцева \ Фото: BBC

Аввалроқ Люблана округ суди Словенияда Людвиг Гиш ва Мария Мейерга тегишли Аргентина паспортлари билан яшаб келган россиялик эр-хотин Артём ва Анна Дулцевларга ҳукм чиқарганди.

Дулцевалар жосуслик иши бўйича 1 йил 7 ой муддатга колонияга ҳукм қилинган. Улар 2022 йил декабрда қўлга олинганидан бери айнан шунча муддат ҳибсда сақланиб келинаётган эди. Россияликлар ўз айбига иқрор бўлган. Суд ёпиқ режимда ўтказилган.

Михаил Микушин

Университетда ўқитувчилик қилган Микушин 2022 йилда Норвегияда Россия фойдасига разведка маълумотларини тўплашда айбланган. Норвегия ҳукумати унинг ёнидан Бразилия паспортини топган ва 2021 йилдан бери у Тромсё университетида илмий ходим бўлиб ишлаган.

Маълумотларга кўра, у Хосе Ассис Жаммария исми остида фаолият юритган. Шунингдек, Микушин ёшини ҳам яширган: айблов эълон қилинган вақтда у 37 эмас, балки 44 ёшда бўлган.

Владислав Клюшин

 

Владислав Клюшин \ Фото: «РИА Новости»

Клюшин 2021 йилда АҚШ ҳукуматининг талаби билан Швейцарияда ҳибсга олинган. У 2023 йилда айбини тан олиш бўйича битимни рад этганидан кейин инсайдерлик маълумотлар савдоси учун 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Тергов давомида унинг 2016 йилда АҚШда ўтказилган президентлик сайловларида Доналд Трамп фойдасига иш кўргани тахмин қилинадиган ҳарбий разведка собиқ офицери Иван Ермаков билан алоқаси борлиги аниқланган.

Пабло Гонсалес (Павел Рубцов)

 

Пабло Гонсалес \ Фото: «Эхо Москви»

Испан-рус журналисти 2022 йил февралда Полшада қўлга олинган ва унга Россия ҳарбий разведкаси билан алоқадорлик ҳамда жосуслик айбловлари қўйилган.

Рубцов Москвада муҳожирлар оиласида дунёга келган ва болалигида Испанияга кўчиб ўтиб, Павел Гонсалес исмини олган. Ҳибсга олинганидан кейин Amnest International ҳамда «Чегара билмас мухбирлар» иштирокида уни озод этиш бўйича кампания бошланган эди.

Мавзуга оид