Донбассга келган маҳбуслар баталёни ва Красноҳоривка харобалари. Уруш суратлари
Красноҳоривка қарийб буткул вайрон бўлган ва рус қўшини томонидан эгалланган. Қуйида ушбу ўлик шаҳарнинг қуш парвози баландлигидан кўриниши акс этган суратлар
Донецк агломерациясига мансуб бўлган Красноҳоривка шаҳри Марйинка шаҳридан шимолда жойлашган. 2014 йилдан буён у Украина қуролли кучлари ҳамда ўзини ўзи эълон қилган ДХР ҳарбий тузилмалари ўртасидаги жанглар марказида қолган. Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганида Красноҳоривка Украина назоратида эди, урушгача шаҳарда 15 мингга яқин киши яшаган. Россия армияси 2024 йил февралида Красноҳоривка томон юриш бошлади. Ёзга келиб шаҳар амалда тўлиқ вайрон қилинди.
Ҳозирда РФ қўшини Красноҳоривкани эгаллаш жараёнини якунламоқда, Украина мудофаа вазирлигига яқин бўлган DeepState лойиҳаси маълумотига кўра, РФ қўшини Красноҳоривканинг шимолий чеккаларида олдинга юрмоқда. Паблик эълон қилган харитага кўра, шаҳарнинг катта қисми Россия қўшинлари томонидан назорат қилинмоқда.
Фотограф Константин Либеров россияликларнинг оғир артиллерия ва бошқарилувчи авиабомбаларидан вайрон бўлган Красноҳоривканинг дрон орқали олинган суратларини намойиш этди.
Россиялик ҳарбийлар Днипрода украинларнинг «Баба-яга» бомбардимончи дрони ва сувусти дронларининг муқобилларини синовдан ўтказмоқда
Россиялик ҳарбийлар Херсон области ҳудудидан ўтган Днипро дарёси қуйи оқимидаги оролларда синовдан ўтказилаётган дронларни намойиш этди. Йирик квадрокоптерлар ва гексакоптерлар украинларнинг «Баба-яга» дронларини (бу россияликлар берган лақаб; Украинада бу дронларни Vampire деб аташади) эслатади.
Кўп юк кўтариш ва узоққа учиш имкониятига эга бўлган бундай дронлар хитойликлар ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалик дронлари асосида ясалган. Улар кенг кўламли вазифаларни бажаради: юкларни олдинги чизиққа етказиб бериш, сигналларни уларнинг узоқроқ масофага ҳаракатланиши учун кичик дронларга ретрансляторлик қилиш, шунингдек оғир бомбардимончилар сифатида — улар россияликларнинг позициялари устига танкка қарши кучли миналар ҳамда артиллерия снарядларини ҳам ташлаши мумкин.
Россия армияси бундай классдаги дронларга кўп миқдорда эга эмас. Бу гапни сувусти пилотсиз аппаратлари ҳақида ҳам айтиш мумкин. РФ ҚК Днипрода пилотсиз катерларни ҳам синовдан ўтказмоқда.
Донбассда украин маҳбусларидан тузилган «Шквал» баталёни фронтга йўл олишга тайёрланмоқда
Украина қуролли кучлари таркибида собиқ маҳбуслардан тузилган «Шквал» баталёни тузилди. Май ойида Олий Рада оғир бўлмаган жиноятларни содир этгани учун қамалганларни сафарбар этишга рухсат берувчи қонунни қабул қилганди. Фронтга боришни истаган маҳбуслар суднинг шартли равишда озод этиш тўғрисидаги қарорини олиб, тиббий комиссиядан ўтиши керак.
Бундай амалиёт РФ қуролли кучларида ҳам мавжуд, аммо украин расмийлари маҳбусларни ёллашга турлича ёндашилаётганига эътибор қаратган. «Бизда кўнгилли схема, бизникиларни ҳеч ким мажбурламайди, Россияда эса барчани мажбур қилишади. Уларда ҳеч кимни тайёргарликдан ўтказишмайди. Тайёргарликсиз улар шунчаки „тўп еми“» — деган Украина адлия вазири Денис Малюска BBC учун интервюда. Унинг сўзларига кўра, украин қамоқхоналарида жами 10-20 минг киши сафарбар этилиши мумкин.
Қуйидаги суратларда — «Шквал» махсус баталёни аскарлари Украина қуролли кучлари 28-алоҳида механизациялашган бригадаси таркибида машғулот ўтказиши акс этган. Кадрлар 26 июл куни Донецк областида олинган.
Июл ойи ўрталарида россиялик ҳарбийлашган блогерлар ва пропагандачилар украиналик илк маҳбуслар фронтда пайдо бўлгани ва ҳатто асир тушгани ҳақида хабар берганди. Уларнинг маълумотига кўра, «Шквал» Донецк областидаги Новоселовка Первая қишлоғи ҳудудида «Магура» номли 47-алоҳида механизациялашган бригада таркибида штурм ҳаракатларида иштирок этган.
Шунингдек, Украина ҚК 24-механизациялашган бригадаси таркибида собиқ маҳбуслардан иборат «Характерники» номли яна бир махсус бўлинма пайдо бўлган.
Донецк областида зарбалар остида яшаётган шаҳарлар
Россия қўшини Украина фронтларида, жумладан Донецк областида юришини давом эттирмоқда. РФ армиясининг асосий зарбаси Донбасс марказида, Часив Ярдан Красноҳоривкага қадар чўзиладиган юз километрлик дуга бўйлаб берилмоқда. Ҳарбий ҳаракатларга қарамай, фронт чизиғи яқинида жойлашган айрим аҳоли яшаш пунктларида одамлар яшаши давом этмоқда. Аҳоли яшаш уйлари ва бошқа бинолар, жумладан ибодатхоналар (биргина Донецк областида Россия босқини даврида 110 дан ортиқ диний бинолар шикастланган) зарба остида қолмоқда. Қуйида фронт бўйидаги шаҳарлар ҳаёти акс этган суратлар.
Харкив области икки йил олдин озод этилганди, аммо ҳамон миналардан тозаланмаган
Украина ҳукумати апрел ойида ҳудудни миналардан тозалаш ишларига кўпроқ аёлларни жалб этишни режалаштираётганини маълум қилганди: ўшанда, бош вазирнинг биринчи ўринбосари — иқтисодиёт вазири Юлия Свириденконинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари сапёрлари сафида аёллар 30 фоизни ташкил этаётганди. Июн ойида французларнинг LʼExpress журнали украин армияси ёппасига сапёр аёлларни ёллаётгани ҳақида хабар берганди. Нашрнинг ёзишича, 2018 йилга қадар украин аёллари бу мутахассислик бўйича ишлаши тақиқланганди.
Қуйидаги фотосуратларда полиция сапёрлари Харкив области Чкаловске посёлкасини миналардан тозалаши акс этган. Бу бўлинмада аёллар ҳам хизмат қилади: Светлана Михайличенко ва Татяна Левицкая, иккиси ҳам — майор мақомида. Чкаловске 2022 йил февралидан сентябрга қадар Россия оккупацияси остида бўлган. Харкив областида яшовчилар айтишича, россиялик ҳарбийлар чекинаётганида ўз миналарини зарарсизлантирмаган, улар ҳақида маҳаллий аҳоли вакилларига маълум қилмаган ва миналанган участкалар харитасини қолдирмаган.
Мавзуга оид
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
15:13 / 21.12.2024