Ўзбекистон | 23:07 / 07.08.2024
4461
2 дақиқада ўқилади

“Яшил макон”: 1 млн кўчат қўшиб ёзилган, 580 мингтаси сувсиз ҳудудларга экилган — Бош прокуратура

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ишлар давомида 541 та ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов иштирокида АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилинган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов

Ҳаёт Шамсиддинов Бош прокурорнинг мамлакатимиз аҳолисига йўллаган мурожаатида қайд этилган масалалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар юзасидан маълумот бера туриб, экологик хавфсизликни таъминлаш, яшил маконларни кўпайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этган.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар аҳволи ўрганилганида, 541 та ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги, 580 мингтаси суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилганлиги ва 19 мингдан ортиқ кўчат ўз вақтида экилмаганлиги сабабли нобуд қилинганлиги аниқланиб, кескин чоралар кўрилди”, — деган Ҳаёт Шамсиддинов.

Аввалроқ бу ҳақида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев ҳам маълум қилган эди. Ўтаевга кўра, баҳор мавсумида 139 млн туп дарахт экилгани тўғрисида электрон платформага маълумот киритилган. Бироқ, 541 та ҳолатда амалда экилмаган бир миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган.

Шунингдек, 441 та ҳолатда 580 минг туп кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган. 35 та ҳолатда етказиб берилган кўчатлар ўз вақтида экилмагани сабабли 19 мингдан ортиқ кўчат нобуд қилинган.

Ўтаев берган маълумотларга кўра, шунингдек, 7232 та ноқонуний дарахт кесиш ҳолати аниқланиб, ҳар бир нобуд қилинган дарахт учун 100 туп кўчатни компенсация тарзида экиш мажбурияти юкланган.

Мавзуга оид