Жаҳон | 13:20 / 17.08.2024
7207
5 дақиқада ўқилади

Кирби: Россия фронтдан Курск яқинига «баъзи ресурсларни» юбормоқда

«Баъзи бўлинмаларни» ўтказиш Кремл Украинада шимоли-шарқий ва жанубий фронтларда операцияларни тўхтатганини англатмайди, деди АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати координатори CNN телеканалига.

Фото: AP

Россия Қуролли кучлари Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужумига қарамай, Украина шимоли-шарқи ва жанубида, хусусан Запорижжяда «фаол жанговар операцияларни» давом эттирмоқда. Бу ҳақда 15 август куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг (МХК) стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби CNN телеканалига маълум қилди

«Бизга аёнки, (Россия президенти Владимир) Путин ва россиялик ҳарбийлар баъзи ресурсларни, айрим бўлинмаларни Курск вилоятига ўтказмоқда», - дея таъкидлади Кирби. Бироқ, бу Кремл Украина шимоли-шарқи ва жанубидаги фронтларда операциялардан воз кечганини англатмайди, деди у. 

Курск вилоятини ҳимоя қилиш учун ҳар бири камида 1000 кишидан иборат бир нечта бригадалар фронтдан кўчирилган бўлиши мумкин, дея аниқлик киритди канал манбалари.

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони генерал Александр Сирский 12 август куни Украина тузилмалари Россия ҳудудининг 1000 квадрат километрга яқин ҳудудини назорат қилаётганини даъво қилганди. 

Москва Курск мудофаасини асосан тайёргарликдан ўтмаган ҳарбий хизматчилар билан мустаҳкамламоқда 

АҚШнинг юқори мартабали амалдори ва Европа разведкаси юқори мартабали вакили CNN телеканалига Киевнинг асосий мақсади Путин учун «стратегик дилеммалар» яратиш эканини айтди. Бироқ, қисқа муддатда бир неча минг кишини фронтдан чақириб олиш Россия Қуролли кучлари учун муаммо туғдирмайди, дея қўшимча қилди канал суҳбатдошлари. 

Ғарб разведкаси маълумотлари билан таниш бўлган бошқа икки манбага кўра, Россия Украинадан Курскка каттароқ, яхши тайёрланган бўлинмаларни кўчиришни режалаштирмаяпти. Суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, Москва Курск мудофаасини асосан Россия бошқа минтақаларидан келган, тайёргарликдан ўтмаган ҳарбий хизматчилар ҳисобига кучайтираётган кўринади. Россия Федерацияси, шунингдек, Ленинград ҳарбий округи ва Калининград ҳарбийларини минтақага юборди, дея аниқлик киритди CNN.

«Биз ҳозирча жиддий қўшинлар юборилганини кўрмадик, ва бу жараён эндигина бошлангани учун содир бўлмоқдами ёки улар бунга шунчаки кучлари йўқми, буни аниқ айта олмаймиз», — деб таъкидлади телеканал манбаси. 

Разведка маълумотлари билан таниш бўлган америкалик ва ғарблик расмийлар Украина Россия ҳудудини Курск вилоятида узоқ вақт ушлаб тура олмаслиги тўғрисида огоҳлантирган.

Шу билан бирга, расмийлар Курскка энг тажрибали тузилмаларини юборган Киев ўз фронтини заифлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирди, Москва эса бундан фойдаланиши мумкин. «Уларни (Украина кучларини) фронт чизиғидан чалғитиш Россияга фойда беради ва ёриб ўтиш имкониятини яратади», — дея қўшимча қилди манба. 

The Economist: Киев Россия қўшинларининг Курскка кенг кўламда ўтказилишини кутганди 

Россия Харкив фронтидан Курск областига қўшинларни ўтказди, бироқ асосий, Донбасс йўналишидан у ерга Киев хоҳлаганидан анча кам куч юборилди. Бу ҳақда Британиянинг The Economist нашри 11 август куни манбаларга таяниб хабар берди. 

«Уларнинг (Россия) қўмондонлари - аҳмоқ эмас», деди Украина Бош штабидаги манба. «Улар қўшинларни ҳаракатлантирмоқда, лекин биз хоҳлаганчалик тез эмас. Улар билишадики, биз логистикани 80 ёки 100 кмдан ортиқ масофага чўзишимиз мумкин эмас», - дея қўшимча қилди у. 

The Economist суҳбатдоши Курск йўналишидаги динамикани Украинанинг 2022 йил охирида Харкив области катта қисмини қайтариш бўйича муваффақиятли операцияси билан солиштирмасликка чақирди. «Хавф шундаки, биз тузоққа тушиб қоламиз ва Россия тишимизни синдиради», - дея қўшимча қилди у. 

Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужуми 

Украина Қуролли кучлари 6 августдан бери Россия Федерациясининг Курск вилоятида кенг кўламли ҳужумни амалга оширмоқда. 9 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Курск губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 12 август куни 120 мингдан ортиқ одам эвакуация қилингани ёки ҳудудни тарк этганини айтди.

11 август ҳолатига кўра, «Лиза Алерт» қидирув гуруҳи ҳудуддаги жанговар зонада жойлашган аҳоли пунктларида одамларни қидириш бўйича камида 200 та мурожаат олган. 

Айни пайтда, «7х7» нашрининг хабар беришича, «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги «Суджа – Одамларни қидириш» гуруҳи интернетнинг Россия сегментида Бош прокуратура томонидан блокланган. У бошқа IP-манзилларда мавжуд. 

Мавзуга оид