Трамп Ҳаррисни қўллашини билдирган Путиннинг сўзларидан «қаттиқ ранжигани»ни айтди
Трамп Путинни Ҳаррисни қўллаши ҳақидаги сўзлари учун шахматчи деб атаган. Вашингтон Москвани республикачилар томонда туриб сайловга аралашишда гумонламоқда, Кремл бу каби айбловларни инкор этмоқда.
АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп унинг Демократик партиядан бўлган рақиби Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлашини айтган Владимир Путиннинг сўзларига иккинчи бор муносабат билдирди.
«Мен Путинни биламан, уни яхши танийман. Шу кунларда у Камалани қўллади. Мени бу жуда ранжитди. Қизиқ, у Камалани нима учун қўллади экан. Йўқ, у шахмат ўйинчиси. Бундан хафа бўлишим керакми? Ўйлайманки, бу гапни у юзида кулги билан айтган бўлиши мумкин, мен билмайман. Жин урсин, буни ким билади», — деган Трамп Висконсин штатидаги сайловолди митингида.
Трамп «тарихда ҳеч ким» у президент бўлганида қилгани каби
Россияга нисбатан қаттиққўл муносабатда бўлмаганини айтган ва «буни ҳаммадан ҳам яхшироқ биладиган одам —Владимир Путин» эканини таъкидлаган.
Владимир Путин 5 сентябр куни Шарқий иқтисодий форум ялпи мажлисидаги чиқиши чоғида Россия ҳукумати учун АҚШдаги сайловларда Камала Ҳаррис ғалаба қозониши Трампнинг ғалабасидан афзалроқ эканини айтди. «Бизнинг фаворит, агар шундай дейиш мумкин бўлса, амалдаги президент, жаноб [Жо] Байден эди. Аммо уни пойгадан олишди, у барча тарафдорларига [вице-президент Камала] Ҳаррис хоним номзодини қўллаб-қувватлашни тавсия қилди. Биз ҳам шундай қиламиз», — деганди Путин жилмайиб.
Путин унинг «табассуми юқумли» экани, бу эса унда «барчаси яхши»лигини англатишини айтган. Россия президенти фикрича, шунинг учун Ҳаррис янги санкциялар қўллашдан тийилиши мумкин.
Трамп бу сўзларга кейинги куниёқ муносабат билдирганди. «Бу борада нима дейишни билмайман. У мени ҳақоратладими ёки яхшилик қилдими, мен буни билмайман», — деганди АҚШ президентлигига номзод ўз сайловолди митингида.
Оқ уйдагилар Россия томонидан сайловлар борасида фикр билдириш ҳамда аралашувдан тийилишни сўраган.
Кремл Путин суҳбат модератори саволига жавоб қайтаргани ва бу мавзу устувор эмаслигини билдириб, аралашув ҳақидаги айбловларни рад этган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Путиннинг Ҳаррис ҳақида гапиргандаги оҳангини «хориждаги бундан манфаатдор томонлар тушунишга ҳаракат қилиши лозимлиги»ни айтган.
- АҚШ президентлиги учун сайловлар икки ойдан кейин, ноябр ойи бошида ўтказилади. 10 сентябр куни номзодларнинг илк дебатлари ўтказилиши белгиланган. Бу дебатлар Трамп учун еттинчи, Ҳаррис учун эса биринчиси бўлади. Июн ойи охирида ўтказилган дебатда Демократик партия номидан қатнашган Жо Байденнинг чиқиши муваффақиятсиз бўлган ва бу алалоқибат унинг сайловни тарк этишига олиб келганди.
- Сўнгги сўровлар натижаларига кўра, Ҳаррис Трампдан бироз ўзиб кетмоқда: 44,2 фоизга қарши 47,3 фоиз.
Мавзуга оид
09:53
Гренландия бош вазири Трампнинг оролни АҚШга сотиш ғоясини рад этди
07:50
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
17:01 / 23.12.2024