Жаҳон | 14:50 / 11.09.2024
7001
3 дақиқада ўқилади

Тейлор Свифт сайловда Камала Ҳаррисни қўллашини маълум қилди

Америкалик қўшиқчи Тейлор Свифт ноябрда ўтказиладиган президентлик сайловларида Камала Ҳаррисга овоз беришини маълум қилди.

У Ҳаррис ва республикачилар партияси номзоди Доналд Трамп ўртасидаги дебат якунланиши ортидан шундай баёнот берди.

«Мен 2024 йилги президентлик сайловларида ўз овозимни Камала Ҳаррис ва Тим Уолзга бераман», — дея ёзган у инстаграмда ва Ҳаррисни иқтидорли етакчи деб атаган.

«Мен ишонаманки, агар бизни тартибсизлик эмас, хотиржамлик бошқарса, кўпроқ нарсага эришишимиз мумкин», — дея қўшимча қилган қўшиқчи.

У бундай очиқ баёнот бериш қарорига келишига Доналд Трамп эълон қилган, сунъий интеллект орқали ясалган фотосурат туртки бўлганини айтган. Унда Свифт гўёки республикачиларни қўллаши кўрсатилганди.

«Бу менда AI (сунъий интеллект) ҳамда дезинформация тарқалиши хавфи бўйича қўрқувни оширди. Натижада бу сайловлар борасида ҳақиқий режаларимни ошкор этишим керак деган хулосага келдим», — дея ёзган у.

У постга мушук билан тушган фотосуратини илова қилган ва унинг остига «фарзандсиз мушук бекаси» деб ёзган, у бу орқали республикачилар вице-президенти Жжей Ди Вэнснинг сўзларига ишора қилган.

Вэнс 2021 йилги видеоси туфайли танқидга учраганди, ўшанда у бир қатор нуфузли демократлар, жумладан Ҳаррисни «бахтсиз ҳаёт кечирувчи, фарзандсиз мушук бекалари» деб атаганди.

Свифт — Ҳаррисни қўллашини очиқ эълон қилган таниқли шахсларнинг навбатдагиси бўлди. Бунга қадар қўшиқчилар Жон Ледженд ва Оливия Родриго, актёр Жорж Клуни ва режиссёр Спайк Ли демократлар номзодини қўллаб чиққанди.

Собиқ рестлер Ҳалк Ҳоган, телеюлдуз Эмбер Роуз ва миллиардер Илон Маск эса Доналд Трампга овоз беришини маълум қилган.

Бу Тейлор Свифт илк бор Демократик партия номзодини қўллаши эмас. 2018 йилда у конгресс учун оралиқ сайловларда Демократик партияни қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Бундан ташқари, 2020 йилда президентлик сайловларида Жо Байденга овоз беришини билдирганди.

Мавзуга оид