Жаҳон | 21:01 / 23.09.2024
3695
2 дақиқада ўқилади

Одамларнинг 1 фоизи деярли барча аҳолидан бойроқ экани маълум бўлди

Ер аҳолисининг атиги 1 фоизи сайёрадаги 95 фоиз одамнинг умумий бойлигидан кўпроқ бойликка эга.

Фото: Getty Images

Бутунжаҳон нотенгликка қарши кураш ҳаракати Oxfam ҳисоботига кўра, энг бадавлат 3 минг оилага дунё Ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 13 фоизи тўғри келади. Бу миқдор 14 триллион долларни ташкил этади, гарчи 1987 йилда худди шундай оилалар атиги 3 фоиз ЯИМ эгаси бўлган.

Таҳлил Швейцариянинг UBS глобал молиявий холдинги маълумотлари асосида БМТ йиллик муҳокамаси олдидан ўтказилган. Ҳисоботда, шунингдек, «Глобал жануб давлатлари» (Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси) дунё бойлигининг атиги 31 фоизига эгалик қилиши таъкидланган, гарчи бу ҳудудларда дунё аҳолисининг 79 фоизи истиқомат қилса-да.

Йирик комапнияларнинг 1 фоизи глобал молиявий активларнинг деярли ярмига (43 фоиз) эгалик қилади.

«Сўнгги йилларда ўта бой ва қудратли корпорациялар ўз улкан таъсиридан фойдаланиб, солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш ва Covid-19 вакциналарини дунёга беғараз тақдим этиш каби йирик глобал муаммоларни ҳал қилиш ҳаракатларига путур етказишди», деди Oxfam ижрочи директори Амитабх Беҳар.

Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда йирик фармацевтика компаниялари Covid-19 вакцина технологияси бўйича монополияларини бузиш ҳаракатларига қаршилик кўрсатди. Вакцина ишлаб чиқариш устидан монополия назорати пандемия даврида жуда даромадли бўлди.

Ҳисоботда айтилишича, биргина 2021 йилда еттита йирик ишлаб чиқарувчи Covid-19 вакциналарини сотишдан тахминан 50 миллиард доллар соф фойда олди, бу акциядорларга катта даромад келтирди ва янги «вакцина» миллиардерларининг пайдо бўлишига олиб келди.

Мавзуга оид