Жаҳон | 16:17 / 04.10.2024
14291
2 дақиқада ўқилади

Ярим асрда биринчи марта: Сингапурда собиқ вазир пора олгани учун қамалди

Вазир билан боғлиқ ҳодиса Сингапурни ларзага солди. Мамлакат коррупциядан холи давлатлар қаторида кўп йиллардан буён етакчи ўринларни эгаллаб келади.

Фото: Reuters

Сингапурда коррупция бўйича шов-шувли иш якунланди. Собиқ транспорт вазири Субраманиам Исваран 12 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ўтган ҳафта Исваран тўртта модда бўйича айбига иқрор бўлди. Шундан учтаси 280 000 долларлик пора билан боғлиқ. Хусусан собиқ вазир футбол бўйича Англия Премер лигаси ўйинлари ва Лондондаги Вест-Энд театрига чипталар, хусусий самолётда саёҳат, Бромптон люкс велосипеди ва Сингапурдаги Формула 1 Гран-присига чипта кўринишидаги қимматбаҳо совғалар олган.

Яна бир айблов одил судловга тўсқинлик қилиш билан боғлиқ.

Исваран ўтган йилнинг июлида қамоққа олинганди, сўнг гаров эвазига қўйил юборилди. Январ ойида прокуратура унга порахўрлик ва коррупция билан боғлиқ 27 та айблов қўйди. Исваран истеъфога чиқди, лекин айбловларни рад этди. Кейинчалик у йирик бизнесмен Он Бен Сендан пул ва маҳаллий компания директоридан совға олганини тан олди.

Прокуратура уни олти ойдан етти ойгача озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди. Суд эса қаттиқроқ ҳукм чиқарди.

13 йил Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган Исваран билан боғлиқ ҳодиса ўз ҳукуматини коррупциядан холи деб ҳисоблайдиган Сингапурни ларзага солди. Шаҳар-давлат мунтазам равишда дунёдаги энг кам коррупсиялашган мамлакатлар ўнталигидан жой олиб келади. Шунингдек, у Осиёдаги коррупциясиз давлатлар қаторида етакчи ўринни эгаллайди.

Исваран ярим аср ичида порахўрлик айби билан терговга тортилган биринчи вазир бўлди. Бундан олдинги ўхшаш ҳолат 1986 йилда юз берганди: ўшанда миллий тараққиёт вазири Тех Чэан Ван коррупцияда гумонланган. Бироқ унга расман айблов қўйишга улгуришмаган, чунки у ўз жонига қасд қилганди.

Мавзуга оид