Жаҳон | 16:21 / 06.10.2024
40781
15 дақиқада ўқилади

Урушда немислар томонида туриб жанг қилган сотқин гуруҳлар

Бугун Иккинчи жаҳон урушида сотқинлик қилганлар ҳақида гап кетса кўпчилик генерал Власовни эслайди. Бироқ сотқинлик қилган биргина генерал Власов ва унинг армияси эмасди.

Фото: Kun.uz

Ўша пайтда немислар томонига ўтиб кетган ёки улар томонида туриб совет армиясига қарши жанг қилганлар сони анча кўп эди.

Расмий маълумотларга кўра сотқинлик қилиб немислар томонига ўтиб кетганлар энг кўп СССР (асосан руслар) ва Франция фуқаролари бўлган.

Немислар СССРга бостириб киргач турли йилларда йигирмадан ошиқ турли гуруҳлар улар томонида туриб жанг қилган. Бу гуруҳларнинг қўмондонлари ва жангчилари асосан совет фуқароларидан иборат бўлган.

Жумладан:

  • Россия озодлик армияси (РОА) (генерал Власов бошчилигида);
  • Россия озодлик халқ армияси (Бранислав Каминский бошчилигида);
  • Россия халқларини озод қилиш комитети (КОНР);
  • Россия миллий-социалистлар меҳнат партияси (Константин Воскобойник бошчилигида);
  • Болшивизмга қарши курашиш иттифоқи (Михаил Октан бошчилигида);
  • 29-кўнгилли пиёдалар «РОНА» дивизияси;
  • Вермахтнинг 9-рус отряди;
  • «Шелон» рус баталиони;
  • Муравёв баталиони;
  • 29 ва 30-кўнгилли пиёдалар дивизиялари (Буларга немислар бошчилик қилган;
  • Рус миллатчиларининг жанговор иттифоқи (подполковник Владимир Гил бошчилигида);
  • «Варяг» кўнгиллилар отряди;
  • «Десна» кўнгиллилар полки;
  • Болшивизмга қарши кураш сиёсий маркази (Иван Бессонов бошчилигида);
  • «Дружина» рус миллий бригадаси (Гиля Радионов бошчилигида);
  • Рус миллий халқ армияси (бир неча киши қўмондонлик қилган);
  • «Руссланд» дивизияси (Борис Смисловский бошчилигида);
  • Рус корпуси (бир неча киши қўмондонлик қилган);
  • Казаклар дивизияси (қўмондонлар немислардан бўлган:
  • Казак қўшинлари бош бошқармаси (атаман Петр Краснов бошчилигида);
  • Цеппелин ташкилоти (немислар бошқарган);
  • «Хиви» кўнгиллилар армияси (немислар бошқарган) совет армиясига қарши жангларда қатнашган.

Юқорида номлари келтирилган гуруҳларнинг аксарияти Иккинчи жаҳон уруши бошлангандан сўнг сотқинлик қилган инсонлар томонидан ташкил этилган.

Россия озодлик армияси қўмондони генерал Власов (чапдан иккинчи) қўл остидаги ҳарбийлар билан
spiegel.de

Айримлари Россияда октябр тўнтариши амалга оширилгандан сўнг фуқаролар уруши ёки коллективлаштириш даврида Европага қочиб кетган рус муҳожирлари томонидан тузилган.

Шунингдек, рус сотқинлари томонидан йигирмага яқин сиёсий партиялар тузилган. Бутунроссия миллий партияси, Россия халқларини озод қилиш комитети, Рус ёшлари миллий ҳаракати, Россия фашистлар партияси, Рус миллий меҳнат партияси кабилар шулар жумласидан эди.

Бундан ташқари, иккинчи жаҳон уруши пайтида руслардан ташқил топган гуруҳ Япония империясининг Квантун армияси сафида туриб ҳам жанг қилган. Бу гуруҳнинг номи «Асано бригадаси» бўлган.

Сотқинликнинг бошланиши

1941 йил 22 июн куни Германия армияси СССРга бостириб киради ва бир неча ойда мамлакат ғарбида жойлашган Молдавия (бу ҳудуд 1940 йилда Руминиядан тортиб олинганди), Украина, Беларус, Болтиқбўйи республикалари, Карелия, Мурманск ва Архенгелск томонларни босиб олади.

Шундан сўнг немислар асир тушган совет жангчиларидан ва босиб олинган ҳудудлар аҳолисидан Германия фойдасига хизмат қиладиган ва урушларда қатнашадиган бўлинмалар туза бошлашади.

Ана шундай гуруҳлардан биринчиси 1941 йил август ойида Велиж шаҳрида (Бу шаҳар Смоленск областида жойлашган) ташкил этилади. Бу отрядни жангларнинг бирида асир тушган ва немислар учун хизмат қилиш истагини билдирган капитан Заустинский тузган эди.

1942 йил бошларида немислар Москва остонасига етиб келган, СССРнинг ғарбий қисми тўлиқ босиб олинган эди. Бўлиб ўтган жангларда кўплаб аскарлар асирга олинганди.

Ўша пайтда немислар зўр бериб асирларни ва босиб олинган ҳудудлар аҳолисини «Улуғ Германия»га хизмат қилишга тарғиб қилади.

Тарғибот бирмунча натижа беради ва 1942 йил баҳоргача асосан руслардан ташкил топган жуда кўп жанговар гуруҳлар ва хўжалик ишларида ёрдам берувчи кўнгиллилар ташкилотлари тузилади.

Жумладан, биринчи баталион Смоленскдаги немислар маркази қошида ташкил этилади. Кейинчалик бошқа ҳарбий бўлинмалар тузилади. Улар орасида энг йириги генерал Власов бошчилик қилган Россия озодлик армияси (РОА) эди.

Генерал Власов қўл остидаги жангчи билан
alamy.com

Генерал Власовнинг сотқинга айланиши ва РОАнинг тузилиши

1942 йил ёзда немислар муҳим бир муваффақиятни қўлга киритишади. Ўша йили июн ойида Волховск фронтида немисларга қарши жанг қилаётган генерал Власов бошчилигидаги армия қуршаб олинади.

Ўшанда Власовнинг олдида иккита йўл бор эди. Бири душманга қарши мардонавор жанг қилиш. Бунда генерал ва унинг қўл остидагиларни оғир жанглар ва йўқотишлар, балки муқаррар ўлим кутаётганди.

Иккинчиси қуршовдан четда қолаётган тор йўлак орқали ортга чекиниш. Бунда йўқотишлар камроқ бўлиши ва асосий армия хавфсиз жойга чекиниши мумкин эди.

Ана шу жойда Власов мутлақо кутилмаганда учинчи йўлни танлайди. Унинг буйруғи билан жангчилар душманга қаршилик кўрсатмайди ва 1942 йил 11 июл куни генерал бошчилигидаги армия немисларга таслим бўлади.

Асирлар Винницадаги ҳарбий асирлар лагерига жойлаштирилади. Дастлабки сўроқдаёқ немислар Власовга Россия озодлик армиясига (РОА) қўмондонлик қилишни таклиф этади, у рози бўлади.

Немислар Власовга урушда ғалаба қозонганларидан сўнг Россияда янги давлат барпо этишларини ва генералга бош қўмондонлик вазифасини топширишларини айтишади.

Шундан сўнг Власов ўзи билан асирга тушган жангчиларнинг бир қисмини РОА таркибига ўтишга кўндиради. Шунингдек, РОА сафига бошқа жойларда асирга тушган совет ҳарбийлар ҳам қўшилади. Натижада Власов қўл остида йирик армия жамланади.

Генерал Власов бошчилигидаги Россия озодлик армияси байроғи ва формаси
slashdot.org

Турли маълумотларга кўра, Власов қўмондонлик қилган РОА таркибида ҳарбий асирлардан иборат 200 минг нафаргача жангчи бўлган ва улар совет армиясига қарши жангларда актив қатнашган.

Уруш охирроқларида генерал Власов совет жангчилари томонидан асирга олинади ва Москвага олиб келинади. Сўнг суд ҳукми билан ўлим жазосига ҳукм қилинади. 1946 йилда ҳукм ижро этилади ва генерал Власов осиб ўлдириш йўли билан қатл қилинади.

Рус халқ озодлик армияси ва ССнинг 1-рус дивизияси

Рус халқ озодлик армиясига (РОНА, кейинчалик у 1-рус кўнгилли пиёдалар дивизияси деб номланган) Бронислав Каминский бошчилик қилган.

Аввалдан советларнинг коллективлаштириш ҳаракатига қарши чиққан Бронислав Каминский урушгача бир неча марта қамалиб чиққан ва сургун қилинганди.

Уруш бошланган пайтда у Брянск областида жойлашган Локот шаҳарчасида жойлашган корхонада ишларди. Ўша пайтларда у бир муддат НКВДга жосуслик ҳам қилган.

1941 йилда куз фасли бошларида Локотни немислар эгаллагач Каминский дарҳол фашистлар томонига ўтиб кетади.

Немислар у ерда Локот Республикаси тузилганини эълон қилишади. Кўп ўтмай Каминский бу республика бургомистери бўлади ва сотқинлардан иборат армия тузиб, партизанларга қарши жанг қила бошлайди.

Бронислав Каминский
alamy.com

Каминский бошчилик қилган Рус халқ озодлик армияси таркибида турли маълумотларга кўра 8 мингдан 20 минггача одам бўлган ва уларнинг барчаси сотқинлардан иборат бўлган.

1944 йилда Каминский бригадаси ССнинг 1-рус кўнгилли пиёдалар дивизиясига айлантирилади.

Каминскийнинг ҳаёти ҳам аянчли тугайди. 1944 йилда урушда ютқазаётган немислар унинг бир пайтлар НКВД жосуси бўлганини эслаб қолишади. Улар Каминскийни сотқинликда айблаб ўлим жазосига ҳукм қилишади. Ҳукм 1944 йил 26 август куни ижро этилади ва сотқин капитан ўзининг раҳнамолари томонидан отиб ташланади.

Болшевизмга қарши кураш иттифоқи

1944 йилда Каминскийга жиддий рақобатчи пайдо бўлади. У болшевизмга қарши кураш иттифоқи раҳбари Михаил Октан эди.

Бу шахс аввалига генерал Власов раҳбарлик қилган РОА таркибида хизмат қилади ва советларга қарши жангларда қатнашади.

Сўнг немислар томонидан рус тилида чоп этилган бир нечта газетага бош муҳаррирлик қилиш билан бирга, фашистлар томонидан босиб олинган Орёл шаҳри бургомистери лавозимида ишлайди.

Михаил Октан болшевизмга қарши кураш иттифоқини 1944 йилда Беларуснинг Бобруйск шаҳрида эълон қилади.

Рус озодлик халқ армияси раҳбари Каминский ҳам, Октан ҳам ўз ҳарбий формаларига Георгий лентасини қадаб олишади. Каминский ўз армиясига бошқа миллат вакилларини ҳам қабул қилган. Октан эса ашаддий миллатчи бўлган ва қўл остидаги бўлинмаларга руслардан бошқаларни қўшмаган.

Михаил Октаннинг немислар мағлубиятидан кейинги ҳаёти ҳақида турли маълумотлар бор. Совет даврида Беларуснинг Гомел шаҳрида чоп этилган «Гомелская правда» газетасида Октан уруш тугаши арафасида қўлга тушгани ва СССРга олиб келиниб жазолангани ҳақида ёзган.

Бошқа манбаларда у 1945 йилда Берлинда бўлгани, уруш тугагандан сўнг ғарблик иттифоқчилар назорати остига ўтган Франкфурт-Майн шаҳрига кўчиб ўтгани ҳақида маълумот берилган. Унинг кейинги ҳаёти ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.

ССнинг 2-рус дивизияси

Немислар урушда ютқазар экан, 1944 йилда руслардан иборат яна бир дивизия ташкил этишади. ССнинг 2-рус кўнгилли пиёдалар дивизияси деб ном олади.

Бу дивизиянинг асосий қисми немислар қўл остидаги ҳудудларда Германия полициясига ёрдам берган сотқин шахслар эди. Немислар ортга чекинаётганда ўзларига ёрдам берганларни бирга олиб кетарди. Охир-оқибат улардан янги дивизия ташкил этилади.

Бошқа армия бўлинмаларидан фарқли равишда 2-рус дивизиясининг командирлари немисларнинг СС хизматидан эди.

Бу дивизия кўп ўтмай генерал Власов армияси ихтиёрига юборилади ва улар РОАга қўшилади.

Дивизия таркибида 75, 76, 77-пиёдалар полклари, артиллерия полки, танкка қарши қирувчи баталион, сапёрлар ва алоқа баталионлари бўлган.

Урушгача СССРни тарк этган муҳожирлар тузган ҳарбий бўлинмалар

«Руссланд» дивизияси. Бу дивизияни октябр тўнтаришидан кейин советлар ҳокимият тепасига келгач Россиядан чиқиб кетган муҳожирлар ташкил этганди. Дивизияга рус муҳожири, немислар генерал унвонини берган Борис Смисловский (Немислар уни Артур Холмстон деб аташган) раҳбарлик қилган.

Бу дивизия ҳам 1941 йилда тузилган. Власов дивизияни РОА таркибига қўшиб олиш учун бир неча бор ҳаракат қилади, лекин уддасидан чиқа олмайди. Дивизия жангчилари РОА таркибига ўтишга рози бўлмайди.

Рус корпуси. Бу корпус 1941 йилда Югославияда ташкил этилган. Урушгача бу давлатда кўплаб рус муҳожирлари яшаган. Немислар Югославияни босиб олгач у ерда Рус корпусини ташкил этишга қарор қилишади.

Корпусга генерал-майор Михаил Скородумов раҳбарлик қилган. Генерал қўл остидаги жангчиларга ўзи мустақил қўмондонлик қилишни хоҳларди ва бу масалада немислар билан келишмовчилик келиб чиқади.

Шундан сўнг у немислар томонидан ҳибсга олинади. Ўрнига бошқа бир рус муҳожири Борис Штейфон корпус қўмондони этиб тайинланади. 1944 йил декабр, 1945 йил январда Штейфон генерал Власов билан бир неча марта учрашади ва корпус РОА таркибига ўтади.

Казак бўлинмаси. Хорижда юрган муҳожирлар орасида кўплаб казаклар ҳам бўлган. Немислар СССРга ҳужум бошлагач улар ўз бўлинмасини ташкил этади. Бўлинмага муҳожирликда юрган казак атамани Петр Краснов қўмондонлик қилган.

Юқоридагилардан ташқари, казаклар яна бир нечта бўлинмалари бўлган ва уларга турли шахслар қўмондонлик қилган. Улар орасида ССнинг Казак кавалерия корпуси ҳам бор эди. Бундан ташқари, бошқа бир гуруҳ казаклар Казак қўшинлари бош бошқармаси деган бўлинмага йиғилганди.

Асано бригадаси. 1930-йиллар бошларида Япония Манжурияни босиб олади. Шундан сўнг бу ерда Манжурия республикаси ташкил этилади.

1938 йилга келиб Манжурия республикасида СССРдан қочиб кетганлардан иборат ҳарбий бригада тузилади. Унга япон армияси полковниги Асано Макото бошчилик қилади. Шу сабабли бригада «Асано бригадаси» деб ном олади.

1943 йилда японлар «Асано бригадаси»нинг номини Россия ҳарбий отряди деб ўзгартиришади ва унга россиялик майор А.Гукаев командир бўлади.

Бу бригада асосан хитойлик ва кореялик партизанларга қарши жанг қилади. Бригада 1945 йилда Япония сўзсиз таслим бўлгунча фаолият олиб боради.

Асано отряди жангчилари
lenta.ru

Хулоса ўрнида

СССР даврида юқорида номлари келтирилган сотқин бўлинмалар, корпуслар ва дивизиялар ҳақида умуман маълумот берилмаган. Ҳатто совет тузумида генерал Власовнинг сотқинлигини эслаш ҳам унча хушланмаган.

Бунинг асосий сабаби СССРда яшовчи юзлаб миллатлар онгига «руслардан сотқин чиқиши мумкинмас» деган тушунчани сингдириш эди.

1943 йилга ўтиб, фронтда ижобий натижалар қўлга киритила бошлангач шахсан Сталиннинг буйруғи билан қримтатарлар, месхети турклар, чечен-ингушлар, Волгабўйи немислари ва бошқа яна кўплаб миллатлар сотқинликда айбланиб ўз ватанидан қувиб чиқарилганди.

Ўша миллатлар ҳатто Сталин вафотидан кейин ҳам ўз ватанларига қайта олишмади. Улар СССР парчаланиб кетгандан сўнг юртларига бориб жойлашишди.

СССР бўйлаб миллионлаб инсонлар сотқинлик тамғаси остида ноҳақ юртидан қувилган ва бошқа ўлкаларда яшаб юрган пайтда рус сотқинлари ҳақида маълумот берилса бу кўплаб инсонларда норозилик кайфиятини уйғотиши аниқ эди.

Қолаверса, СССРда руслар ҳукмрон миллат эди. Рус тили барча республикаларда мажбурий давлат тили эди ва маҳаллий тиллардан устун қўйиларди.

Мактабларда, олий таълим муассасаларида фақат рус халқи тарихи ўқитиларди. Княз Владимир, Дмитрий Донской, император Петр 1, саркардалар Суворов ва Кутузовлар мақталарди. Бошқа миллатлар қаҳрамонлари, масалан Амир Темур кабилар қонхўр, ваҳший бўлган деб уқтириларди.

Ана шундай шароитда Иккинчи жаҳон уруши пайтида руслардан кўплаб сотқинлар чиққани айтилса бу рус халқининг «улуғ оға» мақомига жиддий путур етказарди.

СССР парчаланиб кетгандан сўнг архивлар очилди ва омма барча сотқинлар ҳақида хабар топди. Улар ҳақида тадқиқотлар ўтказилди. Қисқаси, тарих барчасига муносиб баҳо берди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид