Фицо Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқишини билдирди
Фицонинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш «русларни тиз чўктириш» учун «Ғарб томонидан қўллаб-қувватлангани» учунгина давом этмоқда.
Роберт Фицонинг айтишича, Словакия у бош вазир лавозимини эгаллаб турган пайтда Украинанинг НАТОга аъзолигига рози бўлмайди. «Мен партия раиси сифатида сиёсий назоратимда бўлган депутатларга ҳеч қачон Украинанинг НАТО аъзолигига рози бўлмаслигини буюраман», деди у 6 октябр, якшанба куни STVR телеканалига берган интервюсида.
Словакия бош вазири Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши эмаслигини, бироқ унинг Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлиши «учинчи жаҳон уруши учун асос бўлиб хизмат қилишини» айтди. Фицонинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш «русларни тиз чўктириш» мақсадида «Ғарб томонидан қўллаб-қувватлангани» учунгина давом этмоқда.
Ўз навбатида, Роберт Фицо интервюда 2025 йилда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан Москвага ташриф буюришни режалаштираётганини айтди. «Илтимос, русофобияга берилмайлик, биз Қизил Армия ёки собиқ Совет Иттифоқи ҳақида ижобий гапирганимизда, автоматик равишда Путиннинг қандайдир агенти, деб ўйлашни тўхтатиш керак», деди Словакия бош вазири.
Фицо урушдан кейин РФ билан муносабатларни тиклашни ёқлаб чиқди
Агар Украинадаги уруш Словакиянинг амалдаги ҳукумати мандати давомида, яъни 2027 йилгача якунланса, бу ЕИ мамлакати бош вазири Роберт Фицо Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги «иқтисодий ва нормал» муносабатларни тиклаш учун ҳамма нарсани қилиш ниятида. Фицонинг Словакия ва Украина ҳукуматлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар арафасида берган бу баёноти ҳақида 3 октябр куни Aktuality интернет нашри хабар берди.
«Европа Иттифоқига Россия Федерацияси керак, Россия Федерациясига, албатта, Европа Иттифоқи керак», деди Словакия бош вазири ҳукмрон коалициядаги партиялар вакиллари билан биргаликда матбуот анжуманида.
Роберт Фицо Словакия ва Украина муносабатлари ҳақида
Роберт Фицонинг сўзларига кўра, Словакия ҳукумати ҳам Украина билан дўстона муносабатлар ўрнатишдан жуда манфаатдор. Икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги 7 октябрга белгиланган музокараларда у Украинанинг хомашё транзитини таъминловчи давлат сифатидаги муҳим ролини муҳокама қилмоқчи, дея хабар беради нашр.
Россиянинг Украинага бостириб кириши давом этаётгани ҳақида гапирар экан, бош вазир ҳар қандай уруш музокаралар билан тугашини эслатди. «Ва биз Украина билан нормал, дўстона муносабатлардан жуда манфаатдормиз, шу билан бирга, бу фожиага чек қўймоқчимиз, чунки бу - барча учун фожиа», деди Роберт Фицо. У ҳозирги можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди деган сўзлар ҳақиқат, деб ҳисоблашини таъкидлади.
Мавзуга оид
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024