Жаҳон | 18:23 / 07.10.2024
12714
7 дақиқада ўқилади

Нобел мукофоти — бугунги кунда унга зарурат борми?

7 октябрдан “Нобел ҳафталиги” бошланди: физиология ва тиббиёт бўйича 2024 йилги Нобел мукофоти америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гери Равканга берилди. Айни пайтда мукофот ва унинг совриндорларини ҳал қилувчиларга қаратилган танқидлар кучаймоқда. Бунга сабаб нима?

Фото: Getty Images

1901 йилдан буён топшириб келинаётган халқаро Нобел мукофоти, шубҳасиз, илм-фан ва тараққиётни тарғиб қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, мукофот кашфиётлар аслида қандай ва кимлар томонидан амалга оширилгани ҳақида нотўғри тасаввур уйғотмаяпти? Совриндорлар асосан Ғарбий Европа ёки АҚШ вакиллари ва кўпинча эркаклар экани инобатга олинса, ғолибларни танлашда ҳаддан ташқари тарафкашлик қилинмаяптими, дейилади DW мақоласида.

Алфред Нобелнинг эзгу ғояси

Нобел мукофоти швед кимёгари, ихтирочи ва тадбиркор, 350 дан ортиқ халқаро даражадаги патент эгаси Алфред Нобелнинг васияти билан таъсис этилган. У отасининг шарофати билан яхши таълим олган. Алфреднинг отаси 1830 йиллар охирида Санкт-Петербургда бир нечта эритиш заводларига асос солган, шунингдек, буғ машиналари ва миналар ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Алфред Нобел кимё ва физикадан ташқари адабиётга ҳам жуда қизиқарди. Унинг бутун дунё бўйлаб олиб борган илмий тадқиқотлари ва тадбиркорлик фаолияти, шунингдек, Россиядаги қариндошларининг компанияларидаги улуши олимга улкан бойлик келтирди.

Тахминлардан бирига кўра, фарзандсиз Нобелни ўз миллионларини қандай тасарруф этиш ҳақида ўйлашга мажбур қилган воқеа 1888 йилда юз берган: француз газеталаридан бирида “Ўлим савдогари вафот этди” номли некролог чоп этилган. Ўшанда Алфред Нобелнинг акаси Алберт ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, журналистлар адашиб Алфред Нобелнинг ўлими ҳақида хабар тарқатишган. Хабарда, асосан, тадбиркорнинг бойлиги ҳақида сўз юритилганди: унинг бу қадар бойишига сабаб одамларни аввалгидан тезроқ ва кўпроқ ўлдириш усулини топганида, дейилади некрологда. Айнан шу пайтда Алфред Нобел келажак авлодлар хотирасида қандай из қолдириш ҳақида ўйлай бошлаган бўлиши мумкин.

Олим 1896 йилда 63 ёшида Сан-Ремодаги вилласида вафот этди. Нобел ўз васиятномасида деярли барча активлари махсус фондга ўтказилиши лозимлигини айтган. Бу фонд ҳар йили даромаддан олинган фоизларни тенг қисмларга бўлиши, инсониятга энг катта фойда келтирган шахсларга тўрт илмий йўналишда: физика, кимё, физиология ёки тиббиёт, адабиёт, шунингдек, тинчликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун мукофот сифатида мунтазам топшириб бориши керак эди.

Васиятномасида тушунтирилишича, тинчлик мукофоти халқларни бирлаштириш, мавжуд армияни тугатиш ёки қисқартириш бўйича энг катта ютуқларга эришган ёки бошқалардан кўра кўпроқ ҳисса қўшган, шунингдек тинчлик анжуманларини ташкил этган ёки уларга эътибор қаратган шахсга берилиши лозим. Таъкидлаш жоизки, тинчлик мукофоти лауреатини танлаш одатда экспертлар ва жамоатчилик орасида энг кўп саволларни келтириб чиқаради.

Тахминан 1 миллион еврога тенг миқдордаги Нобел мукофоти Нобел жамғармаси томонидан 1901 йилдан бери ҳар йили топшириб келинади.

2023 йилдаги мукофотлар

Умуман олганда, ўтган йили тиббиёт соҳасида COVID-19 га қарши самарали мРНК-вакциналарни ишлаб чиқиш имконини берган кашфиётлар эътироф этилди. Физика соҳасидаги мукофот материядаги электронлар ҳаракатини ўрганиш учун аттосекундли ёруғлик импульсларини ҳосил қиладиган тажрибавий усуллар учун берилди. Бу усуллар туфайли электрон микроскоплар ёрдамида янада самаралироқ кузатиш усулларини яратиш имконияти пайдо бўлади. Кимё соҳасида мукофот квант компютерларини яратишда қўллаш мумкин бўлган квант нуқталарини кашф этган ва синтез қилган олимларга топширилди.

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти норвегиялик драматург Юна Фоссега “сўзлаб бўлмайдиган нарсани ифода этувчи” пьесалари ва насрий асарлари учун берилди. Эронлик инсон ҳуқуқлари фаоли Наргиз Муҳаммадий аёллар зулмига қарши кураши, шунингдек, барча учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб қилгани учун тинчлик мукофотига сазовор бўлди.

2022 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Россия, Беларус ва Украинадан ҳуқуқ ҳимоячилари: “Мемориал” инсон ҳуқуқлари жамияти, Украинанинг Фуқаролик эркинликлари маркази жамоат ташкилоти ҳамда Беларуснинг “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази асосчиси Алес Белятскийга насиб этганди. 2021 йилда эса ушбу мукофотга Дмитрий Муратов ва Мария Рессе сазовор бўлган.

Нобел мукофоти “ёлғон тасаввурлар” учун танқид қилинмоқда

Шу билан бирга, сўнгги йилларда мутахассислар, журналистлар ва оддий фуқаролар номзодларни танлаш ва умуман мукофотларнинг фойдаси ҳақида тобора кўпроқ баҳслашмоқда. Хусусан, танқидчиларнинг таъкидлашича, баъзан кашфиётлар қандай амалга оширилиши ва бунга қанча меҳнат сарфланиши ҳақида нотўғри, ҳаддан ташқари соддалаштирилган тасаввур пайдо бўлиши мумкин.

Номзод ва мукофотга сазовор бўлган олимларнинг даҳолигига шубҳа қилмаган ҳолда, ҳатто энг буюк истеъдод эгалари ҳам илм-фанни якка ўзи ривожлантира олмаслиги таъкидланади. Илмий тараққиёт бутун дунё бўйлаб юзлаб тадқиқотчиларнинг ҳамкорлигини талаб қилади, чунки фан кўп тармоқли ва хилма-хил бўлиб, турли соҳаларни ўз ичига олади.

Айнан шунинг учун Нобел мукофотлари олимлар гуруҳлари ўртасида тез-тез тақсимлана бошлади. Ҳар бир совриндор ортида жараённинг юзлаб бошқа иштирокчилари: олимлар, ассистентлар, техник ходимлар бор, уларсиз жараённинг ўзи ҳам, унинг натижаси ҳам бўлмас эди. Бу одамларнинг аксарияти кенг жамоатчиликка маълум эмас, шу сабабли айрим олимларнинг хизматларини бўрттириб кўрсатиш тенденцияси мавжуд.

Бундан ташқари, танқидчилар лауреатларни танлаш қийинлиги ҳақида гапирмоқда. Замонавий, шиддат билан ўзгариб бораётган, доимий равишда кўплаб йирик ва муҳим кашфиётлар амалга оширилаётган дунёда қандай қилиб битта одамни танлаш мумкин?

Ғолибларнинг аксарияти — ғарблик эркаклар

Мукофот бошқа сабаблар учун ҳам танқидга учрамоқда. Ғолибларнинг аксарияти Ғарб илмий-тадқиқот институтлари вакилларидан иборат. Нобел мукофотини энг кўп АҚШ вакиллари қўлга киритган. Кейинги ўринларда Буюк Британия ва Германия туради. Франция ва Швеция етакчи бешликни якунлайди. Танқидчиларнинг фикрича, Нобел мукофотларининг давомий топширилиши тенгсизликни кучайтириши мумкин, чунки ғолибларнинг катта пул билан тақдирланиши ва эътироф этилиши эътибордан четда қолган, аммо худди шундай муҳим ва рақобатбардош иш билан шуғулланаётган олимларни қўллаб-қувватлашни камайтиради.

Гендер масаласи ҳам долзарб. Кўпгина танқидчилар лауреатлар орасида аёллар жуда камлигига эътибор қаратади. Нобел мукофоти таъсис этилганидан бери 64 нафар аёл мукофотга сазовор бўлган, бу барча лауреатларнинг етти фоизидан камроғини ташкил қилади.

Мавзуга оид