Хитойда математикани ўзлаштиришга қийналаётган болалар учун махсус клиника очилмоқда
Клиникада ўқувчиларни “даволаш” учун бошқа усуллар қаторида дори-дармон ҳам берилади.
8 октябр куни Хитойнинг Шанҳай шаҳрида жойлашган Болалар тиббиёт маркази негизида математикани тушунишда қийналаётган болалар учун махсус клиника очилади. У ерда ўқувчиларни “комплекс” усулда, жумладан дори воситалари ёрдамида “даволаш” кўзда тутилган. Бу ҳақда South China Morning Post маҳаллий ОАВга таяниб хабар бермоқда.
Клиникани Шанҳай Жиа Тонг университети ва Психология ва хулқ-атвор фанлари институтининг психиатрлар жамоаси бошқаради.
Мутахассисларнинг фикрича, математик масалаларни, айниқса, геометрияни ечишда фазовий фикрлаш қобилияти ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бу қобилият учун миянинг тепа қисми масъул ҳисобланади. Клиника вакиллари томонидан ҳавола қилинган тадқиқотлардан маълум бўлишича, геометрияни ўзлаштиришда қийналадиган ўқувчиларда миянинг тепа қисми пастроқ фаоллик кўрсатади.
Бундан ташқари, фазовий идрок ва тасаввур етишмовчилиги ўқувчиларнинг алгебра, физика ва кимё каби бошқа фанларни ўзлаштиришига таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.
Мутахассислар дори-дармонлар билан даволаш ва беморларнинг ота-оналари билан ишлашни ўз ичига олган комплекс ёндашувдан фойдаланиб, ўқувчиларнинг аниқ фанларни ўзлаштиришига ёрдам беришни ваъда қилмоқда. Клиникада дастлаб ташхис қўйилади ва мавзуни тушуниш билан боғлиқ муаммоларнинг сабаблари аниқланади, сўнг муолажа тайинланади.
Ҳар бир бемор учун битта қабул 316 юан (тахминан 45 доллар) туради. Шунингдек, математикани ўрганишда ёрдам олиш учун катталар ҳам мурожаат қилиши мумкин — клиникада ёш чегаралари йўқлиги таъкидланмоқда. Афтидан, марказ ҳали очилмасдан туриб оммалашишга улгурди: октябр ойи учун барча жойлар банд қилинган.
Аммо маҳаллий ўқитувчиларнинг ғайриоддий клиника очилишига муносабати турлича. Масалан, Шанҳай туманидан математика бўйича катта ўқитувчи Чан Зенг дастурни қўллаб-қувватлаб, агар тиббий таҳлил ёрдамида ўқувчиларнинг заиф фазовий фикрлаш сабаблари аниқланса ва тегишли тузатишлар киритилса, бу уларга билимларни яхшироқ ўзлаштиришга ёрдам беришини таъкидлади.
Исмини сир тутган бошқа ўқитувчи эса бу фикрга қўшилмайди. Унинг фикрича, математикани тушунишга физиологик омиллар таъсир қилмайди. Ўқитишдаги қийинчиликлар эса, масалан, фанни ўқитиш методикасининг самарасизлиги ёки ўқувчиларда қизиқишнинг йўқлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
17:07
Хитойнинг Ўзбекистон билан савдо айланмаси ҳажми камайди
23:24 / 23.12.2024
Хитойда мураккаб вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
11:25 / 23.12.2024